2020-12-27 20:01:33
НАФРАТЛАНТИРМАНГ!
Деярли ҳар йили янги йил байрами арафасида арча, қорбобо ва унга оид масалалар юзасидан жамоатчилик ўртасида тортишувлар бўлиб ўтади. Айрим инсонлар бу кунни динга боғлаб кескин фикрлар билдиради. Бошқалар бўлса унга бефарқ бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Хушхабар айтинг, қизиқтиринг, нафратлантирманг (бездирманг)!” деганлар» (Имом Бухорий).
Юқоридаги ҳадисдан келиб чиқадиган бўлсак, муттассиб бўлиш ҳар қандай ҳолатда ҳам Ислом динига ўзининг салбий таъсири ўтказиши асрлар давомида исботланиб келган ҳақиқатдир!
Ҳанафий мазҳабининг қолган мазҳабларга қараганда бутун дунёга кенг тарқалганининг асосий сабаби ҳам айнан унинг бағрикенглигидадир. Истаган одам ўзимизни мазҳабни бошқаси билан солиштириб кўрсин шунда унинг муваффақият сирини англаб етади.
Янги йил байрами ва ундаги қорбобо ҳамда қорқиз асосан ёш болаларнинг шоду хуррамлик куни ҳисобланади. Ёшлигимизни эслайлик! Нафақат қорбобо балки учар гилам, аждарҳо, ялмоғиз кампир ва бошқа шунга ўхшаш афсоналар мухлиси бўлганмиз. Эпос яъни тўқима афсоналар шайдоси эдик. Тўғрими?
Шундай экан, бу масалани кўтариб, муҳокама қилиб динга боғламаган маъқул. Қисқа муддатли беғубор болалик даврига ғубор солмайлик. Уларни қалбини ранжитиб қўймайлик.
Арчани безатиб унинг олдида ўйнаб турган фарзандларни дастурхон атрофига чорлаб Яратгандан тинчлик ва хотиржамликни сўрайлик! Бағрикенг бўлайлик!
@elmadad
4.8K views17:01