Get Mystery Box with random crypto!

Иккинчидан, мухториятлар – автономиялар муаммоси вужудга келди | Ватанпарвармас

Иккинчидан, мухториятлар автономиялар муаммоси вужудга келди. Биз билган барча замонавий миллатлар шаклланиб, ўз ҳудудларига эга бўлгач, минтақаларнинг этник ва маданий харитаси сиёсий харитадан фарқ қилиши маълум бўлди: “биз фалон ҳудудда тарихан яшаган бир миллатмиз” деган даъво билан чиқиб, ўз давлатини тузган гуруҳ шу ҳудудда улардан бошқа, ўзини алоҳида кўрувчи, тили ва маданияти фарқ қилувчи гуруҳлар ҳам яшашини кўрди. Аммо эга бўлинган ҳудудни ҳеч ким осонликча бериб қўймайди: ер ишлаб чиқариб бўлмайдиган маҳсулотдир, у ўрни тўлмас бойлик ҳисобланади.

Хуллас, мана шундай кичик гуруҳларда ҳам миллатчиликлар вужудга кела бошлаганидан сўнг муроса йўли ўлароқ мухторият институти шаклланди. Унга кўра, миллатларнинг ҳудудлари ўзгармайди, аммо бу ҳудудда мавжуд кичик миллатларга маълум эркинликлар берилади: улар ўзини бошқариш ҳуқуқига, давлатчилик рамзларига эга бўлади, лекин марказга бўйсунади, сиёсатини марказ билан умумийлаштиради, халқаро сиёсат юритишни марказга топширади.

1940-1990-йилларда рўй берган деколонизация мухториятга эга (ва қисман эга бўлмаган) гуруҳларда миллатчиликни кучайтириб юборди. Деколонизация моҳиятан бошқа жараён бўлса ҳам, мухториятлар ва ўз ерига эга бўлмаган миллатлар (уларни умумийлаштириб “кечиккан миллий лойиҳалар” десак тўғри бўларкан) “сизларга мумкин, бизларга мумкин эмасми?” деган позицияни ушлаб олди. Баъзи кечиккан миллатчиликларнинг мустақил бўлиш ҳаракатлари авж олди. Курдистон, Каталония, Басклар ўлкаси, Шотландия, Ирландия, Квебек, Хузистон, Шинжон, Бадахшон воқеаларини мисол тариқасида келтираман, аммо батафсил тўхталмайман.

Кечиккан миллатчиликлар том маънода тарихнинг етим фарзандларидир. Улар шаклланиб, барқарорлашиб улгурган давлатлар учун чинакам бош оғриғига айланди.

Биринчидан, қандайдир мухториятнинг “озодлик учун кураши” бошқа бир давлат учун муқаррар “айирмачилик” бўлади, унинг ҳудудий яхлитлик кафолатларининг бузилишига олиб келади. Бу эса салбий прецедент ўлароқ жаҳон сиёсий архитектураси вайрон бўлишига, миллат сифатида тан олинишга даъвогар янги гуруҳларнинг майдонга чиқишига, тартиб ва мувозанат бузилишига олиб келади.

Иккинчидан, ҳудуддан воз кечилди ҳам дейлик. Аммо ҳозирча ажралиб чиқа олган бирорта мухториятда ривожланган, демократик давлат қурилгани йўқ. Бундай ҳудудларда одатда сиёсий элита алмашади – маҳаллий элита ҳокимиятни ва ресурсларни эгаллаб, кўпинча авторитар бошқарув ўрнатади. Бундай тузилмалар беқарор ва нотинч бўлади, иқтисодий жиҳатдан эса халқаро гуманитар ёрдамга боғланиб қолади. Давлатлар биқинида нотинч қўшниси бўлишини, халқаро сиёсат эса кучини бу ҳудудни боқишга сарфлашни истамайди.

Учинчидан, юқоридаги ҳолатни тушунтирадиган баъзи хулосаларни сиёсатчиларам, экспертларам жуда яхши билади (доим тан олавермаса ҳам): барқарор, рақобатбардош давлат қуриш учун “халқ иродаси”нинг ўзи етарли эмас. “Халқ”, “миллат”нинг ўзи бугунги кунда сунъий йўл билан элиталар томонидан шакллантирилган уюшмалар ҳисобланади, яъни миллат мутлақ ҳақиқат деб қабул қилинмайди. Миллатнинг мустақил давлатга эга бўлиш ҳуқуқи ҳам классик миллатчилик концепциясининг атавизмидир.

@AsanovEldar