2022-08-04 14:20:57
Ғурур
Қудалар ўзаро келишдилар. Тобора узоқлашиб бораётган қариндошлик ришталарини сақлаб қолмоқчи бўлдилар. Йигит билан қиз учрашди, қиз ўта гўзал эди. Бўлди, шу учрашув ҳисоб. Қудалар ўзаро келишиб тўй кунини белгиладилар.
Йигит тўйдан олдин қиз билан яна бир гаплашиб олмоқчи бўлди.
Уйидан чиқибоқ такси тўхтатмоқчи бўлган қиз
--Зебо!--деган овоз келган томонга қаради. "Ия, Шокир-ку, куёв тўра"
--Келинг, яхшимисиз?
"Салом бермади-я",-йигитнинг хаёлига келган фикр шу бўлди.
--Юринг, автобусда кетамиз,-деди йигит.
--Ман автобусда юрмайман, ўрганмаганман,--деди қиз йигитга дадил тикилиб.
" Андишасизроқ эканми?",--ўйлади яна йигит.
--Майли, ўзингиз биласиз?
Шокир юраги жазиллаб турсада ғурур отлиқ бир нарсанинг измида ортига қайрилмай кетди.
Қиз ичида "Жудаям кўркам йигит экан, кўзларида сеҳр бор экан", деганча қолди.
Шу куни Шокирникида қиёмат бўлди. Тўйга бир ой қолганда бу қизга уйланмайман деб туриб олди. Онаси йиғлади, отаси бақирди, безрайиб тураверди. Буваси қуданикига борди бошини эгди, тўйни тўхтатмоқчи эканлигини айтиб.
Қизнинг отаси Шокир билан бир марта гаплашиб кўришни сўради.
Фақат шу уйда. Бува кўнди. Шокир ҳашаматли дарвоза қўнғироғини босар-босмас, уни басавлат эркак -- Зебонинг отаси кутиб олди
--Ассалому алайкум,
--Ва алайкум ассалом, келинг болам,-қўшқўллаб кўришди ота.
--Уйга юринг.
--Зебо--орим, номусим. Унинг фотиҳаси бузилгани--мани ўлганим. Бу машинамнинг калити. Сизга. Қизимни кечиринг, эркалик қилган, ёшлик қилган, мана кўрасиз, ўзи ёмон қиз эмас.
--Машинангиз керакмас, худойим дастимга берсин. Шокир ўрнидан туриб хайр-маъзурсиз кета бошлади
--Болам,--деганича қолди қизнинг отаси.
Тақдир эмас эканда, тўй бўлмади.
Орадан йиллар ўтди. Эрталаб ишга шошаётган Шокир аёлининг бугун гапга боришини эшитиб, тутақиб кетди
--Гапга тўясанми ўзи?Шаллақиликни касб қилиб олган Нилуфар уйни бошига кўтариб шанғилларди...Шокир чўнтагидаги пулидан йўлкирага етадиганини олиб, қолганини аёлига улоқтиргандек қилиб отиб кетди. Ҳаётдан тобора безиб бораётганди.
Автобусга амаллаб чиқиб олди. Жой топиб ўтириб олмаса, ҳадемай тиқилинч бўлиб кетади.
"Ана, битта жой бўш экан. Худога шукур" Хаёл суриб кетаверди. Бир пайт ёнидаги аёл
--Тушмасангиз, ўтиб кетай,-деди.
Шундагина шеригига қаради.
--Зебо!
--Ассалому алайкум,
--Ва алайкум ассалом, сиз автобусда юрмас эдингиз шекилли?-узиб олди йигит
--Сизнинг ҳам дастингизга ҳали машина битмабди шекилли,- деди аёл, сўнг шундоққина ёнидан ўтиб, тушиб қолди...
Йигит унинг ортидан тикилиб қоларкан, йиллар мобайнида уни эсламаган бирор кун бўлмаганини ич-ичидан тан олди. Автобус эса одамларни ўз бекатида қолдириб кетиб борарди.
Феруза Салходжаева
༺ ༻ ༺ ༻
147 viewsБАХОР..., 11:20