2022-02-12 17:19:56
Сенат 2.0 version
Парламент назоратини Сенат амалга оширади. Қонунга кўра, Сенат мажлислари йилига камида 3 марта ўтказилади. Яъни 3 марта мажлис қилса тамом, "план" тўлади. Бироқ айни вақтда Сенатимизнинг жонланаётган жараёнини кузатиш мумкин. Ҳар ой ялпи мажлис ўтказишга ўтишди. Яхши тенденция. Бу бир.
Иккинчиси, менга Сенат раиси Танзила Норбоеванинг хати келиб тушди. Хат маҳаллий кенгашларга чиқарилган. Биламиз, солиқ сиёсати яхшигина муҳокамаларга сабаб бўляпти. Тадбиркорларга юкланган солиқ эртага истеъмолчи - халқнинг бўйнига тушади. Халқнинг вакиллари маҳаллий кенгашларда ўтирибди. Хат мазмуни айнан солиқ сиёсатидаги енгилликни амалиётда қўллаш бўйича маҳаллий кенгашларга кўрсатма берилгани ҳақида.
Диққат: Ўзбекистон Республикасининг солик кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, 2022 йилдан бошлаб (Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича 1 квадрат метр учун белгиланган энг кам қийматга туманларнинг иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиққан ҳолда 0,5 гача бўлган камайтирувчи коэффициентни қўллаш ваколати берилди.
Ушбу маълумот эслатилган хат барча кенгашларга кетган. Маълумотга кўра, 100 дан ортиқ маҳаллий кенгашларда ушбу амалиёт қўлланилиши бошланган. Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича камайтирувчи коэффициентни қўллаш амалиётини кўллаш бўйича кўрсатма Сенат ўзининг сайловчилари тақдирига бефарқ эмаслигини кўрсатади, менимча.
Тадбиркор акалар-укалар, менинг постим, солиқ кодексининг 412-моддаси ва 2022 йилдаги давлат бюджети тўғрисидаги қонуннинг 12-моддасини кўтариб, маҳаллий кенгаш раисларининг олдига борилаверади. Камайтирувчи коэффициентни қачон қўллайсизлар дея савол ташлаш ва ҳаққингиз учун курашиш вазифаси сизга қолди. Сенатга эса ташаккур.
@Zafarbek_Solijonov
8.7K views14:19