2022-09-30 17:04:37
Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғуновнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан
БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, қадрли ҳамкасблар!
Муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлар!
Мана, бир неча йиллардан буён мамлакатимизда 1 октябрь - Ўқитувчилар ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Бу байрам ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатлари, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини маърифат йўлида беминнат сарф этаётган устоз ва мураббийларимизга халқимизнинг юксак ҳурмат-эҳтиромининг рамзидир.
Мурғак қалбларга илмга муҳаббат туйғусини бахш этиб, фарзандларимиз йўлини эзгулик нури билан ёритаётган, ўз ўқувчилари, талабалари, шогирдларига билим ва маҳорат билан бирга юксак инсонийлик сабоғини ҳам бераётган мўътабар касб эгаларининг барчаларига бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин дейман!
Азиз ҳамкасблар!Сизларнинг бир соатлик сабоғингиз келажак учун қўйилган битта пойдевордир. Ёш авлодга билим ва тарбия бериш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтириш йўлидаги олижаноб меҳнатингиз ҳар қанча таҳсинларга муносиб.
Ҳаёт бошқа бирон касб бўлмаса, давом этиши мумкин. Бироқ ўқитувчилик касбини на ҳаётни, на жамиятни, на тараққиётни тасаввур этиб бўлмайди. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди. Шунинг учун ҳам Сизлардан таълим ва тарбия олган инсонлар ўзини олдингизда умрбод қарздор ҳис этади, миннатдорлигини такрор-такрор изҳор этиб чарчамайди.
Муҳтарам Президентимизнинг:
“Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди”, деган сўзлари замирида ҳам ана шундай юксак ҳурмат-эҳтиром ифодаси мужассам.
Бу сўзлар барчамизнинг қалбимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаши, шубҳасиз. Мен ҳам педагогик жамоадаги 700 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар, ёш мутахассислар – барча-барчангизнинг фидокорона ва заҳматли меҳнатларингизни, илм йўлидаги риёзатларингизни қалбан ҳис этаман, илмий салоҳиятингиз, қобилият ва изланишларингизни, муваффақиятларингизни юксак қадрлайман.
Ҳурматли устоз ва мураббийлар!Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонаман.
Барчангизни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклайман. Сизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг!
Байрамингиз муборак бўлсин!
5.5K views14:04