Get Mystery Box with random crypto!

Калон масжиди (давоми) Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий (8 | Yurt tarixi

Калон масжиди (давоми)

Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий (810–870) Бухорога келганларида ҳам Масжиди Калон жуда катта масжид бўлган. Амир Исмоил Сомоний давригача бу масжид кенгайтириб борилди. Амир Исмоилнинг буйруғи билан масжид атрофидаги кўп уйлар сотиб олинди ва жоме учдан икки ҳиссагача кенгайди. Ҳижрий 459 (1067–1068) йили жоме масжидда ёнғин чиқади ва Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон (1102–1130) давригача қаровсиз қолади. Сўнг Арслонхоннинг фармони билан жоме милодий 1121–1122 йиллари қайтадан тикланди. Арслонхоннинг буйруғи билан минора қайта кўтарилди, унинг тепаси пишиқ ғиштдан ишланди. Шундай қилиб, Минораи Калон Арслонхон даврида иккинчи марта қурилди. Шунинг учун Минораи Калон “Минораи ду” деб ҳам аталадиган бўлди.
Масжиди Калон Шайбоний Кўчкинчихон фармони билан 1514 йили қайта таъмирланади.
Убайдуллоҳхоннинг ўғли Абдулазизхон (1540–1550) даврида Масжиди Калон пештоқи ва меҳробига забардаст хаттот Шайх Боязид Пуроний Қуръони карим оятларини катта маҳорат билан нақшлади. Шунингдек, бу хаттот Абдулазизхон Бухоро аҳолисини бир қанча солиқлардан озод қилганини мармар лавҳага ёзиб, уни масжид кираверишига ўрнатган. Масжид ичкарисидаги пештоқ олдида бир кўшк бор. У “Қабри шаҳидон” деб аталади. Кўшкни 1913 йили Амир Олимхон фармонига биноан уста Ширин Муродов қурган. Масжиди Калон совет даврида ёпилишидан олдин имом Ибодуллохон эшон 1930 йилгача имом-хатиблик қилади. 1920 йил болшевиклар Бухорога бостириб кирганда шаҳар юзлаб тўп ва ўн битта самолёт билан бомбардимон қилиниб, кўпгина масжид-мадрасалар вайрон этилди. Омон қолган масжидлар кейинчалик отхона ва қурол-яроғ омборлари қилинади. Мустабид совет тузуми даврида кўп муқаддас қадамжолар хароб ҳолга келди. Масжиди Калоннинг бошига ҳам шундай кунлар тушди – у умумий омборхонага айлантирилди.
1976 йилдаги зилзила сабабли бинонинг бош пештоқига шикаст етади. Уни 1980 йили Очил Бобомуродов шогирдлари билан асл ҳолига келтириб тиклади.
1997 йили Бухоро шаҳрининг 2500 йиллигига тайёргарлик жараёнида Пойи Калон меъморий мажмуасида Масжиди Калон, Мир Араб мадрасаси каби жами йигирма саккизта маданий мерос иншооти тўлиқ таъмирланди. Бухоро шаҳри марказидаги тарихий меъморий ёдгорликлар, жумладан, Масжиди Калон ҳам ЮНЕСКО жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди.

http://t.me/yurt_tarixi