Get Mystery Box with random crypto!

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу зикрлар топшириғини бергач, ўринл | SAHRO | Roman

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу зикрлар топшириғини бергач, ўринларидан турди. Денгиз ҳам ўрнидан турмоқчи эди – қуввати етмади, халифа икки қўли билан унинг билакларидан ушлаб ёрдамлашди. Бу бақувват қўллар эди. Буюк Инсон вужудидан тошиб порлаб турган файз, қувват Денгизнинг томирларига қон каби оқиб кирди.
Даврадагилар бир овоздан: “Муборак бўлсин!” – дедилар. Бу буюк халифадан дарс олиш ва унга қасам ичиб байъат бериш саодати қаршисидаги қутлов эди.
“Мени бағрингизга босинг...” – Денгиз шундай дедию, бошини ҳазрати Умарнинг елкасига қўйди ва ҳушидан кетди...
Ҳушига келганида у очиқ дарё юзасида сузиб борар, тўлқинлар уни кафтида авайлаб соҳилнинг қучоғига қўймоққа шайланаётган эдилар.
Денгиз жисми сув ичида ҳарорат билмас ҳолга келганлигини билди. На иссиқ, на совуқни сезар, гўё барча сезгилар ўлгандек эди.
Дарёнинг бўйи майин қум. Дарё ўзанига сиғмасдан қумлоқ қирғоқ ювиб оқади. Ёки икки соҳилга лабларини қўйиб, тўймасдан ўпиб оқади.
Майин қум ҳовучига тушган Денгизнинг тинкаси қуриган. Ёнбошлаб ётган бўлса, чалқанча тушишга мажоли йўқ. У соҳилга келиб тушган чоғ тонг ёришган, қуёш машриқ бўйлаб ўз ҳукмронлигини ўрнатиб, осмон тоқига тулпор чоптириб келаётган палла эди. Қуёшнинг нур бармоқлари йигитнинг юзларини силади. Денгиз қаърига чўкиб, ер ости дарёсидан оқиб Дажла соҳилига келган Денгизнинг бутун вужуди, балки ичаклари ҳам тозалаб ювилган, ҳатто ҳужайраларида ҳам кирлик қолмаган эди. Онги карахт, сўзлашга, сасланишга-да заиф ҳолда ётаркан, тонг сабоси Бағдод боғларидан лаб очган ғунчаларнинг, Кемах тоғларидан чечакларнинг нафасларини олиб келиб димоғига тутди. Юраги заиф урса-да, яшаш учун сафарбар – енгилмаслик йўлида етти қават осмон устига ҳам қанот қоқиб парвоз этишга шай эди.
Шундай эди, аммо у ҳамон кўмакка муҳтож. Инграниб кўкка боқди. Дажла унинг оёқларини ювиб кетаверди. Осмон – мовий. Қанот қоққан бургут ерга ўткир нигоҳларини тикиб учади. У ўзига ўлжа излаяптими ёки ўзи ҳукмронлик қилаётган ҳудудларга душман беадабларча қадам босмадими дея текшираётирми?!
Сал қуйида эса тўрғайлар, қалдирғочлар вижирлайди. Тонг шукуҳи еру самони қоплаган.
Қум тонг бўлишига қарамай илиқ эди, унинг тафти Денгизнинг борлиғи бўйлаб ўрлади. Кўкка қараб кўзлари толиққан йигит ўнгга ёнбошлашга тиришди. Қувватини жамлаб ўнгга ўгирилди. Чарчоқ устун келиб кўзларини юмди. Бир неча лаҳза ўтиб у томон кимдир келаётганини фаҳмлади. Фаҳм нигоҳлари англади, аниқроғи.
Кўзини очди ва ёғоч кавуш кийган оёқни кўрди. Барваста, юзлари қизил, соқолига оқ оралаган, бошида яшил салла, эгнида кенг ридо танасини ўраган, изори остидан кенг шалвари кўзга ташланиб турган инсон унга яқинлашди. У Денгизнинг бошига ўтирди. Унинг тириклигини билди. Пешонасига қўлини қўйди.
– Яхшимисан, болам? – деди меҳрибон сас билан. Денгиз кўзларини “ярқ” этиб очди. Бу ақлли кўзлар эди. Унда на ҳорғинлик, на умидсизлик! Унинг ёнига келган одам эса давом этди. – Тушимга ҳазрати Умар етти кунки киради, Дажла бўйига бор деб айтади. Тонгдан келиб шомгача ўтираман. Сўнг қайтаман. Яна амирулмуслимин тушимга киради. Дажлага бор дейди. Ул зот сенинг келишингни айтганми эдилар? Исмим Язид. Боязид ҳам дейдилар. Бистом шаҳрини биласанми? Боязид Бистомийман.
Денгиз бундай шаҳар номини умрида эшитмаган эди. Билмасди. Шу онда Боязид Бистомийдан ёшроқ, навқиронроқ бири кўринди.
– Устоз, дарё бўйига кетганингизни тахмин қилгандим, – деб келарди у. Боязид Бистомий унга ўгирилди:
– Болам, бу йигитни даргоҳга олиб борамиз, замбил келтиринглар. Тезроқ.
Денгизни замбилга солдилар. Замбил оҳиста тебраниб йўлга тушди. Денгизни уйқу босди. Ухлаб қолди.
Боязид Бистомий эса ундан кўз узмай қараб борарди.