Get Mystery Box with random crypto!

УМАР ИБН ХАТТОБ 'СНОС' ҚИЛДИРМОҚЧИ БЎЛГАНЛАРИДА... Бир сафар | СЎЗ

УМАР ИБН ХАТТОБ "СНОС" ҚИЛДИРМОҚЧИ БЎЛГАНЛАРИДА...

Бир сафар Халифа Умар Масжидул Ҳаромни Аббос ибн Абдулмуталлибнинг ҳовлиларини сотиб олиш эвазига кенгайтирмоқчи бўладилар.

Бугунги тилда "снос". Мулкни давлат эҳтиёжи учун бузиш.

Аббос судлашишни лозим топадилар. Ўша жараёнга эътибор қилингда:

"Қозини сен танлашинг керак, токи мансабидан фойдаланиб, менга зулм кўрсатди, дея таъна-маломат қилмаслигинг учун сенинг танлаганинг маъқулроқ, - дедилар ҳазрат Умар.

Аббос ибн Абдулмутталиб Шурайҳ исмли қозини танлади. Унинг таклифига халифа ҳам рози бўлди.

- Унда Шурайҳга одам жўнатинг, ҳузурингизга етиб келсин, - деди Аббос.

- Йўқ, у келмайди, билъакс биз унинг ҳузурига борамиз, - деди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу.

Шундан сўнг икковлон қозининг маҳкамасига йўл олишди. Ҳазрат Умар у ерда Аббос розияллоҳу анҳу билан ёнма-ён тик турдилар. Қози эса ўтирган ҳолатда воқеани батафсил диққат билан эшитди.

Ниҳоят, у ҳукм қилиш олдидан:
- Эй амирал муминин, - дея ҳазрат Умарга илтифот билан мурожаат қилди.

Ҳазрат Умар бундан нарозиландилар:
- Менга бундай мурожаат қилманг, зеро, қози ҳузурида ҳамма тенг ҳуқуқли бўлиши керак. Шундай экан, номимни атаб гапираверинг.

- Эй Умар, менга қулоқ солинг, - деди қози.

- Нима дейсиз, эй Шурайх?

- Шубҳасиз, Аллоҳнинг набийи бўлмиш Довуд алайҳиссалом ҳам Масжидул Ақсони ёнидаги ҳовли ҳисобига кенгайтирмоқчи бўлганларида Аллоҳ таолодан шундай ваҳий келганди: "Эй Довуд, менинг уйимга бошқанинг уйини қўшиб кенгайтирмагин. Ҳаромдан энг узоқ уй менинг Уйимдир".

Қози шундай дедию ҳазрат Умарнинг даъвосини рад этувчи ҳукм чиқариб берди".

P/S: Қизиқ, Умар ибн Хаттоб Аббосдан рухсат сўраб ўтиришлари шартмиди? Ўзлари учун эмас, масжид учун уйни буздирмоқчи эдиларку. Ёки Аббос ибн Абдулмутоллибнинг қандай ҳадди сиғди халифа билан қозилашишга?
Улар бировни норози қилиш эвазига масжид учун ҳам ўзга мулкини тортиб олиш мумкин эмаслигини билишган. Биз бугун арзимаган мансабдорнинг асъасаси билан ҳам "снос" қилишга ўрганиб қолдик. Ризолик ва адолатнику қўяверинг, қозини измимизга юрғизишга интиляпмиз.
Дарвоқе, иккковлари қози ҳузуридан чиққанларидан сўнг Аббос уйларини Масжидул Ҳаромни кенгайтириш эвазига ўзлари рози бўлиб қўшиб берадилар. Мақсадлари халифага ҳақлар тортиб олинмаслиги, зўравонлик қилинмаслигини кўрсатиш эди...


(Воқеа "Ашараи Мубашшара"дан).