Get Mystery Box with random crypto!

Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги огоҳлант | Qonunchilik.uz

Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги огоҳлантиришни фақат ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахс имзолаши мумкин. Лавозими қисқартирилаётган ҳар бир ходимни сиз шахсан имзо чектириб огоҳлантиришингиз керак.

Огоҳлантиришнинг иккинчи нусхасида (иш берувчида қоладиган нусхада) ходим огоҳлантириш билан танишганини ёзади ва уни олган санани қўйиб, имзо чекади.

Икки ойлик муддатнинг ўтиши меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида огоҳлантириш тузилган кундан эмас, балки ходим у билан таништирилган куннинг эртасидан бошланади. Масалан, агар огоҳлантиришни ходим 30 мартда олган бўлса, икки ойлик муддат 31 мартдан бошланади.

Ходимни у билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида у вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлганда ёки давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажараётган пайтда огоҳлантирилганда, огоҳлантириш муддати ходим ишга чиққан куннинг эртасидан бошланади.

Баъзи бир корхоналарда огоҳлантиришларни қайд этиш журнали юритилади, унда ходимга огоҳлантириш имзо чектириб топширилгани акс эттирилади.

+
Агар ходим огоҳлантириш олганлиги ҳақида белги қўйишдан бош тортса, камида икки ходим (гувоҳ) олдида тегишли далолатнома тузинг. Бу ҳужжат ходим ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилганини тасдиқлайди. Шунингдек бундай огоҳлантиришни ходимга буюртма хат билан илова қилинганлар рўйхатини қўшиб юбориш мумкин.

Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси икки ойлик огоҳлантириш муддати тугамасидан ҳам бекор қилиниши мумкин. Бу ҳолда огоҳлантириш унинг қолган муддатига мувофиқ келадиган ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдоридаги пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин (МК 102-моддаси 2-қисми).

Пуллик компенсация қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловларнинг ўрнини босмайди. Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўн календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойларидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади (МК 67-моддаси 1 ва 3-қисмлари).

МК 102-моддасининг 6-қисми корхонанинг тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномасининг бекор этилишидан ташқари ҳолларда ходимнинг фақат меҳнатга қобилиятсизлик вақти, шунингдек давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажаришга кетган муддатлари ходимни огоҳлантириш муддатига кирмаслигини кўзда тутгани сабабли ходимнинг ишда бўлмаган бошқа барча муддатлар (иш ҳақи тўланадиган ва иш ҳақи сақланмайдиган таътилларда бўлиши, отгулда юриши ва ҳ.к.) меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича огоҳлантириш муддатига киради1.


Огоҳлантириш муддати давомида ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши, ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этиши лозим, шунингдек у навбатдаги таътилдан, агар таътиллар жадвалига кўра шундай таътил унга берилиши керак бўлса, фойдаланиши мумкин.

Огоҳлантириш муддати давомида, меҳнатга оид муносабатлар ходимнинг айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантиришни истисно этганда, ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади (МК 102-моддаси 6-қисми).

Корхонанинг жамоа шартномасида ёки жамоа келишувида, меҳнат шартномасида ходимни огоҳлантириш муддати давомида унга бошқа иш қидириш учун ҳафтада икки ёки уч кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилиши ҳам назарда тутилиши мумкин. Ходимга бошқа иш қидириш учун қайси кунлар берилишини иш берувчи корхона фаолиятининг имкониятлари ва хусусиятларидан келиб чиқиб ўзи мустақил ҳал қилади.

Ташкилотда тўртта қоровул смена алмашиниб ишлайди, иш берувчи қоровулнинг иккита штат бирлигини қисқартиришга қарор қилди. Бу қоровуллар қайси кунлари бошқа иш қидириш учун ишга чиқмаслик ҳуқуқига эга: смена кунларими ёки дам олиш кунларими?