Get Mystery Box with random crypto!

Кеча Нукусда қайғули воқеалар рўй берди. Ушбу воқеага сиёсий б | Ватанпарвармас

Кеча Нукусда қайғули воқеалар рўй берди. Ушбу воқеага сиёсий баҳо беришга ҳозирча ҳақли ҳисобламайман. Лекин томонларнинг мотивларини, қарашларини тушунишга ёрдам берадиган бир масалага тўхталиб ўтмоқчиман.

Тарихчиликда “инқилоб ва тўнтариш – айнан бир нарса, фақат қайси томондан қарашга боғлиқ” деган фикр кўп айтилади. Ҳамма ҳам бунга қўшилмайди албатта. Шунга ўхшаш бошқа бир баҳс бор: “озодлик учун кураш” билан “айирмачилик” ҳам айнан бир нарса, фақат қайси томондан қарашга боғлиқ.

Бу тушунчалар ўзаро тенг бўлганидан сўнг, олимлар уларни мутлақо ёмон ёки мутлақо яхши деб баҳоламайди. Ўзи яхши-ёмон баҳо бериш – фаннинг иши эмас.

Аслида жаҳон сиёсий харитаси умуман сиёсат вужудга келганидан буён тинимсиз ўзгаради – давлатлар тузилади, чегаралари ўзгаради, бир давлат ажралиб чиқади, бошқаси мустақиллигини йўқотади. Бугунги мустақил давлатларнинг ҳам жуда катта қисми қайсидир давлатдан ажралиб чиққан ва бу ҳаракатини “миллий озодлик ҳаракати” деб баҳолайди. АҚШ ҳам, бундай олиб қараса, Британияга қарши айирмачилик кайфиятлар маҳсулидир, АҚШ асосчилари британияликлар нуқтаи назаридан айирмачи бўлган, лекин ҳеч ким унинг легитимлигини шубҳа остига олмайди. АҚШ асосчи оталарининг бугунги айирмачилардан қандай фарқи бор?

Жаҳоннинг бугунги сиёсий манзараси XVII-XVIII асрларда рўй берган қатор воқеалар – Нидерланд инқилоби, Инглиз инқилоби, АҚШ озодлик уруши ва Буюк француз инқилобидан бошлаб шаклланган. Айнан мана шу, илмий тилда айтганда, максималистик кампаниялар давомида бугунги миллатчилик концепцияси вужудга келди. Бу концепцияга кўра, муайян белгига асосан бирлашган гуруҳлар (миллатчиликнинг турли мактаблари турли белгиларни тан олади) ягона миллатни ташкил этади ва бу миллат ўзининг мустақил давлатига, суверен ҳудудига эга бўлишга ҳақли. Шунингдек, бу миллатларнинг ўз рамзлари – ягона расмий тарихи, ягона тили, герби, байроғи, мадҳияси ва бошқалар бўлиши керак.

Миллатчилик Франциядан бутун Европага тарқалди, Европа империяларидан эса уларнинг мустамлакаларига – Осиё, Африка, Лотин Америкаси давлатларига ҳамда дунёнинг бошқа нуқталарига ёйилди. У ерларда ҳам миллатчилик ҳаракатлари вужудга келиб, миллий лойиҳалар ишлаб чиқилди, маълум тарихий умумийликка эга мустамлакалар ўзини ягона миллат деб англай бошлади.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг миллатни, миллатчиликни абсолют даражага олиб чиқиш аянчли оқибатларга олиб келишини англаган прогрессив инсоният маълум статус квога эришди. Унга кўра, Буюк француз инқилобидан Иккинчи жаҳон урушига қадар вужудга келган давлатлар ва миллатлар тан олинади, уларнинг чегаралари дахлсиз бўлиб қолади, бошқанинг сиёсий чегараларини бузиш, ерларига даъвогарлик қилиш халқарo жиноят ҳисобланади. Глобал сиёсат тинимсиз бўлинишдан ва чегара ўзгаришидан, булар келтириб чиқарадиган ихтилофлардан чарчади, ҳудудий яхлитликни ва сиёсий барқарорликни танлади. Аммо бунга тўсқинлик қилувчи бир қанча омил бор эди.

Аввало, Европада ҳали ҳам мустамлакачи давлатлар бор эди, уларнинг таркибидаги мустамлакалар ўзларини алоҳида миллат деб англаган ва мустақил давлатга эга бўлишни истар эди. Баъзилар де юре давлатлар иттифоқи ҳисобланган Югославия ва СССР кейсларини ажратиб кўрсатади, аммо мен уларни ҳам мустамлакачи давлатлар қаторига қўшаман. 1940-1990-йилларда барча мустамлакалар ажралиб чиқди, янги мустақил давлатлар вужудга келди. Бир томондан, бу 1945 йилда эришилган статус квонинг бузилиши эди. Бошқа тарафдан, мустамлакачилик эскирган бошқарув тизими ўлароқ метрополияларнинг ўзига ҳам керак бўлмай қолган эди, шу боис улар деколонизацияни ҳудудий яхлитлигининг бузилиши сифатида қабул қилмади, зеро мустамлакалар аввал-бошдан “тарихий ер” деб эмас, даромад нуқтаси деб кўрилар эди.

@AsanovEldar