Get Mystery Box with random crypto!

Қўшиқ ҳам сўнади (ҳикоя) У бўш вақт топди дегунча, шаҳар марк | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

Қўшиқ ҳам сўнади (ҳикоя)

У бўш вақт топди дегунча, шаҳар марказига – икки чети бўйлаб ҳовли-жойлар тизилиб кетган кўчага жўнайди. “Бахтлар водийси” деб аталадиган бу кўча унинг учун бир мўъзиза, сирли олам бўлиб туюлади. Бундан бирон-бир наф чиқадими-йўқми, унга барибир, ўша ерга шошилаверади. Саратоннинг жазирама, қишнинг қаҳратон кунларида, момақалдироқ гумбурлаб, ёмғир шаррос қуйиб юборадиган кўклам кезларида ҳам қатнагани-қатнаган.
“Бу унинг кўчаси” дея ҳаяжон билан шивирлаб қўяди у. Ҳув анави ўн иккинчи уйда Шодия яшайди.
Шодия! Бу номни ҳар гал такрорлаганида эндигина ўн етти ёшга тўлаётган Моҳирнинг томирида қони қизиб, эҳтиросдан энтикар, қизнинг исми гўзаллигидан, нафислигидан завқланар эди.
Баъзан у беихтиёр қайларгадир тикилганича тек туриб қолади. Орзу ва хаёллар оламига парвоз қилади. Ширин ўйлари бирданига хаёл оламидан чиқиб, ҳақиқатга айланишини истаб қолади. Кўча бўйлаб борар экан, қизнинг иффат нури билан ёритилган чеҳраси унинг кўз олдида порлаб кўринар, оламнинг гўзаллигини, яшаш ва севиш қандай соз эканлигини бутун вужуди билан ҳис қила бошларди. Ҳа, бу қиз деб яшаса, унга интилса, унинг йўлида жон фидо қилса арзийди.
Табиатан жуда зийрак, ҳамма вақт одамга эл бўлиб кетадиган бу йигит гўзаллик шайдоси эди. Нафақат инсон жисмидаги гўзаллик, балки қалб гўзаллиги, туйғулар жилоси ҳам ўзига ром қиларди.
Энди бўлса, шу мусаффоликни, энг юксак эзгулик ва иффатни у Шодия исмли моҳтобон қиз тимсолида кўриб қолди. Кўрдию тинчлиги бузилди, ороми йўқолди, ҳузур-ҳаловатидан айрилди. Билиб-билмай ишқ ўтида ўртана бошлади. Соҳибжамол дилбар қиз ҳеч эришиб бўлмайдиган олис юлдуз янглиғ унинг хаёлида учиб борарди.
Кўз очиб юмгунча киши қалбига маъюслик бахш этувчи сентябрь ойи ҳам етиб келди. Москвада ўқиётган Моҳир ёзги таътилни Тошкентда, ўз уйида ўтказди.
“Ўқишимга уч-тўрт кун кечикиб борсам, осмон узилиб ерга тушмас”, деб хаёлидан ўтказдию қизни топиб у билан узил-кесил гаплашишни мақсад қилиб қўйди.
Иккинчи сентябрь куни, ниҳоят, қачонлардан буён ўй­лаб юргани рўй берди. Сайилгоҳ кўчасидан юриб бо­раётган Моҳирнинг кўзи рўпарасидан келаётган Шо­­­дияга тушди.
“Ана, у!” деб юборди ички бир нидо. Қизнинг эгнида хонатлас кўйлак, ипакдай жилваланаётган қора сочлари тепасига турмакланган, хушбичим оёқларида тўқ пуштиранг ялтироқ туфли, қўлида чиройли аёллар сумкаси. Ёздагидай қиздираётган сентябрь қуёши нурларида у лаълдай ёниб, хиромон юриб келаётганди. Ҳа, у ёш ва гўзал, бутун олам оёғи тагида! Теварак-атрофдагилар унга суқланиб қарашади.
Моҳир ғайриихтиёрий равишда унинг орқасидан эргашди. Шодия университет биносининг иккинчи қа­ватига чиқиб, кўпчилиги рус талабалар бўлган аудиторияга кириб кетди. Сал ўтмай қўнғироқ чалинди. Бир рус муаллима ўша аудиторияга кираркан, орқасидан эшик ёпилди. “Демак, иккинчи сменада ўқиркан”, деб қўйди Моҳир ичида. У аудитория рақамини коридорда осиғлиқ дарс жадвалидан топиб, куйдирмажон қизнинг шарқшунослик факультетининг иккинчи курсида ўқиётганини билиб олди.
Эртаси куни бутун борлиғи билан ҳис-ҳаяжонга тўлиб-тошаётган Моҳир қизнинг кўчасига ўтди. Муюлишда туриб уни кута бошлади. Қуёш тик келиб қолган пайт эди. Ана Шодия! У дарвозадан чиқиб тўппа-тўғри Моҳир турган томонга қараб юриб кела бошлади. Олдинига Моҳир азборойи довдираганидан нафаси чиқмай қолди. Лекин тезда ўзини қўлга олди. Энди у бундан икки йил аввалги тортинчоқ Моҳир эмасди. У шахдам қадам ташлаб, қиз томон юриб кетди. Қизга яқинлашгач, гўёки кўп замонлардан бери таниш одамдай шўх ва жарангдор овозда хитоб қилди:
– Мана шу ажойиб қизнинг исми Шодия! Қани, рухсатиз билан қўлиззи беринг-чи, бир кўришиб қўяйлик.
Моҳир ўзини шодон тутган ҳолда қўлини қизга чўзди.
Ҳар бир одам учун ҳар доим энг ёқимли эшитиладиган сўз унинг ўз исмидир. Шодия ҳам кўтаринки руҳда жаранглаб эшитилган ўз исмидан юз-кўзи порлаб кетдию қўлини Моҳирга қандай узатганини ўзи ҳам сезмай қолди. Қизнинг момиқ пахтадай оппоқ, иссиққина кафти ўз кафтида турганидан Моҳирнинг бутун бадани жимирлаб кетди. Шу лаҳзада у ёруғ оламдаги ҳамма нарсани унутди ва фақат унинг лаб­ларига ва кўзларига тикилганча туриб қолди.