Get Mystery Box with random crypto!

КАТТАРОҒИНГИЗ ГАПИРСИН! Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига Иро | Ҳар куни Ҳадис

КАТТАРОҒИНГИЗ ГАПИРСИН!
Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига Ироқдан бир неча киши келди. Уларнинг орасидан бир ёш йигит гапирмоқчи бўлаётган эди, Умар ибн Абдулазиз уларга қараб, «Каттароғингиз гапирсин», деди. Йигит эса: «Эй мўминларнинг амири, бу нарса ёшга қараб бўлмайди. Ҳамма нарса ёшга қараб бўлса, мусулмонлар ичида сиздан ёши катталар ҳам бор эди», деди. Умар ибн Абдулазиз: «Тўғри айтдинг, Аллоҳ сенга раҳм қилсин. Гапиравер», деди. Шунда йигит: «Эй мўминларнинг амири, биз сиздан бирор нарса истаб ёки сиздан қўрққанимиздан келмадик. Биз истаган нарсаларнинг ҳаммаси шаҳарларимизга, ўйларимизга кириб борган (яъни ҳеч қандай камчилигимиз йўқ, ҳамма нарсамиз муҳайё). Қўрқувга келсак, Аллоҳ таоло адолатингиз туфайли бизларга сизнинг зулмингиздан омонлик берган», деди. Умар ибн Абдулазиз: «Ундай бўлса, сизлар кимсизлар?» деди. Йигит: «Биз ташаккур айтиш учун келган элчилармиз», деди.
Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразий Умар ибн Абдулазизнинг юзида хурсандчиликни кўриб, «Эй мўминларнинг амири, қавмнинг сизга нисбатан жоҳиллигини кўриб, ўзингизни маърифатли, деб ҳисоблаб қўйманг. Қанча-қанча инсонлар мақтовга алданадиган, одамларнинг ташаккуридан мағрурланиб кетганидан ҳалок бўлишган. Сизнинг ўшалардан бўлиб қолишингиздан Аллоҳ паноҳ берсин», деди. Умар ибн Абдулазиз бу гапни эшитиб, бошини кўксига қадар эгиб олди».
#Солиҳларгулшани