Get Mystery Box with random crypto!

ССВ: Дунёнинг етакчи онкологлари Хивадаги нуфузли конференцияд | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

ССВ: Дунёнинг етакчи онкологлари Хивадаги нуфузли конференцияда иштирок этмоқда

Хива шаҳрида “Ўсмаларни ташхислаш ва даволашда замонавий технологиялар” мавзусида Ўзбекистон онколог ва радиологларининг XIX конференцияси ўз ишини бошлади
.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ташкил этилган анжуманда маҳаллий мутахассислар билан бир бирга, Ҳиндистон, Корея, Туркия, Миср, Буюк Британия, Россия ва Қирғизистон каби дунёнинг 20 дан зиёд давлатлари вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбир аввалида Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов форум меҳмонларини нуфузли анжумандаги иштироки билан онлайн тарзда қутлади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда дунёда онкологик касалликларга чалиниш ҳолатлари тобора ортиб боряпти. Хасталик йилдан йилга ёшариб, ўлим даражаси юрак-қон томир хасталикларидан кейин 2-ўринда қайд этилган.

Юртимизда ҳам саратон ташхиси қўйилган беморлар сони кам эмас. Шу боис Президентимизнинг онкологик хизматни ривожлантириш бўйича 3 та қарори қабул қилинди. Унга кўра, барча ҳудудлар учун мобил маммографлар харид қилинди.

Республика онкология марказининг барча филиалларида иммуногистохимиявий лабораториялар ташкил этилиб, улар камерал микроскоп ва реактивлар билан таъминланди. Қолаверса, саратоннинг кечки босқичларида беморларга ёрдам кўрсатиш учун барча филиалларда паллиатив ёрдам бўлимлари ташкил этилди.

Шунингдек, бундан 5 йил аввал юртимизда атиги 5 та радиотерапевтик мослама мавжуд бўлса, ҳозир уларнинг сони 25 тага етди. Тошкент, Фарғона, Урганч ва Самарқанд шаҳарларида оғир беморларга ёрдам кўрсатишнинг кейинги босқичларида вилоятлараро хоспислар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, касалликни эрта босқичда аниқлаш мақсадида кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони бўйича мунтазам скрининг текширувлари ўтказиляпти.

Тадбирда жаҳоннинг етакчи клиникалари илғор тажрибаларини юртимиз онкология хизматига татбиқ этиш, ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини амалиётда кенг қўллаш муҳим экани қайд этилди.

Шунингдек, анжуманда маҳаллий ва хориждан келган мутахассислар ўз маърузалари билан иштирок этмоқда. Муҳокама этиладиган долзарб масалалар кўплиги инобатга олиниб, тадбирда 4 та секция ташкил этилди.

Форум ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram