Get Mystery Box with random crypto!

Бир нарсадан ҳайронман. Нимадан ҳайронлигимни икки йилча бурун | Nurulloh Muhammad Raufxon

Бир нарсадан ҳайронман.
Нимадан ҳайронлигимни икки йилча бурун ёзганман ҳам.
Яна ёзгим келди.
Чунки бу жуда жиддий масала. Миллатимиз ҳолига баҳо деса бўлади.

Бугун ўта жиддий бир мақола қўйдим. Назаримда, халқимизга жуда керакли, онгини ўстирадиган, дунёқарашини ўнглаб олса, жамиятимиз шунга яраша ўнгланадиган... хуллас, бугунимиз учун ўта долзарб мавзу эди. (Ҳарҳолда мен шундай ўйлайман.)

Лекин, мана, орадан етти соатча вақт ўтди. Ҳозиргача нечта одам ўқиганини билмайман. Юзтага етмаган одам ёқтирибди. Бор-йўғи тўққиз киши фикр билдирибди, етти мартагина улашилибди. Ҳолбуки, ожиз фикримча, кўплар ўқиши, қизғин муҳокама бўлиши, тортишилиши керак эди!

Кеча писта ва унга одамларнинг муносабати ҳақида кинояли енгил бир нарса ёздим. Худди ўртага бир мошин писта тўкиб қўйилгандек бирдан таламош бўлиб кетди. Ёқтирганлар ҳозиргача 775 (етти юз етмиш беш!) киши бўлди. Муҳокамада 100 (юз)дан ортиқ одам иштирок этди! 14 (ўн тўрт) марта улашилган! Демак, 1000 (минг)дан ортиқ одам ўқиди деб бемалол тахмин қилса бўлади!

У бир ҳазил эди. Муҳокама ҳам шу йўсин давом этган.
Бунақа гаплар ҳам керак, албатта. Оғир асаб босимларидан бир озгина дам олдиради одамни.

Мени ўйлантиргани - нимага одамларимиз бугунги мақолани ҳам шундай қизғин кутиб олмади?! Ҳаёти учун энг зарур бўлган масалаларга нимага бунча парвосиз?!

Унда давлат аслида нима экани содда, жайдари тилда тушунтирилган. Ахир, давлатни яқиндан танисак, уни устимиздаги бошқарув ташкилоти деб эмас, тагимиздаги хизмат ташкилоти деб билсак, унга нисбатан фикр ва тушунчаларимиз ижобий ва фойдали томонга кескин ўзгаради.
Қул эмаслигимизни, хўжайин эканимизни биламиз ва ўзимизни шундай ҳис эта бошлаймиз!
Ҳақимизни сўраб ялинмаймиз, балки талаб этамиз!
Унга ҳисоб бермаймиз, у бизга ҳисоб беради!
Керак бўлса, қаршимизга ўтирғизиб олиб, қаттиқ тергаймиз!
Бизнинг номимиздан қинғир ишлар қилишига йўл қўймаймиз!
Унинг чизган чизиғидан биз эмас, биз белгилаб берган Бош йўлдан у юради! Юрмаса, ишини муҳокамага қўямиз!..

Хуллас, ақлий, руҳий инқилоб юз беради. Ватандош (фуқаро)лик жамияти ана ўшанда шаклланади.
Ишонинг, у жамият бошқача бўлади!

Бунинг учун бор-йўғи давлатнинг асл моҳиятини таниб олишимиз керак, холос.