Get Mystery Box with random crypto!

“ЎҒРИ”НИНГ ЎҒИРЛАНГАН БОЛАЛИГИ Бувижон, қаранг, Дилсўз менин | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

“ЎҒРИ”НИНГ ЎҒИРЛАНГАН БОЛАЛИГИ

Бувижон, қаранг, Дилсўз менинг расм дафтаримни ўғирлаб олибди.
Унақа дема, болам, Дилсўз синглинг-ку. Сенинг нарсангга сўрамай тегинмайди.- Оппоқ кийимли, нуроний, юз-кўзидан нур ёғилиб турган кекса аёл ўғил неварасининг бошини силаб оҳиста танбеҳ берди.
Йўқ, бувижон, сумкамда турганди. Мактабга бориб кўрсам йўқ. Уйга келсам, расм дафтаримга нималарнидир чизиб ўтирибди. Мен унга гапирсам ойим уришадилар. Ахир айтгансиз-ку, бировнинг нарсасига сўроқсиз тегиш ҳам ўғрилик, деб...
Синглинг ҳали кичикина, болам.- Кекса аёл чеҳрасига ярашиқли табассум билан неварасини овутишга уринди.- У ҳали бундай ишларнинг номаъқуллигини билмайди. Сен акасан, каттасан, синглингга бировнинг нарсасига сўрамай тегиниш яхши иш эмаслигини, одобли болалар бундай қилмасликларини тушунтир. Ўзинг ҳам ҳеч қачон бирор кимга тегишли нарсаларга сўрамай тегинма. Қўлинг бир марта бундай ёмон ишга ўрганса, кейин ўзингни тийишинг қийин, болам. Бировнинг ҳақи ҳеч қачон сенга буюрмайди. Ўғрилик энг катта гуноҳ, айб иш, болам.
Кўчадан бирор нарсани топиб олсаям ўзига олиш керакмасми?
Топиб олган нарсанг кимнингдир пешона терига эвазига топган, эҳтиёжига зарур нарса бўлиши мумкин, болажоним. Эҳтиётсизлик қилиб тушириб қолдирган бўлиши мумкиндир. Қўй, болам, Аллоҳ ўзингга берсин. Ҳеч қачон бировнинг нарсасига кўз тикма. Синглинг бирор нарсанга тегинса уришмай, яхши гап билан унга бу яхши одат эмаслигини, ақлли қизлар бошқаларнинг нарсасига сўрамай қўл чўзмаслигини тушунтир. Сен яхши ака бўлсанг синглинг, кичкина укаларинг ҳам сенга қараб яхши бола бўлишади. Сен каттасан, болажоним, катталар хато қилмаслиги керак. Чунки кичкиналар улардан ўрганадилар...
Онаси билан ўғилчасининг суҳбати қулоғига бехосдан чалиниб, турган жойида тошдай қотган Аброрнинг кўз ўнгидан болалик йиллари ўта бошлади. Ҳар гал болалик, ўсмирлик чоғларини эсласа чап кўксига санчиқ ботади. Гарчи ичидан бир овоз “сен унда бола бўлгансан, шундай қилишга мажбур бўлгансан” деб ловуллаётган виждонига таскин беришга уринса-да, Аброр ўзини оқлаёлмайди. Гўёки еру осмон, дову дарахт, бутун борлиқ “Сен ўғрисан!”, “Сен бировларнинг мулкига кўз олайтирган ҳаромхўрсан!” деётгандай туюлаверади. Юзини бутун оламдан яширгиси, “дод” солиб ўтмишдан қолган азобларни хотирасидан сидириб ташлашга уринади. Аммо иложи йўқ. Аччиқ хотиралар вақт ғилдираги тагида қолиб эзғилангани сари қайта-қайта тирилаверади. Уларни буткул йўқ қилишнинг иложи йўқ...
“Алкашнинг боласи!” Аброр ҳам, ука-сингиллари ҳам ана шу тамға билан эсини таниди. Отасининг ичмаган кунлари саноқли бўларди. Ҳафтада уч-тўрт марта ичиб келар, албатта, ичиб келган кунлари уйларида жанжал, шовқин-сурон бўларди. Отаси уйга гандираклаб келган кунлари болалар тўрт томонга қочиб яширинар, онаси титраб-қақшаб юрак ҳовучлаб турарди. Отасининг тайинли иши йўқ эди. Маҳалла-куйда одамларнинг ишини қилиб мардикорчилик қилиб пул топар, топган пули кунда ичадиган ароқ-виносидан ортмасди. Иш бўлмаган, пул топмаган кунлари маҳалладаги дўконлардан қарзга ароқ олиб ичар ёки қўни-қўшнидан пул қарз олиб, ўзига ўхшаган бетайин улфатлари билан бир неча соатда сарфлаб юборарди. Ука-сингиллари ёш, онаси катта ўғли Аброрга суяниб қолганди. Она-бола дўкондорлар, отасига қарз берганлар қарзини сўраб келмасин деб нинанинг устида ўтиргандек ўтиришарди. Бир куни отасига қарзга ароқ берган Ғани дўкондор сўкиниб, дарвозани тепиб кириб келди. Салом-аликсиз шовқин бошлади. Онаси гуноҳкордай, худди ўзи қарзга ароқ олиб ичгандай бошини қуйи солиб, изтироб билан Ғани дўкончига ялинди:
Ишга кетганлар, пул олиб келганлари заҳоти ўғлимдан қарзимни бериб юбораман...
Пул олиб келмайди у алкаш!- Ғани дўкончи оғзидан тупук сачратди.- У одам бўлмайди! Алкаш, пиёниста!
Ундай деманг, Худо инсоф бериб қолар...
Қўшнилари Муҳиддин ота шовқинни эшитиб кўчага чиққан экан. Ғани дўкончи беайб онасига дағ-даға қилаётганига қўшни чолнинг раҳми келди чоғи, дўкончини уришди: