Get Mystery Box with random crypto!

Айрим ҳурматсиз судьялар эътиборига! Афсуски, айрим фуқаролик | YURISTKADR

Айрим ҳурматсиз судьялар эътиборига!

Афсуски, айрим фуқаролик суди судьялари карантин вақтида меҳнат шартномаси асоссиз равишда бекор қилинган ходимларнинг ишга тиклаш ҳақидаги даъво талабларини даъво муддати ўтган деб, рад қилмоқда.

Тўғри, Меҳнат кодексининг 270-моддасига асосан ишга тиклаш низолари бўйича судга чиқиш муддати меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой, деб белгиланган.

Бироқ, Олий суд Пленумининг 2020 йил 28 апрелдаги “Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар жорий этилиши муносабати билан қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 08-сонли Қарори бекорга қабул қилинмади шекилли.

Мазкур Қарорнинг 3-бандига асосан, карантин амал қилиши даврида даъво муддати Фуқаролик кодекси 156-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларига асосан тўхтатилиши белгиланган.

Бунда агар карантин даъво муддатининг охирги 6 ойида жорий этилган ёки амал қилиши давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилиши назарда тутилган.

Яъни, ўтган 2020 йилнинг март ойидан карантин жорий этилдими, тамом, бу давр ичида даъво муддатининг ўтиши тўхтаб туриши керак ва даъво ишини кўраётган суд буни албатта эътиборга олиши шарт.

Бунда, дейлик 2020 йилнинг апрель ойида ишдан ноқонуний равишда бўшатилган ходим, ҳозирги – 2021 йилнинг февраль ойида ҳам ишга тиклаш бўйича судга даъво билан чиқа олиши керак. Чунки, карантин даври ҳали ҳам амалда, ахир.

Пленум қарорининг 3-банди давомида “даъво муддатининг тўхтатилишига асос бўлган карантин бекор қилинган кундан бошлаб даъво муддатининг ўтиши давом этади” дейилган.

Карантин даври Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорлари билан белгиланади ва расман бекор қилингунга қадар амал қилади.

Ҳозир, Махсус комиссия томонидан белгиланган карантин чоралари ва карантин даври расман бекор бўлгани йўқ.

Шундай экан, айрим ҳурматсиз судьялар, карантин даврида ноқонуний равишда ишдан бўшатилган ходимларнинг ҳуқуқларини нега яна баттар топтаяпсиз?!

@yuristkadr