Get Mystery Box with random crypto!

Ҳимоя ордери талабларини бажармаган шахсларга маъмурий жавобга | YURISTKADR

Ҳимоя ордери талабларини бажармаган шахсларга маъмурий жавобгарлик кучайтирилиши мумкин.

Ички ишлар вазирлиги ҳам муҳим бир ҳужжат лойиҳасини, яъни Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206-1-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини
эълон қилди.

Маълумки, МЖтКнинг 206-1-моддасига асосан тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаган шахсларга, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилиши назарда тутилган.

Эълон қилинган қонун лойиҳасида юқоридаги “1 бараваридан 3 бараваригача” деган сўзларни “3 бараваридан 5 бараваригача” деган сўзлар билан алмаштириш таклиф этилмоқда.

Хўш, ҳимоя ордерининг ўзи нима?

Билсангиз, 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун бор. Шу қонунга кўра, ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи аёлга давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан бу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат ҳисобланади.

Ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан тазқий ва зўравонликдан жабр кўраётган аёлларга берилади. Ордернинг нусхаси шу аёлларга тазйиқ ва зўравонлик қилган ёки шунга мойиллиги бор бўлган зўравон “мускулист”ларга берилади.

Ҳимоя ордерини берган ички ишлар органи ходими зўравонга жабрдийда аёлни ҳимоялаш бўйича ордернинг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари ва зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантиради. Ҳамда ордер билан унга аёлга нисбатан бир қатор қарши ҳаракатлар қилишни чеклайди. “Қисиб юр” деган маънода, албатта.

Масалан, зўравоннинг жарбдийда билан ўзаро алоқасини таъқиқлаш, тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган тақдирда бундан жабр кўрган аёлнинг ҳамда ўша зўравоннинг бир хонада бирга бўлишини чеклаш кабиларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Ҳуллас, тушунган бўлсангиз, агар ана шу зўравон киши ҳимоя ордерида кўрсатилган талабларни бузса ёки уларга риоя қилмаса, МЖтКнинг 206-1-моддасида кўрсатилган жаримага ёки 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосига тортилиши мумкин.

ИИВ эса ўз таклифида, юқорида айтганимиздек, жазонинг жаримага оид қисмини янада кучайтиришни таклиф қилмоқда. Нима ҳам дердик, қўшиламиз.

@yuristkadr