Get Mystery Box with random crypto!

МАЪРИФАТНИ ИСТАБ Аждодларимиз қиз фарзандларнинг таълим-тар | Yurt tarixi

МАЪРИФАТНИ ИСТАБ

Аждодларимиз қиз фарзандларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланишни жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бири деб билишган. Зеро жамиятнинг ривожи ва келажаги қизларнинг жисмонан ҳамда маънан баркамол, етук билимга эга эканлиги билан боғлиқлигини улар жуда тўғри англаб етишган. Айниқса, диний қадриятларимиз, аждодларимизнинг пурмаъно ҳикматларида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Ота-боболаримиз қизларнинг билим олиши учун “отинойи”, ”отинбиби” каби аёл муаллималар тайин этиб, уларга зарур бўлган билимларни ўрганишни йўлга қўйишган. Чунки оилада фарзанднинг ҳар жиҳатдан комил бўлиш масъулияти онанинг қай даражада таълим-тарбия бериши билан амалга оширилади.
Ўлкамизда чор ва совет мустамлакачилиги даврларида аёл-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқ, манфаатлари топталиб, уларни илмли этиб тарбиялашда долзарб муоммолар вужудга келади. Замонавий илмлар, фан ва маданиятда содир бўлган янги ўзгаришлардан аввало, болани гўдакликдан тарбияловчи онанинг маълум билимларга эга бўлиши лозим эди. Бунинг учун миллий манфаатларга хос бўлган, диний ва замонавий илм берадиган аёл-қизларга таълим-тарбия берувчи илм даргоҳлари зарур эди. Маърифат йўли билан ватан озодлиги йўлини тутган тараққийпарвар жадидлар М. Абдурашидхонов, Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Ибрат, Ҳожи Муин каби алломалар қизлар учун ҳам илм даргоҳлари очилиши ғоясини кўтариб, бу борада ижобий натижаларга эришади. Буюк аждодларимиздан А.Фитрат қизларнинг таълим олиши масаласига тўхталар экан, “илм олиш ҳар бир одам учун диний ва дунёвий мажбуриятга кирар экан, аёллар ҳам илм ўрганишлари шартдир” -деб, дадил фикрларни ўртага ташлайди. Олимнинг фикрича, Аллоҳ берган ақл ва тафаккурдан барча аёлу-эркак фойдаланиб, уларни ривожлантириши, билимларини ошириши мумкин экан. Зеро одамзод илм олиш билан Аллоҳни танийди, савобу-гуноҳни ажрата олади, шунингдек, дунёвий муаммоларини ҳам ҳал эта олади.
Аждодларимиздан яна бири Ҳожи Муин “бизнинг ислом дини хотунларга ҳуқуқ берган ва ҳурмат кўрсатган, илм ўрганишнинг қарзлигини эркаклар билан баробар хотун-занларга фарз этган”-деб, қизларнинг таълим-тарбия жараёнини ташкил этишга чақиради . Олим ислом дунёсида ўғил ва қизларнинг таълимига алоҳида эътибор қаратилгани боис, аёллардан “олима ва шоира муҳаррира, хатиба, адиба ва фақиҳалар етишган эди”,-дейди. Ҳожи Муин аёл-қизларга ҳам худди эркаклар каби таълим-тарбия ташкил этилмас экан, ”бизлардан келажакда масъуд оилалар етишмас”лигидан қайғуради. Оилада баркамол фарзандларнинг вояга етишлиги онанинг тарбияси билан амалга оширилади. Авлоний айтганидек, “биринчи уй тарбиячиси онанинг вазифасидир” .
Фитрат “Аъроф” сурасининг 58 оятидаги мазмунни тафсир қилиб “Покиза ердан тоза ва фойдали ўсимлик осон ўсади ва покиза бўлмаган ердан хос-хасдан бошқа нарса чиқмайди” деган маънони келтириб, аёл-қизларнинг барча илмларга эга бўлишлиги ҳамда уларнинг маърифатли тарбияси туфайли фарзандларнинг баркамол вояга етишлиги ҳақида гапиради. Дарҳақиқат, таълим-тарбияни бола дастлаб онадан олади. Боланинг тасаввурлари онанинг дунёқараши билан шаклланиб боради. “Боланинг гўдаклик чоғида кўрган-кечирган ва тафаккуридан ўтказиб, хотирасига жойлашиб олган билимлари жуда турғун бўлади. Уни махсус психологик муолажалар орқали хотирасидан чиқариб ташланмаса, улар киши умрининг охиригача сақланиб қолади ва шахсий ҳаётига, шу жумладан, шахс сифатида шаклланишига катта таъсир ўтказади” –дейди, машҳур педагог олим Б. Зиёмуҳамедов. Ҳақиқатдан ҳам буюк маърифатпарвар жадид алломалари ўз даврида жамият учун зарур бўлган муҳим муаммони кўтариб чиқишган. Чунки улар ташкил этган жадид мактабларида ўқувчиларни кенг билим ва дунёқарашга эга фарзанд қилиб тарбиялаш учун оилада бола маълум тарбияга эга бўлишлиги лозим бўлган. Фитрат “бизнинг тарбиячиларимиз, табибларимиз, муаллимларимиз шу аёлларимиздир”, деганида мутлақо ҳақ эди.