Get Mystery Box with random crypto!

– Гапларинг жуда ҳам баландпарвоз, Хожа, – деди бир Кўзли ягон | SAHRO | Roman

– Гапларинг жуда ҳам баландпарвоз, Хожа, – деди бир Кўзли ягона кўзини йилтиратиб. – Тангрининг режасини бузиш барчамизнинг мақсадимиз, Унинг режаси – Одамни Ер юзига халифа қилмоқ! Биз Одамдан халифаликни тортиб оламиз. Тангри Одамга Ердаги ҳокимиятни топширди. Фақат Одам Тангрининг измида юриши керак. У ҳар бир ўлкада Тангрининг қонунлари қойим бўлгунича уруш қилиши лозим. Аммо биз бунга йўл қўймадик. Шундай бўлса-да, бугун мусулмонлар Ернинг жуда катта қисмини бошқаряпти. Вақт-соати етгач, мусулмонлар қўлида бир қарич ер қолдирмаймиз. Бу биз учун биринчи режа, ҳолбуки иккинчи режамиз бор! Бу Тангрининг режасини амалга ошириш! Қандай қилиб дейсанми? Биз қиёматни чақирамиз! Ерда илоҳий қонунларга амал қиладиган кимсалар қолмагач, қиёмат қойим бўлади! Бутун инсоният қирилиб битади, Тангри қурган коинот қасри кул бўлиб кетади. Биз инсониятдан шу тариқа қасос оламиз! Биз қиёматдан қўрқмайдиган одамларни тарбия қиламиз. Сенинг ўлжанг масаласига келсак, кўп кузатувларимдан маълумки, мусулмон зоти енгилмас бўлади. Азобласанг, ўз эътиқодига шу қадар маҳкам ёпишади. Лекин биз қайтмаймиз. Эътиқодларига маҳкам ёпишаверсинлар. Биз тўхтамаймиз. Уларни азоблаб ўлдирамиз. Сенинг йўлинг тўғри, эй менинг қулим! Биз жаҳаннам талабгорларимиз. Жаҳаннамда ёнишдан ҳузур қиламиз. Бизни қўрқитажак ҳеч нарса йўқ. Биз қўрқмаймиз! Барча мавжудотларга қарата қўрқма дея ҳайқирамиз! Сен ҳам қўрқма!
Хожа бир Кўзлининг ҳар бир гапидан куч олаётган эди. У ўзини ҳар қандай ишга қодир подшоҳ деб ўйлай бошлади.
– Одамларни умидсизликка кўммоқ керак. Ақл кўзларини кўр қил. Умидсизлик чангалига тушган одамдан ҳар қандай исённи кутмоқ мумкин. Умид қилган инсон ожиздир. Сенинг салтанатинг улкан, эй менинг қулим. Шайтонлар, жинлар сенга итоат қилишади. Одамларни васвасага солинглар. Уларнинг нафсларида гуноҳга, шаҳватга мойиллик бор, ана шу мойилликка мой қуйинглар. Гуноҳ оловида ёнсинлар. Ёниб кул бўлсинлар. Сўнг гуноҳларни одатий ишлар каби қабул қилсинлар ва Тангрига куфр келтирсинлар. Гуноҳларни ҳимоя қилувчилар Ер юзини қопласин. Улар мусулмонлардан нафратланишлари шарт. Мусулмонлар пок бўлганлари учун гуноҳкорлар уларни ёмон кўришсин. Мусулмонларни ҳамиша йўлдан оздирмоққа, гуноҳ ва исён йўлига киритмоққа урининглар! – бир Кўзли Хожага таълимот беришда давом этди. – Яна такрор айтаман. Такрор айтаман: тез-орада Ер юзи бизнинг қўлимизга ўтади. Бизнинг қулларимиз Ислом халифалигини ағдариб ташлайди. Ислом қадриятларини илдизи билан қўпорамиз. Одамлар Исломдан қўрқадиган, Исломдан нафрат қиладиган замонлар келади! Мусулмонларга Ернинг юзини торайтирамиз. Шунда қиёмат даҳшатлари оғушида қаҳ-қаҳ урамиз! Одамдан Ер ҳукмронлигини тортиб олганимизни байрам қиламиз! Биз бор бўлса, борлиққа, йўқ бўлса, йўқликка тикка борамиз! Ҳеч нарсадан ҳадик этмаймиз!
Хожа бир Кўзлининг олдида экан, унинг қуллари Денгизга азоб беришни бошлаб юборган эдилар: айтилган куни Денгизни зиндон саҳнига олиб чиқдилар. Қўлларини орқага қилиб, икки оёғини бирлаштириб чирмаб боғладилар. Қамчи билан аёвсиз урдилар. Денгиз тишларини тишига қўйди. “Миқ” этиб овоз чиқармади. Фақат калтак зарбидан танаси титрарди. У оғриқлар кучайгани сари душманига ичида аланга олаётган нафратни туярди. У раҳму шафқат сўраб илтижо қилиш ҳақида эмас, қўлларидаги занжирлар парчаланиб, уни азоблаётганлардан қасос олишни ўйларди. Денгизнинг фикрича, ўч олмоқ учун яшаб қолмоқ керак. Душман қўлида оҳ уриб йиғлаш эса мағлубиятдир. Ўзини таниган эркак учун бу ҳол ярашмайди. Аслида, Денгиз истаса ҳам, йиғлай олмасди. Чунки қаршисидаги ғанимдан шу қадар нафратга тўлдики, бу нафрат ҳар қандай кўзёшни тўғондек тўсишга қодир эди.
Денгиз юраги ёрилиб кетгудек ураётганини ҳис этиб турди. Кун бўйи давом этган калтаклашдан ҳолдан тойди. Аммо жаллодлар чарчамади, чунки улар кўп эди, уларнинг энг бақувватлари Денгизни урди.
Тун чўкди. Денгизни иситма тутди. Тонг отганини уни судраб чиқаётганларида сезди.