Get Mystery Box with random crypto!

ТОЖИКИСТОНДАГИ ЎҚИШГА СЕССИЯДА ҚАТНАШИШ УЧУН БОРИЛГАНДА ИШ ҲАҚ | YURISTKADR

ТОЖИКИСТОНДАГИ ЎҚИШГА СЕССИЯДА ҚАТНАШИШ УЧУН БОРИЛГАНДА ИШ ҲАҚИ САҚЛАНМАЙДИМИ?

САВОЛ.
Ассалому-алайкум. Бизни туман ташкилотларимизда айрим ходимлар қўшни Тожикистондаги олий ўқув юртларида ўқишмоқда. Ҳозир шу ходимларимиз қишки сессияда қатнашиш учун Тожикистондаги ўқишга бориб келишмоқчи. Бу ходимларни ўша ўқишга юборилганлиги учун иш ҳақи сақланадими, ёки йўқми? Юқори ташкилотимиздагилар мумкин эмас деяпти.

ЖАВОБ.

Меҳнат кодексининг 256-моддасига асосан, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессиясида қатнашиш даврида ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ходимга қўшимча таътиллар берилади.

Бу қуйидаги тартиб бўйича амалга оширилади:
1.
Биринчи ва иккинчи курсда таълимнинг кечки шаклида олий ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида йигирма календарь кун, ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида ўн календарь кун, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганларга эса, ҳар йили камида ўттиз календарь кун;

2. Учинчи ва ундан кейинги курсда таълимнинг кечки шаклида олий ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида ўттиз календарь кун, ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида йигирма календарь кун, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганларга эса, ҳар йили камида қирқ календарь кун;

3. Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида битирув имтиҳонларини топшириш даврида камида ўттиз календарь кун; диплом лойиҳасини (ишини) тайёрлаш ва ёқлаш даврида олий ўқув юрти талабаларига тўрт ой, ўрта махсус ўқув юрти талабаларига эса икки ой муддат билан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътиллар берилади.

Айрим мутахассислар хориж мамлакатларидаги олий таълим муассасалари (ОТМлар)га юқоридаги қоидалар ва имтиёзлар тегишли эмас, деб ҳисоблайдилар.

Бунда, МКнинг 6-моддасига мувофиқ,Меҳнат кодекси Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади” деган қоидага асосланишади ва шунга кўра 256-модда Ўзбекистон ҳудудидаги ОТМларгагина тегишли деб фикр беришади.

Бу фикрга унчалик ҳам қўшилмаган бўлар эдим.

Бу ерда эътибор бериш керакки, гарчи ходим қўшни давлатдаги ОТМга ўқишга борсада, унинг иш жойи ва иш берувчиси барибир Ўзбекистонда бўлиб қолаверади. Яъни, ходим мисол учун, Тожикистонга бир ойга ўқишга кетса, унинг Ўзбекистондаги меҳнат муносабатлари Тожикистонга батамом “кўчиб” ўтиб кетмайдику.

Бу ҳуддики, ходимнинг чет эл мамлакатларига хизмат сафарига борганида ҳам, бу меҳнат муносабатларига Меҳнат кодекси қўлланилишига ўхшаш бўлган жараёндир.

Шунинг учун ҳам фикримча, биз кўриб чиқаётган вазиятга нисбатан Меҳнат кодексининг 256-моддасини қўллаш тўғри бўлади.

Бу борада, ҳамкасбларимизда бошқа асосли фикрлар бўлса, марҳамат, бемалол менга юборишлари мумкин, қабул қилишга тайёрман. Зеро, ҳар қандай соғлом мунозара фақатгина ижобий самара беради.

@yuristkadr