Get Mystery Box with random crypto!

Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудларида кредит маблағларини талон | Вазият 24 — Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудларида кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

Департамент вилоятлардаги талон-торож қилинган ҳолатлар ҳақида маълумот берди

Ўзбекистонда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан банкларнинг комплаенс-назорати тузилмалари билан ҳамкорлик доирасида пул маблағларининг талон-торож қилиниши бўйича қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида «П.А.» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Л.Н. ва фуқаро Д.М. паррандачиликни ривожлантириш учун ажратилган 1,5 миллиард сўм кредит эвазига харид қилинган паррандаларни ва омухта ем маҳсулотларини нақд пулга сотиб, кредит маблағини ўзлаштиргани;

Андижон вилояти Булоқбоши туманида фуқаро А.О. ўзининг ва яқин қариндошларининг номига ташкил этилган шлакоблок ишлаб чиқариш ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш дастгоҳларини сотиб олиш учун 1,4 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни талон-торож қилгани;

Наманган вилояти Поп туманида жойлашган «И.Я.» масъулияти чекланган жамияти раҳбари У.Х. масъулияти чекланган жамияти норасмий раҳбари А.Х. ҳамда «Е.» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси А.Д. лар иссиқхона ташкил этиш учун ажратилган кредит ҳужжатларни қалбакилаштириб, 1 миллиард сўм кредит маблағини ўзлаштиргани;

Сурхондарё вилояти Термиз туманида «Т.А.» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Н.Б. корхонага Каттақум маҳалласида жойлашган ер майдонида узумчилик боғини ташкил этиш учун ажратилган 300 миллион сўм имтиёзли кредит учун гаровга қўйилган мулкларни сотиб юбориб, кредит маблағини талон-торож қилгани аниқланган.

Шунингдек, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани таъкидланган.

Аввалроқ Андижонда банкнинг собиқ ходимлари банкомат пулларини ўзлаштиргани, Самарқандда МЧЖ раҳбари 458 млн сўм кредит маблағани ўзлаштирган аниқлангани, Тошкентда катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбарларига жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди.

Вазият24