Get Mystery Box with random crypto!

Ушбу қоровуллар ўзларининг дам олиш кунлари дам олишлари, смен | Qonunchilik.uz

Ушбу қоровуллар ўзларининг дам олиш кунлари дам олишлари, сменага тўғри келадиган ҳафтанинг бир кунида ишга чиқмасдан, бошқа иш қидиришлари мумкин. Бу ерда, иш қидириш учун ходимга унинг дам олиш куни эмас, балки унинг иш (сменаси) куни берилиши кераклиги назарда тутилади. Бу вақтга иш берувчи муддатли меҳнат шартномаси бўйича бошқа шахсларни ишга олиши тавсия этилади, улар асосий ишчилар ўрнига ишлаб туриши керак.

4-қадам. Ходимга бошқа бўш ўринга ўтишни таклиф қилинг
Қисқаришга тушган ходимга унинг малакаси ва мутахассислигига мос келадиган иш берувчида мавжуд барча бўш жойлар, бундай ишлар бўлмаса – корхонада мавжуд бошқа ишлар таклиф этилиши лозим. Иш берувчининг ушбу мажбуриятни бажармаслиги ходимни ишда тиклашга асос бўлиши мумкин.

Мисол
Олий юридик маълумотга эга кадрлар бўлими инспектори билан меҳнат шартномаси МК 100-моддаси 2-қисмининг 1-банди бўйича бекор қилинаётганда унга бўш юрист ўрни таклиф этилиши мумкин. Бу лавозимга бошқа юристни қабул қилиш, гарчи у юрист мутахассислиги бўйича кўпроқ иш стажига эга бўлса-да, иш берувчининг ишдан бўшатилаётган ходимни ишга жойлаштириш бўйича мажбуриятини бажармаганлигини англатади. Ишдан бўшатилаётган ходим мавжуд бўш лавозимни эгаллаш учун иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлмаган бошқа шахсларга қараганда афзаллик ҳуқуқига эга.

Агар объектив сабабларга кўра меҳнат шартномасида белгилаб қўйилган меҳнат вазифаси доирасида ишни давом эттириш мумкин бўлмаса (МК 92-моддаси 2-қисми), иш берувчи ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни (ходим бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига номувофиқ бўлса, мутахассислиги бўйича бир мунча кам малака талаб этиладиган бошқа ишни), бундай иш бўлмаган тақдирда эса, – корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин.

Меҳнат шартномаси МК 100-моддаси иккинчи қисми 1-банди бўйича бекор қилинаётганда иш берувчи ходимни меҳнат шартномаси ушбу асос бўйича бекор қилиниши ҳақида бутун огоҳлантириш муддати давомида уни ишга жойлаштириш чораларини кўриши керак (МК 102-моддаси 6-банди). Бу шуни англатадики, иш берувчи бўшаётган ходимларга огоҳлантириш муддати давомида ҳар гал корхонада юзага келаётган бўш ўринларни таклиф этиши лозим.

Нохуш оқибатларга йўл қўймаслик учун иш берувчига қисқартирилаётган ходимларга: 1) ишни ёзма шаклда таклиф қилиш; 2) огоҳлантириш муддати даврида корхонада мавжуд бўлган барча бўш ўринларни таклиф қилиш; 3) уларни ишга жойлаштириш учун бошқа қонуний имкониятларни таклиф қилиш тавсия этилади.

Ходимнинг таклиф этилган ишдан бош тортишини ёзма шаклда расмийлаштириш мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда иш берувчи комиссия иштирокида тегишли далолатномани тузиши, унда ходим бошқа ишлар ҳақидаги таклифлар билан танишиб чиққанини, аммо у таклиф этилган вариантларни рад этганини кўрсатиши лозим.

Ходимлар сони (штати) ёки иш хусусияти ўзгарганда иш берувчи бир турдаги касб ва лавозимлар доирасида ходимларни қайта жойлаштириш (қайта гуруҳлаш) ҳуқуқига эга бўлиб, лавозими штат жадвалидан чиқарилган юқорироқ малакали ходимни унинг розилиги билан бошқа бир турдаги лавозимга ўтказиши ва бу лавозимни эгаллаб турган кам малакали ходим билан эса меҳнат шартномасини шу асосда бекор қилишга ҳақли. Агар иш берувчи бу ҳуқуқдан фойдаланмаган бўлса, суд бундай қайта жойлаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масалани муҳокама этишга ҳақли эмас (Олий суд Пленумининг 17.04.1998 йилдаги 12-сонли Қарори 26-банди).

Бунда бевосита юқорида тилга олинган Қарорда кўрсатилган иккита ҳолатни ёдда сақлаш керак:


1. Бундай қайта жойлаштириш бир турдаги касблар учун йўл қўйилади. Шунинг учун, масалан, бухгалтер лавозимига иқтисодчини ўтказиб, бухгалтернинг ўзи билан меҳнат шартномасини мазкур асос бўйича бекор қилиш ғайриқонуний бўлади.

2. Бундай қайта жойлаштириш иш берувчининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир. Шунинг учун, агар иш берувчи унга берилган бу ҳуқуқдан фойдаланмаса, ундан буни ҳеч ким талаб қила олмайди2.