Get Mystery Box with random crypto!

ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТИМНИ МЕНДАН РУХСАТСИЗ ОЛИБ ТАРҚАТГАН РАҲБА | Ҳуқуқшунос, Юрист, Салаев Махмуджон Нариманович.

ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТИМНИ МЕНДАН РУХСАТСИЗ ОЛИБ ТАРҚАТГАН РАҲБАР ВА УНИНГ ШЕРИКЛАРИГА НИСБАТАН ҚОНУНЧИЛИКДА ҚАНДАЙ ЖАЗО БОР?

САВОЛ.

Ассалому алайкум. ОТМ филиалида ўқитувчи вазифасида ишлаб келаётган эдим. Филиал директори ва унинг қўл остидаги буйруқ бажарадиган ходимлар www.my.gov.uz сайтидан менинг шахсга доир маълумотим (муқаддам судланганлик маълумотномаси)ни олиб ўринбосарлари, кафедра мудирларига кўрсатиб қадр-қимматимни таҳқирлади. Шахсга доир маълумотимни мендан рухсатсиз олиб тарқатди. Қонунчиликда раҳбар ва унинг шерикларига нисбатан қандай жазо бор?

ЖАВОБ.

Мазкур ҳолат каби воқеалар сўнгги вақтларда “урф”га айланиб бормоқда ва бу масалада ўзини эркин деб ҳисоблаган шахсларга Қонунчилик ҳужжатларидаги айрим жазо турларини эслатиб қўймоқликни лозим топдик.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 27-моддасида шундай дейилган:

Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

2019 йил 2 июлдаги “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги ЎРҚ-547-сонли Ўзбекистон Республикасининг қонунида шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги 28-модда кўра

субъектнинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида мулкдор ва (ёки) оператор ёки шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахс томонидан риоя этилиши мажбурий бўлган талаб шахсга доир маълумотларнинг махфийлигидир;

мулкдор ва (ёки) оператор ҳамда шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахслар субъектнинг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт эканлиги белгилаб қўйилган.

Яна Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонуннинг 33-моддасида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши кўрсатиб ўтилган.

Демак, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46²-моддасига асосан шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш,

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг уч бараваридан беш бараваригача;

мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 141²-моддасида шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса

БҲМнинг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
в) ғаразли ёки бошқача паст ниятларда содир этилган бўлса;
г) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса;
д) оғир оқибатларга сабаб бўлса,

БҲМнинг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, Сизнинг шахсингизга доир маълумотингизни розилигингизни олмай туриб тарқатган раҳбар ва бунга алоқадор бўлган қўл остидаги ходимларга нисбатан БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин. Бу каби ишни хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда такроран содир этаётган бўлсалар, БҲМнинг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишлари ҳам мумкин.

https://t.me/Yuridik_Maslahat24