2022-10-10 07:07:17
#Сўраган_эдингиз
Педагог ходимлардан дарс таҳлили дафтарини талаб қилиш қанчалик тўғри?
#Савол
Мен мактаб директориман. Яқинда ҳудудий халқ талими бўлимида бўлиб ўтган йиғилишда мактаб педагог ходимлар томонидан дарс таҳлили дафтари юритилишини назоратга олиш лозимлиги айтилди. Мактаб раҳбар ходимлари ва ўқитувчилар ўзаро дарс кузатиш дафтарини юритишга мажбурми? Мутасаддилар томонидан бундай ҳужжатларнинг талаб қилиниши қанчалик тўғри?
#Жавоб
Тушунмовчиликлар бўлмаслиги ҳамда нима учун айрим мутасаддилар ўқитувчилардан ҳалигача ўзаро дарс кузатиш дафтарини талаб қилаётганликларини тушунтириб бериш учун, бу масалага тўлиқроқ ёндашишга ҳаракат қилдик.
Таълим муассасаларида ўқитувчиларнинг дарсларини таҳлил қилиш юзасидан Халқ таълими вазирлигининг 2010 йил 24 майдаги 122-сонли буйруғининг 2-иловасида “Умумтаълим муассасаларида дарсларни кузатиш ва таҳлил қилиш бўйича тартиб” белгилаб берилган бўлиб, унга кўра ўқув йили давомида ҳар ҳафтада ўқитувчилар томонидан камида 1 соат, мактаб раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими методистлари томонидан камида 1 соат, халқ таълими бошқаруви идоралари раҳбарлари томонидан камида 2 соат дарс таҳлил қилиниши лозимлиги белгилаб берилган эди.
2011 йилда эса Халқ таълими вазирлигининг “Дарс – муқаддас” тадбирини амалга ошириш бўйича услубий тавсиялари ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу тавсияда таълим муассасалари директорлари, уларнинг ўринбосарлари томонидан 4 соат, фан методбирлашма раҳбари томонидан 2 соат, ўқитувчилар томонидан 1 соат ўқитувчилар дарслари кузатилиши ва таҳлил қилиниши белгилаб берилганди.
Хулоса қилишга шошилманг!
Ҳақиқатдан ҳам педагог ходимлардан 2020 йилга қадар ўзаро дарс кузатиш дафтари талаб қилинган. 2020 йилга келиб ўқитувчилар жуда кўп қоғозбозликлардан озод қилинди. Шу қатори ўзаро дарс кузатиш дафтари юритиш тартиби ҳам бекор қилинган.
Адлия вазирлигидан 2020 йил 29 июнда 3058-1 сон билан рўйхатдан ўтказилган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га мувофиқ ўзаро дарс кузатиш дафтарини юритиш тартиби бекор қилинган.
Яъни, ушбу йўриқномага мувофиқ умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъиян тақиқланган.
Ўзаро дарс кузатиш ва таҳлил қилиш ўқитувчининг ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараёнга оид тадбирлар қаторига кириб, мазкур белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан педагог ходимлардан ҳисобот талаб қилинмайди ҳамда тадбирларни амалга оширишнинг вақт бўйича ҳисоби юритилмайди.
Шундай экан педагог ходимлардан ўзаро дарс кузатиш дафтарини талаб қилиш мутлақо нотўғри.
Дарсларни таҳлил қилиш ўқитувчилар томонидан ихтиёрий равишда амалга ошириладиган жараён ҳисобланиб, бунинг учун улардан ҳисобот талаб қилиш мумкин эмас.
https://t.me/ustozlar_uchun
931 views04:07