Get Mystery Box with random crypto!

Бош ҳисобчига ҳисобчи ишини бажарганлиги учун қўшимча иш ҳақи | Qonunchilik.uz

Бош ҳисобчига ҳисобчи ишини бажарганлиги учун қўшимча иш ҳақи тўлаш мумкинми?

Ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда ва ўзининг иш вақти давомида айни шу ташкилотда бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш бир неча касбда ва лавозимда ишлаш ҳисобланади. Ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда ва ўзининг иш вақти давомида айни шу ташкилотда ўша касб ва лавозимдаги қўшимча ишларни бажариш хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтириш, ишлар ҳажмини кўпайтириш ҳисобланади (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 20-б.). Давлат бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган бюджет ташкилотларининг таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари учун бир неча касб ва лавозим асосида ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно (Низомнинг 26-б.). Шунга асосан бош бухгалтер бюджет ташкилоти бухгалтериясининг (таркибий бўлинмасининг) раҳбари бўлганлиги учун у ўзининг асосий иши билан бир қаторда ва ўзининг асосий иш вақти давомида бошқа лавозимдаги қўшимча ишни бажариши ва бунинг учун қўшимча ҳақ олиши мумкин эмас.

Бироқ Низомда ўриндошлик асосида ишлаш тушунчаси ҳам бор. Унга кўра ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши ўриндошлик асосида ишлаш дейилади (Низомнинг 2-б.). Ўриндошлик асосида асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади. Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади (Низомнинг 5-б.). Шунга асосан бюджет ташкилотининг бош бухгалтери ички ўриндошлик асосида ўзининг асосий ишидан бўш вақтида бухгалтер ишини бажариши мумкин.

Ўриндошлик асосида ишлашда ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин (Низомнинг 7-б.). Ўриндошлар меҳнатига хақ тўлаш тартиби Низомнинг 11-15-бандларида кўрсатилган.
kadrovik.uz