Get Mystery Box with random crypto!

Уч кундан сўнг уйга борсам, Наргиза хомуш ўтирарди. Мени кўрди | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

Уч кундан сўнг уйга борсам, Наргиза хомуш ўтирарди. Мени кўрди-ю, жилмайганча ўрнидан турди.
– Ассалому алайкум.
– Нима бўлди? – дедим унинг кўзларидаги ғамни кўриб.
– Ҳеч нарса, – деганча кўзидан думалаб тушаётган икки томчи ёшни менга кўрсатмай артиб олмокчи бўлди.
– Нега йиғладинг? – саволимни эшитиб, у юзини ўгирди. Юзини икки қўлимнинг орасига олиб ўзимга қаратдим. – Нима бўлди, айтсанг-чи?
– Шунчаки сизни соғиндим...
– Алдама... – Наргиза деразанинг ёнига борди-да, бир муддат тикилиб турди.
– Қаранг, Жамшид ака, танишганимизга бир йил бўлиб қолибди. Бу орада нималар бўлмайди дейсиз... Мен умримдан миннатдорман. Икки дунёда ҳам сизни дуо қилиб яшайман. Фақат мени унутмасангиз, бас...
– Бу нима деганинг...
– Гапимни бўлманг, илтимос. Менга ўша танишган кунимиздаги қўшиқни айтиб беринг. «Ёмғирлар» ни... Ўша қўшиғингизни яхши кўраман.
Наргизанинг одатини яхши билардим. Бир нарсани айтишини истамадими, минг уринсам ҳам гапирмайди. Шу боис ўша куни унга «Ёмғирлар» ни куйлаб бердим. Ўша куни у илк бора елкамга бош қўйганча мени жим эшитди. Қўлимга гитарани олиб чалиб, қўшиқ куйладим. У йиғлаб эшитарди, мен йиғлаб куйлардим...
Эртаси куни мен ижодий сафарга кетдим. Ўшанда Наргиза билан охирги кўришишим эканлигини билмагандим. Унинг маҳзун чеҳраси, ғамгин нигоҳи... бир умр хотирамда муҳрланиб қолди.
Бир ҳафта ўтиб Тошкентга қайтдик. Бу орада ҳар куни Наргизага қўнғироқ қилдим. У менга яхшилигини айтарди. Уйга қайтган куним онам касалхонадан сўрашганини айтдилар. Ажабландим.
– Ким касал бўлибди? – онам менинг кўзимга қарай олмай:
– Наргиза, – дедилар.
Етиб борганимда Наргиза сўнгги нафасини олаётган эди. У оқ қон касаллигига чалинган экан. Суяк илиги саратони дейишди. Ўзи ҳам кеч билган. Афсуски, менга билдирмаган.
– Касалхонага кеч келди. Бир ой олдин олиб келганингизда ҳам омон қоларди, – деди шифокор менга ачиниш билан боқаркан.
– Наргиз, жоним, нега ундай қилдинг? – дедим йиғлаб унинг кўзига тикиларканман. У эса майин жилмайди.
– Жамшид ака, сизни яхши кўраман. Онангизга айтинг мени кечирсинлар. Сиз уйланинг, хўпми? Кейин, кейин... «Наргиза» деган қўшиқ ҳам айтинг... – унинг ҳар бир гапи менга алвидодек туюларди. Ўзимни йиғидан тута олмасдим. Ҳисларим ўзимга бўйсунмай қолаёзганди. Йиғларканман шошганча юз-кўзларидан ўпишга тушдим. – Бўлди, Жамшид ака, ваъда беринг... тушкунликка тушмайсиз-а, мени унутманг, аммо уйланинг... Илтимос... «Ёмғирлар» нинг давомини ҳам ёзинг, – шу жумла унинг охирги сўзи бўлди. Чидолмадим. Ўша куни еру-осмон ларзага келгандек бўлди, гўё. Илк танишган кунимизда ёққан ёмғир, айрилган кунимизда ҳам ёғди. Осмонни ёритиб чақмоқ чалди. Дунёни ларзага солиб, момоқалдироқ гулдиради. Менинг қалбим тўкилиб кетди. Само вайрон бўлган муҳаббатимга қўшилиб кўз ёш тўкди. Ёнимда ҳамма бор... фақат у йўқ эди. Менинг илҳом манбаим, завқим, қувончим... ҳамма- ҳаммаси у билан бирга кетгандек эди... Бошимни ҳеч бир тошга уролмасдим. На-да тошни олиб келиб бошга ҳам сололмасдим. Ишқнинг азоби ёмон бўларкан. Ҳижрон, айрилиқ инсонни ўзлигидан жудо қилар ҳолга тушираркан... Ишонасизми, мактабда "Лайли ва Мажнун" қиссасини ўқиганимизда, Мажнуннинг ҳолига кулгандик. Қисмат эса Мажнуний ҳолат қандай бўлишини сездирганди... Бу шунақанги изтироб эдики, англатиш ва айта олиш мушкул. Уни фақат ҳис қила олиш мумкин, холос.
Наргизанинг бу дунёдан кўз юмишига ўзимни ҳам айбдор санардим. Ўша охирги учрашувимиз куни менинг иккита опам бориб, Наргиза билан жанжаллашиб, уни фоҳишаликда айблаб келишган. Қолаверса, ўша куни ўзининг бедаво дардга чалинганидан хабар топган экан. Мен эса... буларнинг баридан бехабар эдим. Суриштирмабман ҳам. Унинг йиғи тўла нигоҳини эсларканман, шунчаки деб эътибор қилмабман. Нега кўпроқ унинг ёнида бўлмадим? Нега соатлаб суҳбатлашиб ўтирмадим? Нега унинг дардини сезмадим? Ҳар гал шу саволларни ўизмга берарканман, ўзимни нодон ошиқ эканлигимни ҳис қиламан. Ўз туйғуларимга ўзим маст бўлиб, қўшиқ куйлаб юраверибману, ёнимда шамдек ўзини ёқиб эриётган севгилимнинг ҳисларини пайқамабман.