Get Mystery Box with random crypto!

Судьянинг ички ишончи ҳақида фикр. ФПКнинг 80-моддаси биринчи | YURISTKADR

Судьянинг ички ишончи ҳақида фикр.

ФПКнинг 80-моддаси биринчи қисмида “суд далилларга ишнинг ҳамма ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда, ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради” деган қоида бор.

Бундай қоида бошқа процессал кодексларда ҳам мавжуд, умуман ички ишончга қараб баҳо бериш судлар фаолиятига ҳос жараёндир.

Ички ишонч – инсоннинг муайян бир масала юзасидан эътиқод, қадриятлар ва виждонга асосланган ўз фикри, ҳаракати, позицияси ва танловининг тўғрилигига ишонган ҳолда ҳулоса қилишидир. Инсон ички ишонч асосида ҳаракат қилганида одатда виждонига, адолатга ҳамда ўзи тўғри ва муҳим деб ҳисоблаган муқаддас тамойилларга таянади. Бунинг маъноси шуки, судлар ишни кўриш чоғида ишга доир далилларга баҳо беришда, биринчи навбатда қонун ва қонуности ҳужжатларига, агар қайсидир далилга баҳо беришда қонун ёки қонуности ҳужжатларида аниқ нормалар кўрсатилмаган бўлса, демак бу қисмига ўзининг ички ишончидан келиб чиқиб баҳо беради. Судьянинг ички ишончи унинг адолати ва виждонидан юзага келади.

Масалан, ишга тиклаш ишларида даъво муддатини ўтказиб юборган фуқаронинг ўтказилган муддатни узрли деб топиш ва даъво муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномасини олайлик. Даъво муддатини ўтказиб юборишнинг узрли сабаблари ва уларнинг рўйҳати қонунчилик ҳужжатларида аниқ келтирилмаган. Демак, бу масалага судья ўзининг ички ишончидан келиб чиқиб баҳо бериши тушунарли. Даъвогар фуқаро орада яқин кишиси, масалан, турмуш ўртоғи оғир касалликка учрагани, бу ташвиш натижасида ишга тикланиш ҳақида ўйлашга вақт бўлмаганлиги сабабли ўз вақтида судга мурожаат қилолмаганлигини билдирди. Турмуш ўртоғининг соғлиғи ва уни даъволаш ишлари ҳақидаги ҳужжатларни судга тақдим этиб, даъво муддатини тиклашни сўради. Яна бир ҳолат, ходим прокуратура ёки меҳнат инспекциясига ишга тиклаш масаласида мурожаат қилганлиги ва бу органларга ишониб қолганлиги ва шунга кўра судга ариза киритиш 2 ой кечикилганлигини билдирди. Судга ўзининг бу органларга қилган ёзма мурожаатларини тақдим этди.

Ишни кўраётган биринчи инстанция суди судьяси томонидан мазкур ҳолатларни узрли ёки узрсиз деб топиш унинг мутлақ ички ишончидан келиб чиқади. Мисол учун, бу важлар ва далилларга узрли сабаб сифатида баҳо бериб, даъво муддатини тикладими, тамом, бу борада судья ҳақ бўлади.

Биринчи ҳолатда яқин одамининг оғир касалликка чалингани ҳар қандай инсон учун энг асосий ташвиш ҳисобланади, қолган ташвишларга, жумладан, ходимнинг ўз ишидан айрилгани каби муаммоларга эътибор берилмай қолиши мантиқли. Ёки ходимнинг прокуратура, адлия ёки меҳнат инспекциясига ариза киритгани сабабли, уларга ишониб қолганлиги, унинг манфаатида судга айнан улар томонидан даъво киритилишини кутиб муддатни ўтказиб юборганлиги ҳам мантиқлидир. Ушбу икки ҳолатда ҳам ички ишончга таяниб узрли сабаб бўлган деб ҳулосага келиш адолатлидир.

Ва бундай ҳолатларда биринчи инстанция суди даъво муддатини тиклаб қарор чиқарганда, масаланинг айни шу даъво муддатига оид қисмида ҳеч қандай хатога йўл қўймаган бўлади.

Чунки бунда судья ўзининг ички ишончига ва ундаги адолат ҳамда виждон деган чақириқларга қулоқ тутган бўлади.

Ички ишонч масаласи судьядаги шахсий ва индивидуал фактор бўлиб, бир инсоннинг ишончига бошқа бир инсон дахл қилолмайди ёки ундан келиб чиққан ҳулосага хато ёки ноқонуний деб баҳо беролмайди.

@yuristkadr