Get Mystery Box with random crypto!

3 ЁШГА ТЎЛМАГАН БОЛАСИ БОР АЁЛ ИШДАН 1 СОАТ ВАҚТЛИ КЕТИШИ КЕРА | YURISTKADR

3 ЁШГА ТЎЛМАГАН БОЛАСИ БОР АЁЛ ИШДАН 1 СОАТ ВАҚТЛИ КЕТИШИ КЕРАК.

САВОЛ.
Ассалому-алайкум, Саидали Мухторалиев. Мени фарзандим 2 ёшда, мен бюджет ташкилотида бухгалтер ёрдамчиси бўлиб ишлайман. Мени кунлик иш вақтим қанча бўлиши керак? Болам борлиги учун имтиёз бор деб эшитдим, шу тўғрими? Илтимос саволимга жавоб берсангиз.

ЖАВОБ.

Ўзи, Меҳнат кодексининг 115-моддасига биноан
нормал иш вақти ҳажми ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги лозим. Бунда, 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги керак. Ушбу иш вақти ҳажми нормал иш вақтига тегишли бўлган умумий талаблардир.

Мана энди, асосий қоидага аҳамият берамиз, МКнинг 228-1-моддасига асосан:

уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади;

иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган аёллар меҳнатига
ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.

Демак, 3 ёшга тўлмаган болангиз борлиги сабабли, иш вақтингиз хафтасига 35 соатдан ошмаслиги лозим. Бу бюджет ташкилотлари учун мажбурий талаб ҳисобланади.

Буни агар, 5 кунлик иш хафтаси бўйича ҳисоблайдиган бўлсак, кунлик иш вақтингиз 7 соатдан ошмаслиги лозим.

Яъни, масалан ишхонангизда 8 соатлик иш куни белгиланган бўлса ҳам, Сизга имтиёз сифатида 7 соатлик иш куни белгиланиб, ишни 1 соат олдин тугатиш ҳуқуқи берилиши зарур.

Ва, энг асосийси, МК 228-1-модданинг иккинчи қоидасига биноан, иш ҳақи ҳар кунги тўлиқ иш муддатига мос равишда, тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланиши лозим.

Яъни, иш ҳақингиз корхонада белгиланган кунлик 8 соатлик иш вақтига мувофиқ ҳолда, амалда камайтирилмаган миқдорда тўланиши керак.

Бу тўғрисида 1999 йил 14 апрелда қабул қилинган “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги Қонуннинг 1-бандида ҳам (ҳа, бу Қонунда айнан банд келтирилган, модда эмас) аниқ норма кўрсатиб ўтилган:

“3 ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгилансин”.

@yuristkadr