Get Mystery Box with random crypto!

Ходим давлат рўйхатидан ўтмаган хусусий университетда ўқиса, ў | Qonunchilik.uz

Ходим давлат рўйхатидан ўтмаган хусусий университетда ўқиса, ўқишда бўлган давр учун ўртача иш ҳақи тўланадими?

Афтидан, саволда “давлат рўйхатидан ўтмаган” эмас, балки “аккредитациядан ўтмаган” хусусий университет ҳақида сўз бормоқда. Чунки давлат рўйхатидан ўтмаган ташкилот умуман фаолият юритиши мумкин эмас.

Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессиясида қатнашиш, диплом лойиҳасини тайёрлаш ва ёқлаш даврига ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътиллар берилади (Меҳнат кодексининг 256-м.). Бундай таътиллар нодавлат таълим ташкилотларида ўқиётган талабаларга ҳам берилади. Нодавлат таълим ташкилоти деганда давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия асосида ёки хабардор қилиш тартибида таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахс тушунилади. Нодавлат таълим ташкилотлари давлат аккредитациясидан ўтган бўлиши керак («Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 3-м.). Агар талаба давлат аккредитациясидан ўтмаган чет эл ўқув юртида ўқиса, у ҳолда корхона иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътил беришга мажбур эмас. Бироқ, корхона ўзининг локал ҳужжатларида (жамоа шартномасида ва ҳ.к.) бундай ҳолларда ҳам иш ҳақи сақланган ҳолда таътил берилишини белгилаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, нодавлат таълим ташкилотлари лицензия олинган кундан эътиборан 5 йил давомида аккредитациядан ўтган деб ҳисобланади, бу муддат тугагач, белгиланган тартибда аттестация ва аккредитациядан ўтказилади (Қонуннинг 58-м.).