Get Mystery Box with random crypto!

Ҳалол бошлиқ қандай бўлади? Ундай раҳбарлар зиммасига юклатил | Soliyev

Ҳалол бошлиқ қандай бўлади?

Ундай раҳбарлар зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифани виждонан бажаради. Бировнинг ҳақига хиёнат қилмайди. Халқига ҳалол хизмат қилади. Мамлакатни сотмайди. Фуқаролари ҳаётини фаровон қилади.

Туркия Республикаси Ҳатай вилояти Эрзин шаҳрининг 44 яшар ҳокими Оккеш Элмасўгли ҳам шундай ҳалол инсонлардан экан. Унинг гапларига эътибор беринг:

«Мен ҳатто 1 та бинонинг ноқонуний қурилишига ҳам рухсат бермадим. Улар ғазабланишди, мени танқид қилишди ва қуйидаги сўзлар билан қўрқитишди:

«Сиз ўзингизни бу мамлакатда ягона ҳалол инсонман деб ўйлайсизми?»

Лекин ҳозир виждоним безовта қилмаяпти».

Оккес Элмасўғлининг асл касби адвокат. 2002 йили Мармара университетининг ҳуқуқшунослик факультетини битирган.

Диққат билан ўқинг! Эрзин шаҳри ҳудудида биронта ҳам бино қулаб тушмаган. Эрзин — бу зилзила натижасида вайрона бўлмаган Ҳатайдаги ягона ҳудуд.

Демак, 20 000 дан зиёд турк қардошимизнинг ўлимига виждонсиз, қаллоб, порахўр қурувчию ҳокимлар сабабчи экан-да.

Кўряпсизми, ҳалолликда гап кўп. Ҳалол раҳбарлари бор юртлар пароканда бўлмайди, одамлари вайроналар остида айбсиз ўлиб кетмайди.

Ҳалоллик вакцинасини аввало бошлиқларга уриш керак. Шунда мамлакат обод, эл шод бўлади.

Фозил Фарҳод

@soliyev