Get Mystery Box with random crypto!

Барча билан сўрашиб бўлгач, тўрдаги зот ёнига чорлади: “С | SAHRO | Roman

Барча билан сўрашиб бўлгач, тўрдаги зот ёнига чорлади:
“Сен менинг ўнг томонимга кел”, – деди. Денгиз айтилган жойга борди. Сўнг барча яна ўз ўрнига чўкди. Барчанинг кўзи Денгизда эди.
“Сен қаерда эканингни айтай, болам, – деди унга ёнидан жой берган зот. – Сен асҳоблар даврасидасан. Менинг исмим Умар, бу Усмон, бу эса Али, бу эса Толҳа, бу Саъд, бу Зубайр, бу Абу Убайда, бу АбдурРаҳмон, Саиъддир. Сени кутиб олганнинг исми Холид, айтган бўлса керак”.
Денгиз бу исмларни ҳали эшитмаган эди. Аммо ҳар бир исм юрак уришларига ҳамоҳанг қалби тубига бориб ўрнашди.
“Денгиз! – Умар, Аллоҳ ундан рози бўлсин, шиддат билан сўз бошлади. Бу шиддат ичига эса қуёшдек муҳаббат сингиб кетган эди. – Билки, Аллоҳ оламни яратган ягона Зотдир. Унинг элчиси эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир! Биз ул Зот алайҳиссаломнинг хизматкорлари, издошларимиз. Сенинг зиммангга юкланган ишдан ўзимиз хабар бермоқ учун қошимизга чорладик”.
Денгизни титроқ тутди. У ўзини тутишга ҳар қанча тиришмасин ҳеч ўзини ушлай олмади. Кўзидан қанот қоққан қушдек учган ашк томчилари энди унинг ихтиёрида эмасди. Ўрнидан туриб ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг тиззаларига тиззасини қўйди.
“Ҳазратим, менга йўл кўрсатинг! Зулматларда қолиб кетдим! Ёрдам беринг, Ҳазратим!” – деди овози титраб. Шу онда Денгиз ақлини буткул йўқотди. Бўлаётган воқеаларни идрок эта олмас, қалб сўзлай бошлади.
“Сенга йўл кўрсатмоқ бизнинг вазифамиздир, – деди ҳазрати Умар. – Ҳеч нарсадан қўрқма! Аллоҳ Сенинг Дўстинг, Ёрдамчингдир! Аллоҳнинг дини Еру осмонда биттадир! Самовот ҳам, ғайбиёт ҳам, Ер остию усти ҳам – барчаси Роббимиз азза ва жалланинг динига таслимдир. Бунга таслим бўлмаган, Аллоҳнинг йўлидан юрмаганлар мангу бадбахтлик ичидадир! Сен Роббига таслим бўлган инсонсан! Аллоҳ сен биландир!”
Денгиз икки қўлини ҳазрати Умарга узатди. Халифа унинг қўлларини маҳкам ушлади.
“Гуноҳлардан четда бўл! Гуноҳларга яқинлашма! Тавба қил! Тавба қил! Роббимизнинг динини ўрган! Ибодатга маҳкам бўл! Аллоҳ бирдир, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг сўнгги пайғамбаридирлар, барча набийлар султони, танланган банда, ҳабибуллоҳ ва халилуллоҳдирлар!”
Денгиз ҳазрати Умарнинг қўллари орасидаги қўлларига қараб юраклари қинидан чиққудек урарди. Кўзёш эса у билан иши йўқ – қоядан пастга ўзини отган шаршара каби юзини ювар, яқиндагина чиқиб юзини қоплаётган кўркам ва сийрак соқолига бориб, мўйлар орасидан ўтиб, тиззаларига томчилаётган эди. У халифанинг ҳар бир гапини унга эргашиб қалби билан такрорлаб, қасам ичди: “Аллоҳнинг изни билан гуноҳлардан четда бўламан! Аллоҳнинг марҳамати ва ҳифзи билан гуноҳларга яқинлашмайман! Роббимнинг лутфи ила тавбани асло тўхтатмайман! Роббимнинг ёрдами билан ибодатда мустаҳкам тураман! Қасам ичиб гувоҳлик бераманки, Муҳаммад мустафо Расулуллоҳдир, соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Ул зот алайҳис салоту вас салом Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари, барча набийлар султони, танланган банда, ҳабибуллоҳ ва халиллуллоҳдирлар! Мен Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлига ҳаётимни, борлиғимни, танимни, жонимни, қалбимни, ақлимни, руҳимни фидо этаман! Мавжудиятимни Аллоҳнинг йўлига бахшида этаман ва бунда собит бўлмоқ учун Роббимизнинг ёрдамига ҳамиша кўз тутаман, Ундан розилик ва қўллов кутиб ўтинаман! Танамдаги бир жонимни, агар мингта бўлса ҳар бирини Роббимнинг йўлида бахтиёрлик, шодлик, севинч ила топширишни дуолар қилиб сўрайман!”
“Сенга фарздан бўлак беражак вазифаларим бор, – деди ҳазрати Умар. – Ҳар куни қалбингни тасаввур эт ва Аллоҳни тўхтовсиз зикр қил! Фажр намозидан сўнг...”
Денгиз бир қанча зикрларни ҳазрати Умардан қабул қил. Бошларини эгдики, узоқдан кўрганлар у халифанинг кўксига бошини қўймоқда деб ўйлашлари аниқ эди. Аммо ҳар бир калимани тинглаб юрак-юрагига жойлаш ва ёддан чиқариб юбормаслик учун эгилаётган эди. Зотан, у ўз ҳолидан ҳам ғофил эди.