Get Mystery Box with random crypto!

​ Ўзбекистон – Франция: Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

Ўзбекистон – Франция: Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланади

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Франциянинг юртимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Орелия Бушез хоним билан учрашув ўтказди.

Самимий руҳда ўтган мулоқот аввалида мамлакатларимиз ўртасида тиббиёт йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари йилдан йилга мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Айниқса, Президентимизнинг ўтган йил 21-22 ноябрь кунлари Францияга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатларда бутунлай янги саҳифа очди.

Маълумки, Франция тиббиёт соҳасида дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири ҳисобланади. Хусусан, диагностика, терапевтик муолажалар ва ноёб жарроҳлик амалиётларини ўтказишда катта тажрибага эга.

Бу эса соғлиқни сақлаш йўналишида ушбу давлат билан ўзаро тажриба алмашиш қанчалик муҳим эканини кўрсатади.

Шу боис Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Франция соғлиқни сақлаш тизими бошқарувида алоҳида ўрин тутувчи “AP-HP” — давлат тиббиёт муассасалари ассоциацияси ўртасида тиббий суғурта, педиатрия, акушерлик-гинекология, гематология ва онкология каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда.

Учрашувда ушбу соҳалар билан бир қаторда мамлакатимизда тез тиббий ёрдам хизматини янада ривожлантириш, бу йўналишда мутахассислар тайёрлаш, тиббий таълим сифатини ошириш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, келгусида Ўзбекистон – Франция тиббиёт форумини ўтказиш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram