2022-06-30 16:23:52
#Такрорда_фойда_бор
Бугун Асосий қонун ўзгартирилаётган бир паллада нимагадир бундан 10 (ўн) йил бурун ёзган мулоҳазаларим эсга келди:
"Давлат халққа ўз иродасини зўрлаб сўқадиган ташкилот эмас, балки халқ иродасига кўра ишлайдиган, у иродани юзага чиқарадиган ташкилотдир.
Яъни, давлат халқнинг хизматкоридир.
Давлатни халқ тузади. Давлат тепасига бошлиқларни халқ келтиради. Чиқимини ҳам халқ кўтаради.
Ичидан лойиқларни топиб, танлаб-ажратиб, ўзига бошлиқ этиб сайлар ёки тайинлар экан, улар олдига жайдаричасига бундай шарт қўяди:
“Эй ўғлон, сени ўқитдик, етиштирдик, ўзимизга бош қилиб қўйдик. Бундан буён тирикчилигинг бизнинг бўйнимизда.
Энди сен бутун борлиғинг билан бизга хизмат қиласан: ички ва ташқи ишларимизни ҳар доим бизнинг хоҳиш-иродамиз ифодачиси ўлароқ юритасан. Бунинг учун сенга айрим ваколатлар берамиз.
Тарихан шаклланган одобларимиз, урф-одатларимиз доирасида руҳимизга мос қонун-қоида ва низом ишлаб чиқиб, ўшаларга суянган ҳолда бизни бошқарасан.
Чет давлатлар билан ҳам оқилона сиёсат юритасан, ҳамма билан яхши муомалада бўлиб, миллат ва мамлакатга фойдали битимлар тузасан.
Дўст орттирасан, душман орттирмайсан. Бордию бирон душман ватанимизга кўз олайтирса, мана ўғилларимиз, мана бойликларимиз, ўзинг бош бўлиб охирги томчи қонинг қолгунича юртимизни ҳимоя қиласан...
Биз ҳам бу ёқда қараб ўтирмаймиз: ҳаётимиз тўкис, давлатимиз кучли бўлиши учун тинмай ишлаймиз; ватанимиз тинчлиги ва тараққиёти йўлида жонимизни-молимизни тикамиз!
Айни чоқда, биз сенинг ҳар қадамингни вакилларимиз орқали ҳар он кузатиб турамиз ‒ тўғри йўлдан сал оғсанг, тўғрилаб қўямиз, қинғирлик қила бошласанг, тартибга чақирамиз, бузилсанг, бошимиздан улоқтириб ташлаймиз.
Келишдикми?
Унда, қани, ишни бошла!” дейди.
Давлат ўзи шу. Давлат халққа ва ватанга хизмат қилади. У сиз билан биз етиштириб, танлаб, сайлаб қўйган вакилларимиз ва уларнинг иш ташкилотидир, холос. Бундан ортиқ эмас.
Халқ бирламчи, давлат иккиламчидир.
Халқ давлат учун эмас, давлат халқ учундир.
Халқ ва унинг иродаси давлатдан ва унинг иродасидан устувор.
Давлат эзувчи, босувчи, таловчи ташкилот эмас, балки халқ билан маслаҳатлашиб халқнинг хизматини қиладиган ташкилотдир!"
"БУ КУНЛАР" китоби 157-158-бетлар.
(2011 - 2013)
442 views13:23