Get Mystery Box with random crypto!

Бизлар қуруқ ерни кўрамиз. Ер устидаги кўл, денгиз ва дарёларн | SAHRO | Roman

Бизлар қуруқ ерни кўрамиз. Ер устидаги кўл, денгиз ва дарёларни кўрамиз. Уларда чўмиламиз. Сувларини ичамиз. Аммо шу тупроқ қаърида ҳам денгизлар ва дарёлар сассиз оқишини тафаккур этмаймиз. Балки тасаввурга сиғдира олмаймиз. Ҳолбуки, Ер остида улкан сув ҳавзалари, ҳатто океанлар мавж уради. Улар ўзанларни тўлдириб оқади. Тўлқинланади. Улар ўз чегараларини бузмайдилар. Ҳатто бу сувлар ичида жонзотлар яшайди. Бу сувлардан айримлари булоқ бўлиб тоғларнинг бағридан ташқари оқиб чиқади. Айримлари эса океан ва денгизлар билан қаърида ер ости ўзанлари орқали бирлашадилар. Бу сувларнинг барчаси осмондан туширилган.
Денгиз кўрган рўёлардан бирида “Аллоҳга иймон келтиринг!” – дея жон куйдирган бир пайғамбар бор эди. У пайғамбар минг йил атрофида машаққат чекди, инсонлар эса уни мазах қилишдек нодонликка журъат этдилар. Аллоҳ таоло эса пайғамбарга кема ясашни буюрди. У ўрдак шаклидаги кемани ясади. Сўнг осмондан сувлар ёғилди, ердан булоқларнинг кўзлари очилди, Ер юзини сув босди. Булоқларнинг кўзи очилиб, осмонга фаввора каби сувларнинг отилиши Аллоҳнинг амри билан юз берган бўлиб, бу сувлар Ер ости денгизларидан, дарёларидан отилган эди.
Денгиз ер ости дарёси оқимига тушди ва уни шиддатли оқим қаро тупроқ бағридаги ўзанга олиб кириб кетди.
Бу дарё у қадар эмас, жуда катта тезликда оқар, агар Денгизнинг ҳуши ўзида бўлса, оқим суръатидан ақлини йўқотарди. Аммо ҳушсизлик, ўпкасига қадар кириб бораётган сув унга ҳеч нарсани англаттирмади.
Ўтган фурсатларни ҳисоблаш имконсиз эди.
Аллоҳ Ўзи икром қилган бандалари учун лаҳзаларнинг оёғига кишан уришга Қодир Зотдир. Аллоҳ кимга муҳаббат қилса, бу муҳаббатнинг қиёси, мисли бўлиши мумкин эмас. Денгизнинг ер ости дарёси ўзанидан камондан учган ўқдек ўтиши ҳам Роббал оламийннинг лутфидан бир тажаллий эди, аслида.
Шиддатли оқим Денгизнинг танасини ер устида оқадиган дарёга олиб бориб улоқтирди. Тўлқинлар, сувнинг босими бу жисмни лолақизғалдоқ япроғини қучоқлагандек авайларди, аслида.
Ўтган қисқа фурсатларда Денгиз неларни бошдан кечирди? Зотан, жисм жонидан айрилса ҳам, руҳ йўқликка юз тутмайди. У руҳлар оламига кўтарилади. Инсон лойиқ бўлган мақомда унинг руҳи макон тутади.
Денгиз денгиз ости жаннати ҳуснидан ҳушини йўқотиб, бошқа бир гулшанга қадам қўйган эди. Бу гулшан васфига тил ожиз бўлган маъво эди.
Денгизни баланд бўйли, юзи нурли бир инсон кутиб олди.
“Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, эй Аллоҳнинг суйган бандаси! Келдингми? Сени кутмоқдамиз!” – деди очиқ чеҳра билан.
Денгиз умрида бу қадар гўзал юзни кўрмаган эди. Тили тутилиб, бирор калима айта олмай қолди.
“Ва алайкум ассалом де, дўстим! – деди мезбон кулиб. – Сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати, барокати ва мағфиратини тилайман де!”
Денгиз ғўлдириб, ҳаяжонланиб айтилган сўзларни такрорлади.
“Исмим Холид, Ислом лашкарида хизмат қилган жангчиман”, – йўл-йўлакай ўзини танитди мезбон.
Денгиз атрофга қарашни ҳам, уни кутиб олганнинг жамолига термилишни ҳам билмай қолди. Мезбоннинг жамоли бу боғнинг зийнати эди. Аслида, у бўлмаса, боғнинг маъноси қолмас эди.
Боғ ўртасида ҳалқа қурган улуғлар ўтирган эди.
Барчалари эгнига оппоқ жуббалар, ридолар ёпинган, бошларида қора, яшил, оқ саллалар ўралган, кўзларида юлдузлар порлаган, юзлари ойдек нур сочган инсонлар эдилар улар. Соқоллари кумушдек оппоқ, тишлари дурдек товланарди. Барчалари кўзларини ерга тикканлар, нигоҳлари нигоҳларга кўзгу эди. Денгиз даставвал улар бир-бирлари билан суҳбат қуряптилар деб ўйлади, аммо кўрдики, ҳеч бирининг лаблари қимирламас, оғизларидан сас ҳам таралмаётган эди.
“Кел, кел”, – дедилар улар жилмайиб. Барчалари Денгиз учун ўринларидан турдилар. Кутиб олувчи: “Бу ёқдан бошланг!” – деди. Денгиз шу томондан улар билан бирма-бир сўраша бошлади. Улар аввал Денгизнинг қўлларнинг авайлаб кафтлари орасига олдилар. Сўнг ўнг ва чап тараф билан бағирларига босдилар. Ҳар бирлари билан бағирлашаркан, Денгизнинг руҳи қанотсиз кўкларга учгандек бўларди. Умрида бу қадар ҳаловат ва хокисорликни, улуғворлик ва покликни у туймаган эди.