Get Mystery Box with random crypto!

Шунинг учун ҳам мухториятлардаги айирмачиликдан, янги давлатла | Ватанпарвармас

Шунинг учун ҳам мухториятлардаги айирмачиликдан, янги давлатларнинг вужудга келишидан ҳеч ким манфаатдор эмас. Шунинг учун уларни ҳеч ким тан олмайди. Бундай давлатлар халқаро сиёсат субъектига айлана олмайди, том маънодаги давлат сифатида фаолият юрита олмайди. Зеро мустақил миллатлар клуби ёпилган, янги аъзолар қабул қилинмайди.

Аксарият давлатлар, халқаро сиёсий кучлар, глобал бизнес, ўнг кучлар, айрим сўл кучлар, жумладан, анархистлар ва либертарианлар янги давлатлар вужудга келишидан, бу янги сиёсий ихтилофларга сабаб бўлишидан манфаатдор эмас. Улар айирмачилик ҳаракатларини қўллаб-қувватламайди. Аммо қўллайдиган кучлар ҳам бор. Айирмачилик ҳаракатларига одатда, вазиятга қараб, турли кучлар ёрдам беради. Айтайлик, АҚШ ёки Россия сингари йирик сиёсий акторлар йўлида мухториятларга мустақиллик олиб бериб (Косово, ЛДНР, Днестрбўйи), улардан ўз курашида фойдаланади. Ёки, дейлик, бирор капиталистик давлатнинг бўлинишига сабаб бўладиган сепаратистик ҳаракатни коммунистлар қўллаб-қувватлайди. Сўл либераллар энди ҳамиша “ҳамма ёмонга қарши, ҳамма яхши тараф”. Уларнинг фикрича, бир халқ эрк истаяптими, бу унинг ҳаққи, бу эркни бериш керак. Бундай қараш сиёсатда нега қабул қилинмаслигини юқорида айтдим.

Бугун биз миллатлар дунёсида яшаяпмиз. Ҳар битта давлат моҳиятан битта миллатдир. Бу архитектура эскираётгани, миллатчилик концепцияси аҳамиятини йўқотаётгани туфайли дунёни қайта қуриш борасида турли қарашлар илгари сурилмоқда. Кимдир Европа Иттифоқи намунаси асосида миллий ва сиёсий чегараларни шартли чизиқларга айлантириб қўйиб, глобал дунё қуриш тарафдори; кимдир (спойлер: анархистлар ва либертарианлар) умуман давлатчилик институтидан воз кечиб, давлатсиз дунё қуришни ёқлайди; кимдир янги дунёда ҳокимият давлатларда эмас, шаҳарларда бўлишини, инсоният йирик гигаполисларда жамланишини башорат қилади.

Аммо илгари сурилаётган ҳеч бир қараш дунёни янада майдароқ миллий давлатларга бўлиб юборишни назарда тутмайди. Бу орқага йўлдир. Рожерс Брубейкер “миллий озчиликлар миллатчилиги” деб таърифлаган кечиккан миллатчилик шу жиҳатдан прогресс, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши деб эмас, неомиллатчилик, эски тартибларни жонлантириб, уларнинг аргументларидан ва маънавий капиталидан фойдаланишга уриниш деб баҳоланади.

Қўпол аналогия келтирадиган бўлсам, кечиккан миллатчиликлар ҳамма ичиб, маст бўлиб, уришиб, пичоқбозлик қилиб, “бўлди, ароқдан воз кечдик, қайтиб ичмаймиз” деб ваъдалашган даврага бир шиша “Қоратов” кўтариб кирган одамга ўхшайди.

@AsanovEldar