Get Mystery Box with random crypto!

Олдин ҳам бир неча соҳаларга 'бош суқиб' кўрганимни кўп бора а | Soliyev

Олдин ҳам бир неча соҳаларга "бош суқиб" кўрганимни кўп бора айтганман. Ҳозирда иш фаолиятим журналистика, ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ бўлса, университетда таржимонлик бўйича ўқийман. Тўғри, намунали талаба эмасман. Давомат, дарсда жавоб бериш ва ҳоказолар масаласида доим бир муаммо бўлган. Чунки иш ва бошқа масалалар сабабли бора олмаслигим, борсам ҳам аудиторияда нутқ сўзлашим қийин. Табиатим шундай. Лекин соҳамни яхши кўраман. Гуруҳдошларим ичида ўқишни тугатиб таржимон бўламан деган фикри ҳалигача ўзгармаган талаба битта бўлса ўзим, иккита бўлса биттаси менман.

Тахминан 3-4 ойлар аввал бирор китобни таржима қилишни ният қилгандим. Бир неча саҳифага етганда тўхтадим. Кейинги 200 саҳифа кўпдек туюлдими ёки бошқа сабаб биланми бу ишни ташлаб қўйдим. Устига устак, 2022 йилнинг катта қисмида ишсиз юрганим, сабрим учун Аллоҳ таоло "Ол қулим" дедию, ишларга кўмилиб кетдим.

Лекин иш қанчалик кўп бўлса ҳам севимли машғулот учун вақт топилади. Декабрь ойида инглиз тилида ўқиганим бир ҳикояни таржима қилдим. Ҳикоянинг таъсирли эканлигими ёки бадиий жанрдаги биринчи таржимам бўлгани учунми, уни қаердадир чоп қилиш истаги пайдо бўлди. Аввал ҳозирда ўзим фаолият юритаётган Мезана илм маркази каналида эълон қилдик. Кейинроқ газетага ҳам чиқарсамчи, деган фикр уйғонди. Мен боғлана оладиган қайси газета бор деган вақтим биринчи бўлиб "Маърифат" хаёлимга келди. Ҳусан акага ёздим. Маъқул дейишди. Бугун хабар қилдилар, таржимам газетанинг 5-сонида чиқибди. Ўзи мақтанарли иш эмас, кичкинагина ҳикоя. Лекин ёзувчи учун унинг китоби фарзандидек бўлгани каби, мен учун ҳам бу ҳикоянинг ўрни бошқача. Ҳарқалай, остида менинг исм ва фамилиям ёзилган, газетада чиққан биринчи ишим. Анча вақт мақтаниб юраман ҳали, гарчи бунга арзирли иш қилмаган бўлсам ҳам.

Мабодо қизиқ бўлса, "Маърифат" газетасини сотиб олинг. Мен баҳона қолган фойдали мақолаларга ҳам кўз югуртирасиз. Телефондан бош кўтариб, газетага тутинганингиздан ачинмайсиз деб умид қиламан. Зеро, мени оз бўлсада одамларга танилишимга сабаб бўлган восита телефон, ижтимоий тармоқлар бўлса, бугунги салоҳиятга эришишимда китоб ва газеталарнинг ўрни беқиёс деб ҳисоблайман.

@soliyev