Get Mystery Box with random crypto!

Уй ишчиларини ишга қабул қилиш. Бизда 99 фоиз, йўқ, 100 фоиз | YURISTKADR

Уй ишчиларини ишга қабул қилиш.

Бизда 99 фоиз, йўқ, 100 фоиз ҳам деяверайлик, уш ишчилари билан ҳеч қандай ҳужжат, масалан, меҳнат шартномаси тузилмайди. Аслида улар ҳам ёлланиб ишловчи ва ўз иши учун иш ҳақи олувчи шахслардир. Ҳозирги Меҳнат кодекси бўйича уй ишчиларини ишга қабул қилиш ҳам расмийлаштирилиши керак.

Амалдаги Меҳнат кодексидан келиб чиқиб, уй ишчилари кимлар деган саволга жавоб берсак.

Меҳнат кодекси 514-моддаси 1-қисмига кўра, иш берувчи бўлган жисмоний шахсларга уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий эҳтиёжларини қаноатлантириш учун ишларни бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи 16 ёшга тўлган ходимлар (боғбонлар, энагалар, қоровуллар, оқсочлар, ҳайдовчилар ва бошқалар) уй ишчилари ҳисобланар экан.

Меҳнат кодекси 515-моддаси 1-қисмига мувофиқ, иш берувчи бўлган жисмоний шахс томонидан ёзма шаклда тузиладиган меҳнат шартномаси уй ишчиси билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар юзага келишига асос бўлади. Уй ишчиси билан иш берувчи бўлган жисмоний шахс ўртасида Меҳнат кодекси 113-моддаси мазмунига кўра, муддатли меҳнат шартномаси ёки номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузилиши мумкин.

Яъни, ушбу ҳолатда меҳнат шартномасини муддатли ёки номуайян муддатга тузиш иш берувчининг хоҳишига боғлиқ бўлиб қолади. Бунда иш берувчи жисмоний шахс томонидан ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилмайди. Ушбу меҳнат шартномаси иш берувчи тузилишидан аввал эса, иш берувчи ана шу тузиладиган меҳнат шартномасида қандай шартлар экс эттирилиши ҳақида ходимни аввалдан хабардор этиши лозим бўлади.

Уй ишчиси билан меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади ҳамда уларнинг бир нусхасини иш берувчи яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига тақдим этади, қолган икки нусхаси иш берувчи ва ходимда қолади.

Давлат солиқ хизмати органига ушбу меҳнат шартномаси нусхасини тақдим этиш орқали уй ишчиси солиқ тўловчи резидент сифатида рўйхатга олинади ҳамда Меҳнат кодекси 519-моддасига мувофиқ, ушбу уй ишчисига ишлаган даври учун меҳнат стажи ҳисобланади.

Кейин эътибор беринг, уй ишчиларига ҳам худди якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимлар қатори уларга ҳам меҳнат дафтарчалари юритилмайди.

Бундан ташқари, Меҳнат кодекси 518-модда 3-бандида, “ушбу Кодексда назарда тутилган асослардан ташқари, иш берувчи бўлган жисмоний шахс меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар бўйича уй ишчиси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир” деган қоидага мувофиқ, уй ишчиси билан тузиладиган меҳнат шартномасига меҳнат шартномасини бекор қилиш учун Меҳнат кодексидаги асослардан ташқари, яна қўшимча асосни киритиб қўйиш мумкин бўлар экан. Масалан, уй ишчиси ҳисобланган энага болага қараш давомида эътиборсизлик қилган ва бу қандайдир салбий оқибатларга олиб келган ҳолатларни.

Шунингдек, худди шу юқоридаги 518-модданинг 4-бандида эса, агар иш берувчи уй ишчиси билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодекси 161-модда 1-қисм 5-банди ( ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузиш) билан бекор қилишда, ушбу меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузиш рўйхатини ана шу тузиладиган меҳнат шартномасининг ичига ёки унга илова қилинган ҳолда киритиб қўйиши ҳам мумкин экан.

@yuristkadr