Get Mystery Box with random crypto!

МЖтКдаги моддаларда кўрсатилган жаримадан ҳам камроқ жарима қў | Ҳуқуқшунос, Юрист, Салаев Махмуджон Нариманович.

МЖтКдаги моддаларда кўрсатилган жаримадан ҳам камроқ жарима қўллаш мумкинми?

САВОЛ.
Ассалому алейкум Саидали Мухторалиев. Мен экологияда инспекторман. Биз ҳуқуқбузарни тутганимизда, унга маъмурий жарима қўйишимиз керак, лекин ҳуқуқбузар одамни ҳолати ёмон, оиласида бир ўзи боқувчи ва тўлашга имконияти етарли бўлмаса, шунга асосан моддада кўрсатилган жаримадан ҳам камроқ жарима қўлласак бўладими?

ЖАВОБ.

Бу ерда тартиб сал бошқачароқ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасида енгилроқ жазо қўллашга оид энг муҳим қоидалар кўрсатилган.

Мазкур моддага асосан:

суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта кўрсатиб, ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа янада енгил жазо чорасини қўллаши мумкин;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи бошқа орган (мансабдор шахс) жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ишни ушбу Кодекснинг 308-1-моддасида белгиланган тартибда судга юборади.

Яъни, агар ҳуқуқбузарда енгиллаштирувчи ҳолатлар бўлса, ёки унинг моддий аҳволи инобатга олинса, мавжуд ҳолатларни асослантирган6 ҳолда МЖтКнинг тегишли моддаларида кўрсатилган энг кам миқдордаги жаримадан (жазодан) ҳам камроқ жарима (жазо) белгиланиши мумкин. Фақат, енгилроқ жазо қўллаш фақатгина суднинг (маъмурий ишларни кўрувчи жиноий суднинг) ваколатига киради.

Бунда маъмурий ҳуқуқбузарликни аниқлаган мансабдор шахс, масалан сиз енгиллаштирувчи ҳолатлар ва ҳуқубузарнинг моддий аҳволига оид маълумотларни асослаб келтирган ҳолда, енгилроқ жазо қўллаш масаласини кўриб чиқиши учун материалларни расмий хат билан судга тақдим этишингиз керак. Якуний қарорни айнан суд қабул қилади, сиз эмас.

Масалан, МЖтКнинг 70-1-моддасига асосан дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузганлик учун фуқароларга қўлланиладиган жариманинг энг кам миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараварини ташкил қилади. БҲМнинг 30 баравари айни вақтда 8.250.000 сўм бўлади. Бу кўпчилик фуқаролар учун анчагина катта сумма. Мана шундай ҳолатларда, ҳуқуқбузарда ҳақиқатдан ҳам енгиллаштирувчи ҳолат бўлса, ёки унинг моддий аҳволи жуда ёмон бўлса, суд томонидан юқоридаги миқдордан ҳам кўра камроқ жарима берилиши мумкин. Гап шу ҳақида кетмоқда.

Албатта, буни мисол сифатида келтиряпмиз. Фуқароларимизни ҳар қандай ҳуқуқбузарликдан, айниқса, экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлардан тийилишга чақириб қоламиз.

https://t.me/Yuridik_Maslahat24