Get Mystery Box with random crypto!

Олиб чиқдилар ва муздек сувли ҳовузга улоқтиришди. Калтак зарб | SAHRO | Roman

Олиб чиқдилар ва муздек сувли ҳовузга улоқтиришди. Калтак зарбидан танаси лоҳас бўлиб, мушаклари бўшаган йигит чўкиб кетмаслик учун ҳар қанча интилмасин, қўл-оёқлари унга бўйсунмасди. Базўр ҳовуз четига етганда кимдир бошига тепди. Яна сув тубига чўкди. Нафас ололмай тепага талпинди... Яна чўкди. Ҳушини йўқотди. Кўзини очганида ўзини ташқарида кўрди. Аммо танасига куч келмай туриб, уни бошқа ҳовузга отдилар...
Қолган азобларни ёзишга қалам ожиз. Оёғини осмондан осдилар, бир кун сувсиз қолдирдилар, кигизга ўраб саваладилар, танасини икки бўлиб ташлашга қасд қилгандек икки тарафга тортдилар, оловли хонага ташлаб чиқишди, сочу соқолини қириб олишди... Жаллодлар унга азоб бермоқдамиз деган хаёлда эдилар, аммо Денгиз ҳушсиз бўлиб қолди. Жисми калтаклардан озурда бўлса-да, руҳи буни ҳис этмасди. Қўрқув уни тарк этгандек эди. Ҳар қандай ҳадик ундан қуш каби учиб кетди, гўё. Карахт бўлди. Уни ҳеч қандай хавотири йўқ, балки ўлимга тайёр эди. Агар қатл қилсалар, киприк қоқмасди шу онда.
Аммо саккизинчи кун азоблар тўхтади. Чунки Хожа бир Кўзлининг ҳузуридан қайтди. У Денгизни даволашга буйруқ берди.
Денгиз вазият ўзгарганидан аввал бироз ҳайратланди. Бутун вужуди, суяк-суякларигача оғриркан, онгидан оғриқ мусиқа каби акс садо бериб томир-томирларигача тарқаларкан, оламни, атрофдаги ҳар бир сасни тингларди. Оғриқ уни ажиб муҳитга етаклаб киргандек эди: у оғриқ остида ўта тийрак боқа бошлади коинотга, ҳатто зарраларнинг сўзларини, чумолининг қадам товушларини, юлдузларнинг милтирашлари, булбулларнинг каломидаги маъноларни, нурларнинг порлашига битилган сирларни тинглар, ўқир, англар эди, қошлари остидаги икки кўзи билан олд ва ённи кўрса, ўзи идрок этмаган ҳолда орқадаги, юқори ва пастдаги ҳодисотларни кузатмоқда эди. Гўё оғриқлар унинг учун лаззатга, ҳузурга эврилди, энди у улардан воз кечгиси келмаётгандек эди.
Ундан ҳам ажиброғи, Денгиз ўзини беҳад енгил сезди. Борлиғи ҳарир бўлди. Қушнинг патидек эди вужуди. Нурлар ичра кезарди. Ўзининг ҳақлигига шубҳаси йўқ эди. Фаришталар билан суҳбатлашаётгандек эди. У Ўзини яратган Вожибул Вужуд қаршисида титраркан, йўқлик сари кетишни истарди. Бемисл раҳмат, марҳамат, муҳаббат, лутф, карамдан эрир, эришини эса бирор мисолга сиғдирмоқнинг имкони йўқдек. Фақат Вожибул Вужуд қошида Унга беҳад таслимият, шукур ҳис этди. Ақли йўқолди. Руҳининг тили билан “Сен, Сен, Сен!” дер эди. “Сен Боқийсан, Сен Боқийсан! Мен йўқман! Мен йўқман!” – дер эди қалби. Ўзини сажда қилган ҳолда кўрди. Бошини саждадан кўтармас, шу ҳолда мангу, абадул абад қолишни хоҳлади. Мастлик, важд ҳадди аълосига кўтарилиб борди. Бу ҳол мусиқанинг лаҳнига ҳам ўхшарди. Бу лаҳн аввал тонгнинг сокин саси янглиғ эди. Кейин қуёшнинг қиздириши каби баландлади. Қуёш чошгоҳга келиб бутун оламни ловуллатгани сингари лаҳн жазб этди. Жазб куйдириш, тўлғаниш билан пайваста эди. Қалб: “Сен Боқийсан! Боқийсан! Боқийсан! Боқийсан! Жалолсан! Азимсан! Азизсан! Кабирсан!” – дер экан, нафс бу жазб ичида кул каби йўқликка сочилди.
Денгиз коинот бўйлаб қушдек кезиб юргандек эди. Қаерни кўришни истаса, ўша ерда пайдо бўлди. Ер кафт каби қаршисида намоён бўлди. У Ернинг атрофи Қоф тоғлари ила ўралганини, айланасига эса осмон билан қуршалганини аниқ ва равшан идрок этди. Ерни биринчи қават осмон доирасимон ҳолда иҳоталаб олган эди. Осмон шу қадар улкан эдики, ой гўё унинг ичида саҳродаги тугма каби бўлиб қолди.
Ажиброғи, бу осмон устидан иккинчи осмон ёпилган эди! Биринчи ва иккинчи осмон орасидаги бўшлиқда саноқсиз юлдузлар, қанотли ва қанотсиз мавжудотлар, нурга бурканган махлуқлар айланар, аслида, осмон ҳам бир томонга қараб ҳаракатда эди. Иккинчи осмон шаффоф, ўта мустаҳкам, ҳеч бир нарса синдириб ўта олмайдиган ойна янглиғ экан. Икки осмон орасида улкан дарвозалар кўринди. Дарвозаларнинг катталиги ақлга сиғмайди, балки ҳар бир табақаси Ердаги барча қуруқликлар каби бўлса, не ажаб! Бу дарвозаларда посбонлар қойим. Иккинчи осмонга тайинланган ҳукмдор ўзига зийнат берган бир зот бўлиб, у бу ҳудудда фаришта каби учиб юраркан.