Get Mystery Box with random crypto!

Ҳой, Ғанибой, ўзинг нега Асрорга қарзга ароқ ичирасан? Келинда | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

Ҳой, Ғанибой, ўзинг нега Асрорга қарзга ароқ ичирасан? Келинда нима айб? Қарзга ароқ ичган бўлса, ўзидан сўра, шўрлик келин болаларини боқсинми, эрининг қарзини тўласинми? Ўзинг қарзга ароқ бердингми, ўзинг пулини ундириб ол. Бу ерларда бошқа қорангни кўрмай!..
Ғани дўкончи отанинг важоҳатидан қўрқдими, ғудрана-ғудрана кетди. Онаси ўша куни узоқ йиғлади. Ароқни қарғаб, ароқни чиқарганларни қарғаб йиғлади. Аброр онасига раҳми келар, ўзига қолса мактабни йиғиштириб қўйиб, укаларини боқишда онасига ёрдам берарди. Онаси бунга кўнмасди:
Менинг соғлигим яхши эмас, болам, сен ўқишинг, катта одам бўлиб ука-сингилларингга қарашишинг керак. Сен бу уйнинг катта эркагисан, ўғлим. Мактабда яхши ўқи. Бор умидим сендан. Отанг ёмон одам эмас. Аслида отанг ёмон одам эмас. Афғон деган жойнинг уйгинаси куйсин, болам, отанг афғонда ҳарбийда бўлган кезларида касал ортирган. Ҳаммаси шунинг асорати, болам...
Аброр яхши биларди. Онаси отасини яхши кўришини, болалари отасини ёмон кўриб қолишидан қўрқишини биларди. Бу ҳақиқатларни тушунгани сайин онасини қаттиқроқ яхши кўрарди. Барибир мактабда яхши ўқиёлмади. Беш бола билан рўзғорнинг бор сарф-харажати онасининг бўйнида эди. Онаси ҳафтада уч-тўрт кун кечқурун атрофдаги қишлоқларни айланиб сут, қатиқ, қаймоқ, баъзан ўрик данаги тўплар, эртаси куни шаҳардаги бозорга олиб бориб сотиб, оз-моз фойдасига рўзғорлик қилиб келарди. Кечқурун Аброр онаси билан уйма-уй юриб пулларни тарқатар, яна эртанги кун учун сут-қаттиқ тўплашарди. Шу тариқа у катталар оламига ҳали бола чоғидаёқ қўшилди. Болалигида Аброр тенгдошлари каби футбол ўйнамасди. Маҳалла четидаги Бўстон момонинг боғига олма-ўрик териб егани боролмасди. У оиланинг каттаси эди. Болалик, эркалик, шўхлик кўрмагани учунми камгап эди. Ҳатто ҳаддан ортиқ камгап эди. Мактабда ҳам ҳеч ким билан гаплашмасди. Орқа партага ўтирар, фикри ёди дарс тезроқ тугашидаю, онаси билан қишлоқларни айланиб сут-қатиқ тўплашда бўларди. Синфдошлари орқаваротдан уни мазах қилишларини, отасини калака қилишларини биларди. Ҳеч кимга қўшилмагани ёки нуқул қовоғини ўйиб юргани учунми синфдошлари ўзига бир нарса дейишга журъат қилишмасди.
Болам, катта бўлсанг ҳеч қачон ароқ ичма!- Ҳар гал отаси ароқ ичиб келиб, уйда жанжал кўтариб, ухлаб қолгач Аброр онасининг олдига кириб, унга таскин беришган уринарди.- Ҳали катта йигит бўласан, улғаясан. Уйланасан, фарзандларинг бўлади. Ҳеч қачон уларни йиғлатмагин, ароқ ичиб уйингда жанжал қилма, ўғлим...
Отам нега бундай қиладилар? Сиз отамни яхши дейсиз-ку, онажон?- Аброр ич-ичидан отасини ёмон кўрса-да, онасини хафа қилмаслик учун нафратини билдирмасди.
Отанг ёмон одам эмас, ҳаёт уни шу куйга солган. Отанг ҳеч қачон ҳеч кимга ёмонлик қилмаган...
Отамни ароқ ёмон қилганми, онажон?..
Онаси жавоб ўрнига Аброрни қучиб, пешонасидан ўпар, сўнг чуқур “уҳ” тортиб қўярди. Онаси билан бўладиган шу қисқагина суҳбатлари қалбида ароққа нисбатан нафрат уйғотганди. Ароқ сотадиган дўконларни ҳам, дўкончиларни ҳам, хўрандаларга ароқ берадиган ошхоналарни ҳам ёмон кўрарди. Узун тунлар уйқуси қочганида ароқ сотадиган дўконларга, ошхоналарга ўт қўйишни режаларди. Хаёлида режаси амалга ошса, ўзича мамнун бўлар, эрталаб бутун дунёда ароқ тугаб-битгандек, отаси энди ҳеч қачон ичмайдигандек хурсанд уйғонарди. Аммо кечга томон уйга гандираклаб қайтган отасини кўриб ҳамма хуш хаёллари тўзғиб кетар, яна мурғак қалбида ўша нафрат, изтироб ва ўкинч тўларди.
Бир куни Сурайё синглиси мактабдан хомуш қайтди. Портфелини ичкарига улоқтириб, остонада ўтириб ҳўнг-ҳўнг йиғлади:
Эртага мактабга бормайман! Урсангиз ҳам, ўлдирсангиз ҳам бормайман, онажон!
Тинчликми? Нима бўлди?- Қизининг авзойига қараб онасининг капалаги учиб кетди.
Синфдошларим масхара қилди. Устимдан кулди. Отам Дилдораларнинг уйида ишлаганида, маст бўлиб ўйнаб берган экан. Бутун синфга гапириб берганди, ҳамма мени масхара қилди. Ўғил болалар отамнинг қилиғини қилиб роса устимдан кулди. Энди бормайман мактабга...