Get Mystery Box with random crypto!

Адабиёт бўйича Нобелга сазовор бўлган аёллар ҳақида биласизми? | SAVIYA.UZ

Адабиёт бўйича Нобелга сазовор бўлган аёллар ҳақида биласизми?

Таъсис қилинганидан бери ҳозирги вақтгача Нобел мукофотига 823 та эркак, 50 та аёл муносиб деб топилган. Адабиёт бўйича Нобел олган аёллар сони эса 16 тани ташкил қилади. Қуйида улар билан сизни таништириб ўтамиз.

Селма Лагерлёф

Аёллар орасида биринчилардан бўлиб Нобел мукофотига 1909 йилда лойиқ кўрилган швециялик ёзувчи Селма Лагерлёф ҳисобланади. Бундан ташқари Лагерлёф швециялик биринчи аёл ёзувчи деб ҳам тан олинган. У бу мукофотга асарларидаги идеализм, ёрқин тасаввур ва маънавий таъсир доираси учун сазовор бўлган.

Гарция Деледда

Италиялик ёзувчи Грация Деледда 1926 йилда бу мукофотнинг соҳиби бўлган. У ҳаётнинг ойдин ва кўзга кўринган лавҳаларини ярата олган, инсон ички зиддиятларининг энг тубигача етиб боролган поэтик руҳдаги асарлари учун Нобел мукофоти билан тақдирланган.
Швед Академиясининг аъзоси Ҳейнриҳ Шукнинг тақдимот нутқида Деледданинг табиат тасвирларига ўзгача ёндоша олгани эътироф этилган, унинг диний муаммоларни яхши англай олгани, асарларининг бир қадар ғамгин, бироқ бадбин бўлмагани қайд қилинган.

Сингрид Унсет

Норвегиялик бу ёзувчи адабиёт бўйича Нобел мукофотига 1928 йилда сазовор бўлган. Сингрид Унсет Ўрта аср Скандинавия ҳаётининг ёдда қолувчи тасвирлари учун Нобел соҳибига айланади.
Унсет Швед Академиясида Нобел нутқи сўзлашдан бош тортади. Қисқа маърузасида: “Мен учун ёзмоқ, сўзлашдан ҳам осон, ўзим ҳақда гапиргандан кўра бошқалар ҳақида ёзмоқ минг карра осондир”, — дея таъкидлайди.
Бироқ, адибанинг Нобел лауреати ўлароқ ёзган бешта романи мунаққидлар фикрича, аввалги асарлари билан таққослаганда, таъсир доираси ва асар савияси яхши эмас.

Перл Бак

“Яхши дунё” номли китоби 1931 йилда Пулитзер мукофотига лойиқ кўрилган. 1938 йилда Нобел бўйича адабиёт мукофотини олган илк америкалик аёл саналади. Хитойда америкалик миссионер оиласида таваллуд топган ёзувчининг болалиги Хитойда кечган. Нобел унга Хитой қишлоқларининг ҳаёти, ҳақиқий эпик тасвири ва яратган биографик шедеврлари учун берилган.

Габриела Мистраль

Чилилик шоира, Лотин Америкаси адабиётининг таниқли вакиласи Габриэла Мистраль Нобел мукофотига 1945 йилда лойиқ деб топилган. Мукофот унга бутун Лотин Америкасининг идеалист ташаббусларининг рамзига айланган юксак туйғули шеърияти учун топширилади.
Швед Академиясининг аъзоси Ялмар Гулберг Чилилик шоирани “Лотин Америкаси адабиётининг маликаси”, дея таърифлайди. Габриэла Мистраль эса минглаб адабиёт одамлари ичида нега айнан ўзи Нобел олганини шеърларида аёл ва бола овозларининг эшитилиши билан боғлиқ дея айтади.

Нелли Закс

Асли Германияда туғилган швед адибаси Нелли Закс 1966 йилда адабиёт бўйича Нобел мукофотини исроил романнависи Шмуэл Ёсеф Агнон ила бўлишишига тўғри келади.
У ўзининг асарларидаги яҳудий халқларнинг қисмати ҳақида сўзловчи лирик ва драматик асарлари учун мукофотга лойиқ кўрилади. Швед академиясининг аъзоси Андрес Эстерлинг тақдимот маросимидаги чиқишида яҳудий халқларининг фарёдларини Нелли Закс асарларида теран эшитганини таъкидлайди, айни вақтда яҳудий шоиранинг ҳамиша гуманист мавқеда турганини, ҳеч қачон ревоншизм, нафрат ва қасос руҳи билан яшамаганини ҳам айтиб ўтади. Нелли Закс ўз нутқида Нобел олишини ширин бир эртакка менгзатади.

Надин Гордимер

Жанубий Африкалик ёзувчи Надин Гордимер 1991 йилда Нобел мукофоти соҳиби бўлган. Мукофот адибага умумий ижоди учун тақдим қилинган.

Тони Моррисон

Африка ва Америка адабиётининг танилиши учун меҳнат қилган америкалик ёзувчи Тони Моррисон “Маъшуқа” романи билан 1988 йилда Пулицер, 1993 йилда эса Нобел мукофотига сазовор бўлган.
Қуллик мавзусига қайтган ёзувчи оналик туйғулари билан суғорилган асарлари учун таҳсинга сазовор бўлган.

Вислава Шимборская

1996 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган полшалик шоира Вислава Шимборская Эвропадаги энг таниқли сўз усталаридан бири ҳисобланади.