Get Mystery Box with random crypto!

Унинг назарида қиз янада очилиб кетганди. У жуда бўй етган, бе | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

Унинг назарида қиз янада очилиб кетганди. У жуда бўй етган, бежирим, ўзига ишонган, ақли расо, муомалани ўрнига қўядиган ва ҳар қандай одамни ўзига мафтун эта оладиган аслзода қизларнинг бориб турган вакиласи эди.
– Кечирасиз, кўзимга иссиқ кўриняпсиз-у, лекин таний олмаяпман, – деди у майин товуш билан, қўлини аста-секин бўшатаркан, Моҳирга очиқ ва тик боқиб.
Моҳир жилмайиб қўйди.
– Шаҳар ўқувчилар саройида кўзингиз тушган бў­лиши мумкин.
– Э, ҳа, эҳтимол шундайдир, – қиз ҳам та­бассум билан жавоб қайтарди.
– Ўқишлар қалай кетяпти?
– Ўқишлар бор-йўғи энди бошланди. Бу саволга жавоб бериш ҳали эрта деб ўйлайман, – қизнинг ҳушёрлиги ва синчковлиги, айни пайтда дадиллиги, кескинлиги ва ўзига ишончи зўрлиги билиниб турар, булар иродаси кучли ва эътиқоди қатъий одамга хос бўлган хислатлар эди.
Моҳир ўйчан ҳолатда қизга тикилди.
– Шодия, айтинг-чи, нега ёзган хатларимга жавоб берай демадингиз?!
– Қанақа хат, тушунмадим? – ҳайрон бўлиб сўради қиз.
– Москвадан ёзган қанчадан-қанча хатларимга.
– Эҳ, бу сиз эдингизми?
Қизнинг тимқора кўзлари ҳайратдан янада кат­тароқ очилиб кетди.
Моҳир “ҳа” деяётгандай ғамгин кўринишда бош ир­ғади.
– Биласизми Моҳир, мени дадамнинг ёшликдан бирга ўсган дўстининг ўғлига унашиб қўйишган. Яқин­да тўйимиз бўлади!
Моҳир умрида фақат бир марта, Серёжа бел аралаш чап буйрагига орқа томонидан аёвсиз тепганида ярим ҳушини йўқотган эди. Ҳозир эса у иккинчи марта ҳушидан кетишига сал қолди. Бутун умидлари бирдан чилпарчин бўлганди. Кўз олди қоронғилашиб, еру осмон чархпалак бўлиб айлана бошлади.
– Мен эса сизни шу қадар севаманки, буни сўз билан ифодалашга ожизман, Шодия. Орзу-умид­ла­римнинг, сизга бўлган эзгу ниятларимнинг чек-чегараси йўқ. Энди бўлса ҳаммаси тугабди, ҳаммасига нуқта қўйилибди.
Моҳир ғамгин қиёфада тикилди.
– Бунчалик тушкунликка тушмаслигингиз керак. Бу дунё мендан бошқа қизларга ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Истаганингизни танлаб олишингиз мумкин. Ахир сиз йигит кишисиз-ку!
– Гап бунда эмас, – деди Моҳир қулт ютиниб. – Сиз мен учун дунёда ягона қизсиз. Оламда энг дилбар, энг гўзал қизсиз! Рост, рост, Шодия.
– Майли, мен борай. Дарсга кечикмаслигим керак, – деди қиз нафис қўл соатига қараб қўяркан.
– Озгина сабр қилинг, Шодия.
Моҳир қизнинг оппоқ билагидан ушлаб, уни тўх­татди. – Модомики шундай экан, айтинг-чи, нега ўша биринчи хатимгаёқ жавоб ёзиб, мени тинчитиб қўя қол­мадингиз?
– Нима десам экан… Сир бўлсаям, ўзингизга айта қолай. Хатни шунақанги чиройли ёзаркансизки, мен уларни ҳузур қилиб ўқирдим. Навбатдагиларини эса тоқатсизлик билан кутардим, – қиз шунақанги чиройли қилиб кулдики, гўё теварак-атроф янада яшнаб кетгандек бўлди.
– Буни қаранг-а, сиз бу ёқда хатларимни ҳузур қилиб ўқийверибсизу, мен бўлсам у ёқда бир-икки сатр­гина жавобингизга зор-зор бўлиб, асабларим қақшаб юраверибман-да.
– Узр, Моҳир! Бу томонини ўйламабман. Э, йўқ, ўйлагандим ҳам, лекин хатларингизнинг тўхтаб қо­лишини истамагандим. – Қиз уялди шекилли, ёноқ­лари қизариброқ ерга қаради.
– Шодия, шахсий ҳаётингизга аралашмоқчи эмасман. Сизни жонимдан ҳам ортиқ кўрганим учун бил­моқчиман. Сиз… ўша йигитни севасизми?
– Очиғини айтсам, у билан ҳали бир оғиз ҳам гап­лашмаганман. Фақат тўй-ҳашамларда бир-икки марта кўрганман, холос.
– Ана холос! Гаплашиб ҳам кўрмагансиз, қандай одам эканлигини ҳам билмайсиз, лекин шунга қарамай, турмушга чиқиб кетавераркансиз-да!
– Ҳар ҳолда, ота-онам мени ёмон одамга узатишмасалар керак, – қиз чуқур ўйга толганча Моҳирга тикилиб қолди.
– Балким, ота-онангизга қулоқ солиб тўғри қи­лаётгандирсиз. Лекин дунёда юрак, қалб, севги, меҳр-муҳаббат дейдиган нарсалар ҳам бор-ку, ахир. На­ҳотки сиз уларни ҳисобга олмасангиз?
– Мен уларга ишонмайман. Севги, муҳаббат, – қиз кулиб қўйди, – улар фақат китобларда ёзилади, киноларда кўрсатилади.
– Кечирасиз, Шодия! Бу гапингизга қўши­лол­май­ман. Мен сизни сўнгги нафасимгача, агарда мавжуд бўлса нариги дунёда ҳам севганимча қоламан! – Моҳир изтиробга чўккан кўзларини қизининг маъюс тортаётган кўзларига тик қадади.