Get Mystery Box with random crypto!

SAHRO | Roman

Telegram kanalining logotibi sahro_roman — SAHRO | Roman S
Telegram kanalining logotibi sahro_roman — SAHRO | Roman
Kanal manzili: @sahro_roman
Toifalar: Adabiyot
Til: Oʻzbek tili
Obunachilar: 1.20K
Kanalning ta’rifi

Мустафо Юсуф қаламига мансуб "Саҳро" романини мутолаа қилинг! Кўчириб олганда манбани кўрсатинг.

Ratings & Reviews

3.50

2 reviews

Reviews can be left only by registered users. All reviews are moderated by admins.

5 stars

1

4 stars

0

3 stars

0

2 stars

1

1 stars

0


Oxirgi xabar 2

2022-09-09 21:11:40 Олиб чиқдилар ва муздек сувли ҳовузга улоқтиришди. Калтак зарбидан танаси лоҳас бўлиб, мушаклари бўшаган йигит чўкиб кетмаслик учун ҳар қанча интилмасин, қўл-оёқлари унга бўйсунмасди. Базўр ҳовуз четига етганда кимдир бошига тепди. Яна сув тубига чўкди. Нафас ололмай тепага талпинди... Яна чўкди. Ҳушини йўқотди. Кўзини очганида ўзини ташқарида кўрди. Аммо танасига куч келмай туриб, уни бошқа ҳовузга отдилар...
Қолган азобларни ёзишга қалам ожиз. Оёғини осмондан осдилар, бир кун сувсиз қолдирдилар, кигизга ўраб саваладилар, танасини икки бўлиб ташлашга қасд қилгандек икки тарафга тортдилар, оловли хонага ташлаб чиқишди, сочу соқолини қириб олишди... Жаллодлар унга азоб бермоқдамиз деган хаёлда эдилар, аммо Денгиз ҳушсиз бўлиб қолди. Жисми калтаклардан озурда бўлса-да, руҳи буни ҳис этмасди. Қўрқув уни тарк этгандек эди. Ҳар қандай ҳадик ундан қуш каби учиб кетди, гўё. Карахт бўлди. Уни ҳеч қандай хавотири йўқ, балки ўлимга тайёр эди. Агар қатл қилсалар, киприк қоқмасди шу онда.
Аммо саккизинчи кун азоблар тўхтади. Чунки Хожа бир Кўзлининг ҳузуридан қайтди. У Денгизни даволашга буйруқ берди.
Денгиз вазият ўзгарганидан аввал бироз ҳайратланди. Бутун вужуди, суяк-суякларигача оғриркан, онгидан оғриқ мусиқа каби акс садо бериб томир-томирларигача тарқаларкан, оламни, атрофдаги ҳар бир сасни тингларди. Оғриқ уни ажиб муҳитга етаклаб киргандек эди: у оғриқ остида ўта тийрак боқа бошлади коинотга, ҳатто зарраларнинг сўзларини, чумолининг қадам товушларини, юлдузларнинг милтирашлари, булбулларнинг каломидаги маъноларни, нурларнинг порлашига битилган сирларни тинглар, ўқир, англар эди, қошлари остидаги икки кўзи билан олд ва ённи кўрса, ўзи идрок этмаган ҳолда орқадаги, юқори ва пастдаги ҳодисотларни кузатмоқда эди. Гўё оғриқлар унинг учун лаззатга, ҳузурга эврилди, энди у улардан воз кечгиси келмаётгандек эди.
Ундан ҳам ажиброғи, Денгиз ўзини беҳад енгил сезди. Борлиғи ҳарир бўлди. Қушнинг патидек эди вужуди. Нурлар ичра кезарди. Ўзининг ҳақлигига шубҳаси йўқ эди. Фаришталар билан суҳбатлашаётгандек эди. У Ўзини яратган Вожибул Вужуд қаршисида титраркан, йўқлик сари кетишни истарди. Бемисл раҳмат, марҳамат, муҳаббат, лутф, карамдан эрир, эришини эса бирор мисолга сиғдирмоқнинг имкони йўқдек. Фақат Вожибул Вужуд қошида Унга беҳад таслимият, шукур ҳис этди. Ақли йўқолди. Руҳининг тили билан “Сен, Сен, Сен!” дер эди. “Сен Боқийсан, Сен Боқийсан! Мен йўқман! Мен йўқман!” – дер эди қалби. Ўзини сажда қилган ҳолда кўрди. Бошини саждадан кўтармас, шу ҳолда мангу, абадул абад қолишни хоҳлади. Мастлик, важд ҳадди аълосига кўтарилиб борди. Бу ҳол мусиқанинг лаҳнига ҳам ўхшарди. Бу лаҳн аввал тонгнинг сокин саси янглиғ эди. Кейин қуёшнинг қиздириши каби баландлади. Қуёш чошгоҳга келиб бутун оламни ловуллатгани сингари лаҳн жазб этди. Жазб куйдириш, тўлғаниш билан пайваста эди. Қалб: “Сен Боқийсан! Боқийсан! Боқийсан! Боқийсан! Жалолсан! Азимсан! Азизсан! Кабирсан!” – дер экан, нафс бу жазб ичида кул каби йўқликка сочилди.
Денгиз коинот бўйлаб қушдек кезиб юргандек эди. Қаерни кўришни истаса, ўша ерда пайдо бўлди. Ер кафт каби қаршисида намоён бўлди. У Ернинг атрофи Қоф тоғлари ила ўралганини, айланасига эса осмон билан қуршалганини аниқ ва равшан идрок этди. Ерни биринчи қават осмон доирасимон ҳолда иҳоталаб олган эди. Осмон шу қадар улкан эдики, ой гўё унинг ичида саҳродаги тугма каби бўлиб қолди.
Ажиброғи, бу осмон устидан иккинчи осмон ёпилган эди! Биринчи ва иккинчи осмон орасидаги бўшлиқда саноқсиз юлдузлар, қанотли ва қанотсиз мавжудотлар, нурга бурканган махлуқлар айланар, аслида, осмон ҳам бир томонга қараб ҳаракатда эди. Иккинчи осмон шаффоф, ўта мустаҳкам, ҳеч бир нарса синдириб ўта олмайдиган ойна янглиғ экан. Икки осмон орасида улкан дарвозалар кўринди. Дарвозаларнинг катталиги ақлга сиғмайди, балки ҳар бир табақаси Ердаги барча қуруқликлар каби бўлса, не ажаб! Бу дарвозаларда посбонлар қойим. Иккинчи осмонга тайинланган ҳукмдор ўзига зийнат берган бир зот бўлиб, у бу ҳудудда фаришта каби учиб юраркан.
600 views18:11
Ochish/sharhlash
2022-09-09 21:11:40 – Гапларинг жуда ҳам баландпарвоз, Хожа, – деди бир Кўзли ягона кўзини йилтиратиб. – Тангрининг режасини бузиш барчамизнинг мақсадимиз, Унинг режаси – Одамни Ер юзига халифа қилмоқ! Биз Одамдан халифаликни тортиб оламиз. Тангри Одамга Ердаги ҳокимиятни топширди. Фақат Одам Тангрининг измида юриши керак. У ҳар бир ўлкада Тангрининг қонунлари қойим бўлгунича уруш қилиши лозим. Аммо биз бунга йўл қўймадик. Шундай бўлса-да, бугун мусулмонлар Ернинг жуда катта қисмини бошқаряпти. Вақт-соати етгач, мусулмонлар қўлида бир қарич ер қолдирмаймиз. Бу биз учун биринчи режа, ҳолбуки иккинчи режамиз бор! Бу Тангрининг режасини амалга ошириш! Қандай қилиб дейсанми? Биз қиёматни чақирамиз! Ерда илоҳий қонунларга амал қиладиган кимсалар қолмагач, қиёмат қойим бўлади! Бутун инсоният қирилиб битади, Тангри қурган коинот қасри кул бўлиб кетади. Биз инсониятдан шу тариқа қасос оламиз! Биз қиёматдан қўрқмайдиган одамларни тарбия қиламиз. Сенинг ўлжанг масаласига келсак, кўп кузатувларимдан маълумки, мусулмон зоти енгилмас бўлади. Азобласанг, ўз эътиқодига шу қадар маҳкам ёпишади. Лекин биз қайтмаймиз. Эътиқодларига маҳкам ёпишаверсинлар. Биз тўхтамаймиз. Уларни азоблаб ўлдирамиз. Сенинг йўлинг тўғри, эй менинг қулим! Биз жаҳаннам талабгорларимиз. Жаҳаннамда ёнишдан ҳузур қиламиз. Бизни қўрқитажак ҳеч нарса йўқ. Биз қўрқмаймиз! Барча мавжудотларга қарата қўрқма дея ҳайқирамиз! Сен ҳам қўрқма!
Хожа бир Кўзлининг ҳар бир гапидан куч олаётган эди. У ўзини ҳар қандай ишга қодир подшоҳ деб ўйлай бошлади.
– Одамларни умидсизликка кўммоқ керак. Ақл кўзларини кўр қил. Умидсизлик чангалига тушган одамдан ҳар қандай исённи кутмоқ мумкин. Умид қилган инсон ожиздир. Сенинг салтанатинг улкан, эй менинг қулим. Шайтонлар, жинлар сенга итоат қилишади. Одамларни васвасага солинглар. Уларнинг нафсларида гуноҳга, шаҳватга мойиллик бор, ана шу мойилликка мой қуйинглар. Гуноҳ оловида ёнсинлар. Ёниб кул бўлсинлар. Сўнг гуноҳларни одатий ишлар каби қабул қилсинлар ва Тангрига куфр келтирсинлар. Гуноҳларни ҳимоя қилувчилар Ер юзини қопласин. Улар мусулмонлардан нафратланишлари шарт. Мусулмонлар пок бўлганлари учун гуноҳкорлар уларни ёмон кўришсин. Мусулмонларни ҳамиша йўлдан оздирмоққа, гуноҳ ва исён йўлига киритмоққа урининглар! – бир Кўзли Хожага таълимот беришда давом этди. – Яна такрор айтаман. Такрор айтаман: тез-орада Ер юзи бизнинг қўлимизга ўтади. Бизнинг қулларимиз Ислом халифалигини ағдариб ташлайди. Ислом қадриятларини илдизи билан қўпорамиз. Одамлар Исломдан қўрқадиган, Исломдан нафрат қиладиган замонлар келади! Мусулмонларга Ернинг юзини торайтирамиз. Шунда қиёмат даҳшатлари оғушида қаҳ-қаҳ урамиз! Одамдан Ер ҳукмронлигини тортиб олганимизни байрам қиламиз! Биз бор бўлса, борлиққа, йўқ бўлса, йўқликка тикка борамиз! Ҳеч нарсадан ҳадик этмаймиз!
Хожа бир Кўзлининг олдида экан, унинг қуллари Денгизга азоб беришни бошлаб юборган эдилар: айтилган куни Денгизни зиндон саҳнига олиб чиқдилар. Қўлларини орқага қилиб, икки оёғини бирлаштириб чирмаб боғладилар. Қамчи билан аёвсиз урдилар. Денгиз тишларини тишига қўйди. “Миқ” этиб овоз чиқармади. Фақат калтак зарбидан танаси титрарди. У оғриқлар кучайгани сари душманига ичида аланга олаётган нафратни туярди. У раҳму шафқат сўраб илтижо қилиш ҳақида эмас, қўлларидаги занжирлар парчаланиб, уни азоблаётганлардан қасос олишни ўйларди. Денгизнинг фикрича, ўч олмоқ учун яшаб қолмоқ керак. Душман қўлида оҳ уриб йиғлаш эса мағлубиятдир. Ўзини таниган эркак учун бу ҳол ярашмайди. Аслида, Денгиз истаса ҳам, йиғлай олмасди. Чунки қаршисидаги ғанимдан шу қадар нафратга тўлдики, бу нафрат ҳар қандай кўзёшни тўғондек тўсишга қодир эди.
Денгиз юраги ёрилиб кетгудек ураётганини ҳис этиб турди. Кун бўйи давом этган калтаклашдан ҳолдан тойди. Аммо жаллодлар чарчамади, чунки улар кўп эди, уларнинг энг бақувватлари Денгизни урди.
Тун чўкди. Денгизни иситма тутди. Тонг отганини уни судраб чиқаётганларида сезди.
577 views18:11
Ochish/sharhlash
2022-09-09 21:11:40 – Бу ҳолдан биз қўрқмаймиз. Биз чидаймиз, – деди. Сўз оҳанги ўта ҳорғин эди. – Чидаймиз... Ҳали бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак! Сени билмадиму, аммо, албатта, мен кўраман. Биласанми, нималарни кўраман?
– Билмайман, султоним, – деди Хожа.
– Табиий, билмайсан! – кулди бир Кўзли. – Ер юзида Исломнинг қуввати қолмайди. Одамлар ҳирсга қул бўладилар. Мусулмонлар заифлашадилар. Улар беш маҳал намозларини ўқишга оғринадилар. Қиёматни унутиб, ҳатто шубҳага тушадилар. Асосий масала худони рози қилиш эканлигини фаромуш этиб, фаровон ҳаётга талпинадилар. Иймон ва ҳақ аҳли эса зиндондан чиқмайдилар. Жасоратлиларни маломат қилишади, қўрқоқларни кўкка кўтаришади. Сулаймон ва Билқисдан қолган илм ёзувларини мен ўз аскарларимга олиб бераман. Улар Ер юзининг исталган бурчагидаги одам бошқа узоқдагиси билан бир-бирини кўриб гаплашадиган нарсалар ясайдилар. Махлуқларнинг ирсиятлари ўзгартирилади. Олманинг ичига шафтоли ирсияти яширилади. Одамнинг юраги ўрнига чўчқанинг юрагини қўйишади. Ҳатто бошларни узиб, бошқа танага қўйиш ҳақида изланишади. Эркаклар аёл бўлишни, аёллар эса эркак бўлишни хоҳлайди. Ва ана шу ишлар амалга ошади. Буларнинг барчаси бўлади! Бўлади!
Бир Кўзлининг “бўлади” деган бўкириги ғор деворларига урилиб, акс-садо берди. Бир Кўзли бошини ерга қўйди.
– Ибодат қилувчилар, Исломдан юраман деганларни қамаб, истаган кўйларига солишади, бу ишни ким қилади, биласанми? Мусулмонларнинг ўзлари қиладилар. Мусулмонликни даъво қилиб Исломга қарши курашадилар ва буни чорасизлик деб атайди. Аслида бу иймонсизликдир, – бир Кўзли ягона кўзини юмиб роҳат қилгандек бўлди. – Инсон ҳуқуқлари дея шайтон ҳуқуқлари учун курашадилар! Шундай бўлади! Кейин эса мен чиқаман! Ўз лашкаларим билан чиқиб бораман! Ер юзини забт этаман. Мен бормаган макон, ҳукмим жорий бўлмаган ўлка, менга бош эгмаган инсон қолмайди!
Хожа бошини ердан узмасди, у бу гапларни бир Кўзлидан ҳар сафар эшитар, аммо ҳар сафар янгидан тинглаётгандек ўзини тутарди. Ҳақиқатан ҳам, бу нутқ такроран тингланса-да, Хожани жўштириб юборарди. У мана шу ишларга ҳисса қўшиш илинжида ёна бошларди.
Бир Кўзли ўз истакларини айтиб бўлиб, Хожага нима гапинг қолди дегандек боқди. Энди у ўзини анча тутиб олганди.
– Олийҳазрат! – деди Хожа. – Сизга Денгиз ҳақида айтгандим. У Хористонни озод қилади деган гапни раммоллар гапиришди. Шу гўдакни йўқ қилиш учун Хористондаги чақалоқларни сўйдирдим. У қутулиб қолибди. Лекин кеч бўлса ҳам қўлимга тушди. Уни шу кунларда, балки шу лаҳзаларда оғир азобларга солмоқдаман. Уни ўз томонимизга оғдириш учун ҳийла қилдим: жинларни юбориб, сен пайғамбарсан дедим. Ишонмади. Энди эса инсон зоти тортмаган қийноқлар билан ишонмаганига пушаймон едирмоқдаман. Тангри уни Хористон йўлбошчиси қилиб танлаган бўлса, мен уни ўзимизнинг қулимизга айлантираман. Бу билан Тангрининг режасини чипакка чиқараман!
557 views18:11
Ochish/sharhlash
2022-09-09 21:11:40 – Менга Ер юзида бўлаётган ишларни гапир! – ўкирди у. – Халифалик қандай аҳволда? Хаворижларнинг иши қандай? Мусулмонлар ниманинг устида талашиб-тортишмоқдалар! Яҳудий ва насронийларнинг қудрати қай даражада? Одамзод Исломдан нафратлана бошладими? Инсоният ақлини фаровон яшаш ва қулай ҳаёт кечириш васвасаси эгаллаб бўлдими? Сулаймон ва Билқис давридан қолган битиклар кимнинг қўлида? Айт!
Хожа қалтираб қолди.
– Сиз ҳаммасини яхши биласиз, Олампаноҳ! – деди титраб. – Айтмасам ҳам барча воқеалар сизга кундай равшан... Ер юзи бўйлаб сизнинг қулларингиз тарқаб кетган. Сиздан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди.
– Биламан! – оғзидан кўпик сочди бир Кўзли. У асабийлашганда кичиклашиб борар эди. – Биламан ҳаммасини! Аммо сенинг оғзингдан эшитмоқчиман!
– Хўп бўлади, аълоҳазрат! – қайта-қайта ерни ўпди Хожа. – Халифаликнинг қудрати бор ҳамон. Аммо жиҳод тўхтаган. Мусулмонлар Ер юзи бўйлаб қурол кўтариб юришни бас қилдилар. Ҳозир улар орасида тафриқа авж олди. Улар Қуръон махлуқми, йўқми деб тортишдилар. Кўпчилик қатл бўлди. Файласуфлар ва Ислом ақидачилари орасида баҳслар кўп. Аллоҳнинг кўриниши қандай, макони қаерда, қўли борми-йўқми дея ёқа йиртмоқдалар. Амирлар эса кайфу сафога бериляпти. Халифаларнинг аксари хотинбоз. Ислом давлати тасарруфидаги ўлкалар бирин-кетин ажралиб чиқмоқдалар. Мусулмонлар ичида саноқсиз сохта ҳадислар тарқалди. Сулаймон ва Билқис давридаги илмлар ёзилган тош китоблар эса Бағдодда сақланяпти. У ерга халифа, бош вазир, қозиюл қузот ва саноқли одамлар кира олади, холос.
Бир Кўзлининг пешонаси тиришди.
– Сен менга ёқишни истайсан, Хожа, – деди. – Бу яхши. Жуда яхши. Аммо менга рост гаплар керак. Рост, шунингдек, муҳим гаплар керак. Менга хизмат қиламан деган биргина сен эмассан. Дўстим Азозил юзлаб шайтонзода, жинзода ва девзодаларни хизматимга берган. Уларга қул бўлган одамлар шайтон қаршисида қасам ичиб, буюк ишлар кўрсатиб, ҳузуримга келиб ҳам турадилар. Бундай одамларнинг ичи буткул шайтон ва жинлар масканига айланган. Уларнинг ҳар бири мени зиёрат қилгани келарканлар, Ер юзидаги ҳодисалардан сўзлашади. Чунки уларнинг ҳар бир гапи менга керакли. Уларга қулоқ оссам, бутун олам фасодга тўлгандек. Аммо мени ушлаб турган бу занжирлар, занжирлар боғланган қозиқлар эса “қилт” этгани йўқ. Лоақал салгина қимирламаяпти ҳам! Демак, ҳали Ер юзида авлиёлар бор! Азон янграяпти! Инсонлар ҳажга шошмоқдалар. Авратлар очилмаган. Қотилликлар авж олмаган. Фаросат соҳиблари ҳамон давлат бошида ўтиришибди. Ёлғон урчимаган. Ҳаром кучга тўлмаган. Ақллардан нур сочиляпти. Қалбларда ишқ балқияпти. Сизлар эса мени хурсанд қилиш учун фақат ёлғон тўқийсизлар. Сизлар айтган сўзлар рост бўлсайди, қўлим ва оёғимдан тортиб бўйнимга қадар урилган бу кишанлар шамдек эриб кетарди. Бу қозиқлар эса ёғоч мисоли чириган бўларди. Энди гапир, Ер юзида аҳвол қандай?
– Қудрат мусулмонлар қўлида... – бошини эгиб минғирлади Хожа. Унинг шундан бўлак чораси қолмаган эди. – Жиҳод тўхтади, аммо Ислом қўшинларининг шавкатидан бутун дунё қўрқади. Қозилар адолатли ҳукм чиқаришяпти. Одамлар ҳалол ризқ учун ҳаракат қилмоқдалар. Илм учун жонларини тикиб сафарга чиқмоқдалар. Кишиларни алдаш қийин. Етишган авлиёлар ҳам кўп. Уларнинг исмларини ҳам тилга олиш азоб. Уларнинг атрофлари фаришталар билан ўралган. Авлиёларни муттассил равишда минглаб фаришталар қўриқлайдилар. Уларнинг ўзлари эса инсонлар кўзида ўта фақир яшайдилар. Улар бир бурда нон ва ярим коса сув билан ҳам ҳаёт ўтказиб юбораверадилар. Биз Хористонни хорликда сақлаш учун бутун кучимизни сарфламоқдамиз. Ислом давлатида азонлар тинимсиз янграйди, масжидлар беҳад кўп, масжидларда эса намозхонлар ундан кўп. Қорилар Қуръон билан оламни нурга тўлдиради. Мадрасаларда илм толиблари илм талабида уйқудан ҳам воз кечганлар. Халқда ихлос бор. Олим ва авлиёларни бошига кўтаради. Камбағалларни топиш қийин. Закот оладиган кишиларни топиш ҳам мушкул...
Хожа гапираркан, бир Кўзли кичрайгандан кичрайди, мунғайгандан мунғайди, занжирлар уни ютиб юборгудек бўлди. Ахборот тугагач, бир Кўзли дўриллаган, хирқироқ овози билан гап бошлади:
547 views18:11
Ochish/sharhlash
2022-09-09 21:11:40 Хожа қирғоққа қадам қўйди. Унинг кемадаги ҳукмфармо қиёфаси йўқолди. Қадамларида итоатгўйлик, елкаси ҳам бироз эгилган ҳолга кирди.
Хожанинг ортидан ҳеч ким эргашмади. У қўриқчиларсиз оролнинг ичига қараб бормоқда. Юргани сари ер тепаликка дўнди. Оёқ остида тошлар кўпайди. Бироз ўтиб сўқмоқ пайдо бўлди.
Бу ерда бирор тиккайган бута, ўсимлик кўринмайди. Фақат совуқ шамол эсади.
Сўқмоқ Хожани тоғ чўққисига етаклади.
Йўл тиккалашди. Улкан харсанглар кўпайди. Осмон қоп-қора. Осмонми ёки ернинг ости? Тепада булутлар сузиб юргандек туюлади.
Орол ер ости денгизи ўртасидан “ўсиб” чиққан улкан тоғ эди, аслида. Бу тоғ майда қоялар билан ўралган бўлиб, ўзаги учи кўринмайдиган чўққидан иборат. Хожа шиддат билан чўққидан юқорига кўтарилди. Ниҳоят, кўриниши инсонни ҳадикка соладиган ғорга етиб борди. Ғорга кириш текис саҳн бўлиб, оёқ босганда киши бўшлиққа қадам қўйгандек бўлади.
Хожа ғорга кирди. Ғор ичида ҳам бир қанча муддат юрди. Унинг кўзлари зулмат ичида ҳамма нарсани илғамоқда. Ғорнинг тубига етди. Баланд тош супада занжирбанд қилинган баҳайбат махлуқ унинг келганини билиб ўгирилди. Кўриниш одамни эслатувчи, бутун танаси жун билан қопланган бўйни, оёқ ва қўлларига оғир пўлат занжирлар урилган махлуқнинг бир кўзи кўр, бир кўзи эса ёнғоқ каби бўртиқ. Бурун тешиклари тепага қараган, чўчқани эслатади. Оғзи ўрага ўхшайди. Қулоқлари тиккайган, катта. Башараси чўзинчоқ. Дам жун босгандек, дам жунсиздек кўринади.
– Олий ҳазрат! – деди Хожа ер ўпиб. – Сиздан амр олгани келдим. Мени қабул қилинг.
– Мени мақта! Мен кимман? – сўради бир Кўзли совуққина қилиб.
– Сиз менинг Роббимсиз! Сизга сажда қиламан! Сизга итоат қиламан! – бошини ерга қўйди Хожа.
Бир Кўзли севинганидан хохолай бошлади. Қувончдан терисига сиғмай кетди.
– Яна! Яна! Давом эт! – деди.
– Сиз қиёматни келтирувчисиз. Сиздан барча пайғамбарлар хавф қилди. Барчаси ўз қавмига сиз ҳақингизда айтарди. Сиздан барча қўрқади, инсоният қаршингизда тиз чўкади. Улар аввал сиздан қўрқадилар, кейин севадилар. Сизга эргашадилар. Сиз Муҳаммад келтирган шариатни чил-парчин қиласиз. Барчани илоҳий қонунлар занжиридан қутқарасиз. Жаҳаннамга тикка борасиз. Одамлар сизга тобе бўладилар. Улар худо бўлса, худо нечун шафқатсиз деб ҳайқирадилар. Худо бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, барчасига тикка бораман, бор бўлса, борлиққа, йўқ бўлса, йўқликка бораман дея ўкирадилар. Сиз шу қадар улуғсиз! Буюксиз! Сиз ёруғ оламга қадам қўймоғингиз учун биз қулларингиз боримизни берамиз. Ер юзини фитна занжири билан ўраб ташлаймиз! Сиз бизнинг Роббимизсиз! Ўликларни тирилтирасиз! Тирикларни ўлдирасиз!
Бир Кўзли осмонга қараб увиллади, мақтовлардан шишди, ҳақиқатан, шишди. Каттариб, ғорга сиғмайдиган ҳолга келди. Хожа эса бошини ердан олмай уни мақтарди.
– Жуда яхши гапларни айтдинг! – бир Кўзли занжирли қўллари билан қулоч ёзиб қувончини изҳор этди. – Энди айт-чи, дунёда нималар содир бўлмоқда?
Бу қалтис савол эди. Аммо Хожа жавоб беришга мажбур.
– Биз Хористонни Исломга исён ўлароқ ушлаб турибмиз. У ерда жамики бузуқликлар учун имкониятлар яратдик. Одамларни қўрқоқ қилдик. Улар бошларини минг йиллар давомида кўтара олмайдилар. Гўдакларни беаёв сўйдик. Фаҳш бўлсин, шароб ичилсин, қимор ўйналсин дея ҳаракат этдик.
– Мен буларни биламан, – энсаси қотди бир Кўзлининг. – Муҳаммаднинг издошлари қилаётган ҳунарлардан гапир! Уларнинг аҳволидан мени огоҳ эт!..
– Биз Муҳаммаднинг бир издошини ушладик. Тилини кесдик. Ҳозир зиндонда сақлаяпмиз. Унга эргашган яна бири ҳам қўлимизда. Унинг исмини Денгиз дейишади. Мунажжим ва раммоллар Хористон ҳокимиятини биздан тортиб олишини айтишган эди. Мен эса у “қаҳрамон”ни қамаб, бошига ит кунини солмоқдаман. Албатта, ўзимизга қул қилиб оламиз, – Хожа ўз ишлари ҳақида гапира кетди. Аммо бу жавоб ҳам бир Кўзлига ёқмади.
533 views18:11
Ochish/sharhlash
2022-09-09 21:11:39 Хожа буйруқларни бераркан, хизматкор ҳар бир сўзни хотирасига михлаб олаётган эди. Хожанинг чап кулранг кўзи ғалати чақнар, ўнг кўзи эса аллақаёқларга қараб турарди. Хизматкор амрни олгач, энг улуғ ишга шайлангандек қуллуқ қилди:
– Айтганингиздан аъло қиламиз, хожам.
– Аъло эмас, айтганимдек қил! – хожанинг овози ўта мулойим, лекин илондек чақувчи янгради. – Денгиз ўлиб қолмасин. Уни бу қадар оддий ўлдирмайман. У менинг пойимга йиқилиши, оёқларимни ўпиши ва амрларимни бажариши шарт. У бу азобларга тоқат қилмайди. Нимани амр қиласизлар, бажараман дея қайта-қайта сўрайди. Аммо сўзига асло эътибор қилманглар. Ўзим сени ҳузуримга чорлайман. Сўнг нима иш қилиш зарурлигини айтаман.
Хожа жиддий сафарга тайёрланаётган эди. У денгизлар бўйлаб кемада бир манзилга отланмоқчи. Хожа ер тепаси биринчи қават осмон билан иҳоталанганини, атрофи эса баланд тоғлар билан ўралганини билади. Ернинг у бурчидан бу бурчига тинимсиз – кечаю кундуз юрган одам олти ойларда етиб боради. Аммо ҳар томондан фақат баланд тоғларга учрайди. Бу тоғлар сувлар ичидан қад ростлаган. Улар чегаралардир. Ҳали ҳеч бир махлуқ ундан кесиб ўтмаган. Шайтонларнинг айримлари бу чегарадан ўтиши мумкин, аммо аксар ҳолларда улар бу жиноятлари учун ўлдириладилар. Ер катта-катта беш парчага бўлинган. Бу парчаларнинг ҳеч бири тупроқ билан уланмаган. Ана шу беш парчанинг барчаси тўлқинли шўр сувлар қучоғида. Бу сувлар ҳайқириб, ўкириб, тўлғониб ётади. Зериккан вақтларида ўрнидан туради. Худди изтироблар чангалида қолгандек, ичини бир дард ўртаётгандек ҳар томонга ўзини уради. Буни кўрганлар даҳшатга тушиб, денгизда тўфон кўтарилди дейдилар. Тўфон чоғларида уммонда юрмоқ имконсиз. Кемалар сувнинг кафтида хасдек бўлиб қолади. Одамлар сув қаърига чумолидек сассиз чўкадилар.
Сувнинг ўзи буюк илм. Унинг сокинлиги ва мавжга кириши, ташқаридан қаралса, худди тартибсиздек, сув бебошлик билан ҳар томонга ўз бошини ураётгандек ёки урён танасини тўрт тарафга отаётгандек, аслида, ундай эмас. Унинг ҳам тўлқинида қонуният бор. У ҳам муайян муддатларда қўзғалади. Унинг ҳисоб-китобини олиш эса беҳад қийин. Сувнинг тилини тушунмоқ мушкулдир, зотан.
Хожа сувга чиқишдан авваллари қўрқарди. У бу қўрқувни енгишга маҳкум эди. Зотан, у ҳузурига бориши лозим бўлган бир Кўзли сувнинг ўртасида яшайди. Шундан кейин сув ҳаракатларини йиллар кузатди, сувнинг қай чоғда сокин тортишию қандай пайтларда жўшишини тахминан билди. У бир Кўзли ҳузурига бориш учун бугун кемага чиқади.
Кема денгиз бағрида равон сузиб кетди. Барча елканлар кўтарилган. Кеманинг ранги қора. Хожани бир неча юз жинлар, ажиназодалар қўриқлайди. Юзта шайтон кема узра қанот қоқади, кема саҳнига қўнади, яна учади. Уларнинг барчаси қуролланган.
Кема ўн уч кун сузди. Ўн тўртинчи кун атрофни қоронғулик қоплади. Ҳа, куппа-кундузи тўсатдан зулмат пардаси борлиқни ёпгандек бўлди. Бу манзилга етиб келганларининг далолати эди. Борлиқ-жавониб қорайди, аммо кўз ҳар бир нуқтани илғайди. Тўлқинлар тинди. Бир томонга қараб оқа бошлади сув. Кема ҳам оқимга тушди. Сув гўё бир чуқурликка оқиб тушиб кетаётгандек...
Ҳақиқатан, сув улкан ўрага қараб чопмоқда эди. Уммоннинг суви остини кўз илғамайдиган чоҳга қуйилар ва қаерга бориб тушиши ақлга қоронғу. Хожа кемадаги барча елканларни кўтартирди, у кема бор шиддати билан сузишини истади. Кўз юмиб очгунча кема сув ютилаётган чоҳнинг ўртасига бориб тушди. Тошдек шўнғиди. Аммо ағдарилмади, балки таги билан пастга қараб учди.
Орадан ўтган муддатни ҳисоблаш имконсиз эди, кема пат сувга қўнгандек қўнди. Бу остидаги денгиз эди. Осмон кўринмас, балки фақат зулмат. Зулмат ичида “йилт” этган нур йўқ. Нурсиз бир хиллик. Кулранг, қора ранглар қоришиб кетган. Сув жимирлайди. Сукут бутун оламни қоплаб олган.
Қоронғуликда дақиқаларни санаш, соатларни аниқлаш мураккаб – кема узоқ сузди. Рўпарада баландлик кўринди. Орол. Кеманинг учи орол соҳилига урилди. Қизиқки, катта кемалар асло қирғоққа қадар бора олмайди, чунки чўкиб қолади, аммо бу ерда ундай бўлмади. Орол соҳили гўё тубсизликдан тикка бунёд бўлгандек.
537 views18:11
Ochish/sharhlash
2022-09-09 21:11:39 Исмоил учун оғриқлар яқин дўстдек қадрдон эди. У золимнинг қўлида зиндонларнинг энг тубида кишанбанд ўтирса ҳам, асло енгилиш ҳақида ўйламас эди. Ўйламоқ не, ҳатто у ўйлашни тасаввур эта олмас эди. Ўлим унинг учун мақсад эшиги, тириклик эса шу эшик томон бор куч ва қувват ила югурмоқдир.
Хожа ўйга ботди.
У ўз режалари амалга ошмаётганидан ғазабга тушиб бормоқда.
“Денгизни ишонтиролмади аҳмоқлар! Денгизга у пайғамбар эканлигини уқтира олмадилар! Мен бунга рози эмасман!”
Хожа Бир кўзлининг ҳузурига отланди. У ўз ақли билан ҳар ишни бажарди. Жинларни оёққа тургазди. Пайғамбар эканига Денгизни ишонтира олса эди, Хористонни то қиёмат қадар қаламравида тутган бўларди! Хожа Денгиз Хористон халқи учун Аллоҳ танлаган йўлбошчи эканига деярли амин эди. Шунинг учун ҳам Денгизни ўз йўриғига киритмоқни истади.
“Худо бизга ҳақсизлик қилди! – Хожанинг ўйи шундай эди. – У раҳнамомиз Иблисни лаънатлади. Энди эса инсонларни Иблисдан қутқармоқ учун яна нажоткорлар юбормоқда. Халоскорлар йўлламоқда! Йўқ, мен Худо танлаган бу одамларни йўлдан оздираман. Улар Худога эмас, бизга, иблисларга хизмат қиладилар! Бу билан Худодан ўч оламан! Денгиз, албатта, менга қул бўлади. У ўзига ато этилган барча қувватни шайтон учун сарфлаяжак!”
Хожа хизматкорни чақирди. Бу хизматкор Денгизга ўзини ходим дея танитган ва атрофида кўп парвона бўлган эди.
– Лаббай, хожам! – хизматкор қўл қовуштирди.
– Денгизни ҳар куни азобланглар, – буюрди Хожа. – Бу азоблар етти хил бўлсин. Биринчи кун фақат калтакланг. Оёқлари тагига – товонига кун давомида ҳар икки соатда йигирма мартадан уринглар. Оёқ тагига берилган зарбадан инсоннинг ичи уваланади. Менга итоат қилмаган осий бу калтаклар оқибатида тун бўйи иситмалаб чиқсин. Иккинчи кун тонгда уни судраб чиқинглар. Тошдан тўртта ҳовуз ясанглар. Биринчи ҳовузга оддий сув тўлдиринг. Иккинчи ҳовуз эса зулукли ва бадбўй сув бўлсин. Учинчи ҳовуз суюқ балчиқли, тўртинчи ҳовузнинг таги тиканли, суви эса кўзни ачиштирадиган бўлсин. Ҳар битта ҳовузга уни ярим соатдан бўктиринг. Бунинг учун уни қўлидан осинг. Судраб бориб ҳовузларга отинг. Икки қўли боғлиқ ҳолда бир амаллаб қирғоққа чиққач, нафас олишига имкон беринг. Аммо жуда қисқа фурсатга. Сўнг кейинги ҳовузга улоқтиринг. Қуёш ботгунча шу тахлит азобланг. У кечаси билан сув оғриғи ва нафас етмаслигидан карахт бўлсин. Учинчи куни эса оёғини осмонга қилиб осинг. Қўли эса ерга тегмасин. Жаллод ҳар ярим соатда келиб уни ўрама от ёлидан бўлган қамчи билан ўттиз марта урсин. Аввал елкасига, сўнг қовурғаларига, сўнг думба, сон ва болдирларига. У кечаси билан бутун бадани қиймаланиб кетаётгандек оғриқ билан ётсин. Тўртинчи кун унга сув берманг. Кун бўйи ташна қолсин. Сўнг қуёш мағрибга бош қўймоғига бир қулоч қолганда бир коса сувга бир сиқим туз солиб беринг. Ичсин. Тун бўйи яна сувсиз қолдиринг. Ичи туздан куйсин, чанқоқдан оҳ тортсин. Бешинчи куни уни кигизга ўраб ташланг. Уч қават кигизга ўранг. Аммо ҳаво кириб турсин. Тирик қолиши учун етарли ҳаво. Кигиз устидан ғўла билан ўн беш марта уринг, сўнг ҳар бир соатда бештага кўпайтириб ураверинг. Ҳеч нарса едирманг. Оқшомда эса тишласа, тиш синадиган қаттиқ нондан бир бурда ташланг, ҳидласа кўнгил айнийдиган сувдан бир пиёла узатинг. Ўз ҳолига ташланг. Олтинчи кун икки сони, икки болдири, икки тўпиғидан арқон боғланг. У арқонларни икки учидан тортиб, чотини йиринглар. У ўзини худди иккига бўлиниб кетаётган одамдек ҳис этсин. Додласин. Кўзидан ёш чиқсин. Аммо ўлиб қолмасин. Ҳар бир соатдан ўн мартадан ана шу ишни такрорланг. Бир қўлини елкаси устидан, иккинчи қўлини эса бели ёнидан олиб келиб кураги узра кишанланг. Кунни шу тахлит ўтказсин. Ҳушдан кетса, муздек сув билан ўзига келтиринг. Еттинчи кун уни олов билан азобланг. Темир хонага киритинг. Ташқаридан олов ёқиб уни қизитинг. Қайноққа чидай олмай хона бўйлаб сакраб юрсин. Оловни кўтариб ва пастлатиб туринг. Буткул куйиб, жизғанак бўлмасин. Қуёш ботгач, олиб чиқинг ва сочларини тиғ билан қиринг. Тиғ терисига қадар борсин. Кейинги кун эса олиб чиқиб яна сувга отинг!..
548 views18:11
Ochish/sharhlash
2022-09-09 21:11:39 Ўз нафсини енгиб, уни Роббал оламийнга таслим қилган бирини Аллоҳ йўлбошчи бўлишини ирода этади. Сўнг уни тарбиялайди: турли синовларга дуч қилади, машаққатлар ичида суздиради, ҳавойилик, хаёлпарастлик, шошқалоқлик, қўрқоқлик, заифлик, дангасаликдан қутқаради. Шу тариқа танланган бандада ўз нафсини усталик билан идора этиш малакаси пайдо бўлади. У уйқусини ҳам, овқатини ҳам, жинсий истакларини ҳам, ичидаги мақтанчоқлик ва каттатарошликни ҳам бошқаради. Ўз вақтини ўзи тақсимлайди. Ўз вақтини фақат хайрли амалларга сарфлайди. Унинг бу қатъияти бошқаларни унга етаклаб келади. Аммо у талабни бошқача қўяди: “Аввал нафсингизни Аллоҳга таслим қилинг. Аллоҳ йўлида яшаш учун онт ичинг. Аллоҳ йўлида экансиз, бандаларга асло енгилманг. Бандага ҳаддан ортиқ муҳаббат қўйманг. Зотан, инсон ожиз яратилгандир. Ярим коса таом, бир бурда нон, бир пиёла сув бўлмаса, ўлади. Йўқ, инсон нафас – ҳаво етмай қолса, ўлади. Унинг тириклиги бир ҳўплам ҳавога боғланган. Унинг вужудини ҳаво билан тик тутиб, таом, сув билан қувватлантириб қўйган Зотга таслим бўлинг, ўзингиз каби махлуқларга эмас. Аллоҳ оламни сабаблар устига қурди. Чунки Унинг бир исми ал-Мусаббибдир. Ҳар бир инсон ҳидоятга Аллоҳнинг марҳамати билан юзланади, аммо иймони комил бўлиб, собит мусулмонга айланмоғида солиҳ инсонларнинг хизматлари шартдир. Аллоҳни таниган солиҳ ва оқил инсоннинг зиммасида бир юк бор. Бу бурчдир, қарздир. Унинг ҳидоятлангани учун Аллоҳдан қарздор ва унинг олдида бурчли. Қарзи шуки, энди у бошқаларга ҳам Аллоҳни танитмоғи керак. Ўзгаларни ҳам комил иймонга чорламоғи лозим. Бу амалнинг бир маъноси Роббисига бўлган шукрона изҳори бўлса, иккинчи маъноси одамзодга бўлган раҳму шафқат намойишидир. Зотан, Роббисини танимаганларнинг барчаси даҳшат ва фожиа ичида яшайдилар. Аллоҳга қул бўлмаган ўз ҳолича қолмайди, у, албатта, шайтонга ва нафсига қулдир. Бу тарзда яшаб ўтмоқ, умрни бу ҳолда совуриб юбормоқ охират ҳисоб-китобини билганлар учун аламли, изтироблидир. Улар инсониятнинг борар манзили маҳшар эканлигини кўриб, ўзи қатори ўзгаларнинг ҳам нажот топмоғини истайди. Мен ўзим солиҳ эмасман, лекин биргаликда солиҳ бўлсак! Биргаликда Аллоҳнинг раҳмати томон бирга борайлик!”
Ана шу одамлар йўлбошчидирлар. Улар ўлимдан қўрқмайдиган, мақсадлари йўлида жонлари ва ҳаётларини фидо қилган инсонлардир.
Уларнинг қалблари лолақизғалдоқ барги каби латифдир. Йўқ, лолақизғалдоқ баргидан кўра латиф, балки янги туғилган чақалоқнинг нафаси янглиғ пок ва ҳарирдир уларнинг қалблари.
Улар хиёнатлардан узоқ, садоқатда собит, фожир ва фосиқларни бир лаҳзада танийдиган инсонлардир.
Улар дўстлар олдида хокисор, душманлар қошида шердек қўрқмас, йўлбарсдек ҳужумкордирлар.
Улар зулм қилмаслар. Зулмга рози бўлмаслар. Золимни қўллари кишанли ҳолда даҳшатга соладилар, мазлумларни умидсизлик чоҳидан ишонч самолари томон олиб кетадилар.
Аллоҳ то сўнгги пайғамбарини Ер юзига юбормагунча минглаб элчиларини йўллади. Уларнинг барчалари инсонларни нажотга бошламоқ учун келдилар. Ҳар бир набий йўлбошчи эди. Аллоҳ таоло танлаган, тарбиялаган, гуноҳдан холи ва маъсум раҳнамо эдилар.
Инсониятни чиндан ҳам покликка, улуғликка, бахтиёрликка, абадий саодатга етаклашни истаган одам, шубҳасиз, пайғамбарларнинг ҳаёт йўлларини танишлари, билишлари шарт. Ҳақ йўлдагиларга келадиган синовлар, пасткашларнинг ёвузликлари, матонат, жасорат ва собитлик дарслари Аллоҳнинг элчилари босиб ўтган йўлга ёзилган. Бу битикларни ўқимаган инсон софдил йўлбошчи бўла олмайди.
Денгиз Хористон халқини нажотга етаклаши керак эди. Демак, у Аллоҳнинг элчиларини яхши таниши керак. Демак, у худди набийлар каби кўпдан-кўп азоб ва уқубатларга учраши ўта табиийдир.
Денгизга Аллоҳ икром қилаётган эди. У ўнг аралашган тушида ёки туш аралаш ўнгида пайғамбарлар ҳаётига гувоҳ бўлди.
Денгизнинг ўгай отаси, айни пайтда қамоқда ўтирган Исмоил унга гунглар тилида кўп ҳақиқатларни айтиб берди. Ҳолбуки, насиҳатлар ва қиссаларнинг ўзи етарли эмас. Ваъзлар, тушунтиришлар, изоҳотлар, шарҳлар инсонни синовларга ҳам тайёрлайди. Бошга тушажак қийинчиликлардан ёруғ юз билан ўтиш дастурини тақдим қилади.
579 views18:11
Ochish/sharhlash
2022-09-09 21:11:39 САҲРО

Роман

Мустафо ЮСУФ

Йигирма саккизинчи боб. Икки манзил

(Шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир, ақл юритмайсизми?

Ёсин сураси, 62-маъно таржимаси

Улар (шаҳидлар) Аллоҳдан бўлган неъмат ва фазлнинг ҳамда, албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажрини зое қилмаслиги хушхабарини бермоқдалар.

Оли Имрон сураси, 171-оят маъно таржимаси

Аллоҳ қайси қавмга лутф қилса, ўша қавм ичидан уларни қутқарувчи йўлбошчини чиқаради. Йўлбошчи ўз халқини жаҳолат ва разолатдан нажот ва улуғворлик томон етаклайди. Бу осон эмас.
Ҳар бир инсон ичида Нафс яшайди. Имом Ғаззолий нафсда рубубий сифат бор деб айтган. Рубубий сифатнинг маъноси шуки, бунда инсон ҳеч кимга итоат этмасликни истайди. Барча истаклари муҳайё бўлишини талаб қилади. Меҳнат қилмаса, жон куйдирмаса, кўнглидан неки ўтказса, бажо бўлса! Бу мақсадларига бироз эришгач, нафс энди мақтов ва улуғликни хоҳлайди. Ҳар қандай нуқсондан пок бўлсам дейди. Мукаммалликка эришсам дейди. Мени ҳамма мақтаса, барчага севимли бўлсам деб ич-ичидан тиланаверади. Одамлар мендан қўрқсалар, кўрганларида ҳайратдан донг қотиб қолсалар, жамики эзгу сифатларимни уларга кўрсатиб, олқишлар оғушида ҳаёт кечирсам, ҳаётнинг охири бўлмаса, ўлим нелигини билмасам, бутун олам менинг изну ихтиёримга таслимият келтирса деб орзулар уммонига чўкади. Ҳеч кимга эгилмасам, аксинча, менга эгилсалар, мен сўзласаму, тингласалар, гапирган одамлар ҳам фақат менинг мадҳимдан сўйласалар дейди. Уни эшитиб ҳузурлар ичига чўмсам дейди.
Бу нафснинг рубубий сифатидир, рубубийлик парвардигорлик, худолик демакдир. Яъни нафснинг худо бўлишгаиръйи бор. Ҳолбуки, оламни яратган Зот Аллоҳдир, У мақтовга лойиқ, У Ўзига мақтов айтилишини буюради. Нафс ўзидаги худолик талабини синдирмоғи ва якка Худога бўйсунмоғи лозим бўлади. Ана шунинг номини Ислом деб айтадилар. Ислом – нафсни якка Худо қаршисида таслим этиб, саломатликка эришмоқдир.
Йўлбошчи халқ ичида ўзини намоён қиларкан, унга қараб турган ҳар бир жуфт кўзнинг соҳибида ана шундай нафс яширинган. Хокисор турган одамнинг ичида мен худо бўлишга арзийман деган нафс аждаҳодек олов сочиб, филдек қутуради, шердек ўкириб, бўридек увиллайди, тўфондек уммонларни қўзғатиб, бўрондек ерни қўпармоқ учун интилади. Йўлбошчи ана шу нафсларни танийди. У ҳар бир одам ичида отилишга шай вулқондек нафснинг мавжудлигини идрок қилади. Унинг барча хитоби шу нафсга янграйди.
Одамлар эса шунчаки, сабабсиз йўлбошчига таслим бўлиб эргашишни истамайдилар. Улар қаршиларидаги одамдан ўзлари учун фойда кутадилар. Агар манфаат бўлмаса, таслим бўлиш ҳақида гап айтиш, ҳатто буни ўйлаш мумкин эмас.
Шунинг учун кўплаб раҳбарлар ўз мутеларига турли моддиятлар ваъда қиладилар: “Менга эргашинглар, бойликка эришасиз. Фаровон яшайсиз. Очлик ва чанқоқликни билмайсиз. Жазирамада салқинлик, қаҳратонда иссиқлик ичида бўласиз. Яланғоч қолмайсиз!..”
Мутелар ҳам ана шу ваъдаларга ишониб у одамнинг ортидан юрадилар. Ишонган раҳбарлари сўзини тутса, бошга кўтариб улуғлайдилар, ўлганидан кейин ҳайкалларини тиклаб, сохта байрамлар уюштириб ҳар йили бориб бош эгиб сиғинадилар. Оғизларидан бол томиб мақтайдилар.
Аммо Аллоҳнинг қонуни бошқа тартибда ишлайди.
705 views18:11
Ochish/sharhlash
2022-09-08 09:34:44 Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

«Саҳро» романи мухлислари!

Якунлаб, асарни муаллиф китоб шаклида эълон қилишни режалаштирган.

Шу муносабат билан график дизайн усталарига эълонимиз бор.

«Саҳро» романи Сиз тайёрлаган муқова билан чоп этилиши мумкин.
Шунингдек, китоб саҳифалари турли иллустрациялар билан зийнатланиши кутилмоқда.
График дизайн усталари ва тасвирий санъат моҳирлари «Саҳро» романи учун муқова ҳамда асар асосида ишлаган сурат, иллустрацияларини бизга тақдим этишлари мумкин.

Энг мақбул ишлар танлаб олинади ва муаллифи кўрсатилган ҳолда китобга киритилади.

Шунингдек, китоб саҳифалашда тажрибаси бор ижодкор мутахассисларни ҳам айнан "Саҳро" романини саҳифалаш ишида ҳамкорликка чақирамиз

Ўз ижодий ишларингизни юбориш ва қўшимча саволлар учун қуйидаги манзилга мурожаат қилинг:
@sahro_bot
2.1K views06:34
Ochish/sharhlash