Get Mystery Box with random crypto!

Ҳайқириб оқаётган, тўлқинлари қирғоқларни юваётган, ичига не-н | SAHRO | Roman

Ҳайқириб оқаётган, тўлқинлари қирғоқларни юваётган, ичига не-не кемаларни жимгина ютиб юборган, назар солганнинг қўрқувини уйғотадиган, бағрида коинот каби бир оламни сақлаётган денгиз ўз исмдошини озорларсиз бағрига босди. Сузишни билмайдиган отдошини кафтида, тўлқинларнинг кипригида авайлаб душман қоясининг остидан узоқлаштирди.
Денгизнинг ортидан пешма-пеш сувга тушганлар эса қочқинни кўра олмай қийналишди. Бошқалар қирғоққа тушиб келганларида Денгиз денгизнинг қаърида кўринмай кетди. Айни дамда хабар яшин тезлигида Хожага етиб борган эди, у ўтирган жойидан туриб кетди. Қабулхонасига сиғмай қасрининг томига югуриб чиқди, икки хил рангли кўзлари чақчайди, ғазабдан гезариб қалтиради.
– Дурбин келтиринг! – дея бақирди. Дурбин билан тўлқинлар қаърига олазарак қаради: қочқин кўринмади. Ўнта соқчиси – улар маҳоратли сузувчи ҳам эдилар – кучларини аяб, айни пайтда тўлқинлар зарбини ҳисобга олиб сув ичида балиқдек ҳаракат қилар, дамба-дам ғаввос каби денгиз тубига шўнғиб чиқмоқда эдилар. Қирғоқда эса соқчибоши тез сузадиган ёғоч кемаларнинг лангарини кўтартирди.
Хожа ўзига кела олмаётган эди. У тузган режалари барбод бўлгани учун нима қилишини билмаётган эди.
“Итни қўриқлаган ҳамма соқчиларнинг бошини оламан!” – ҳозир унинг хаёлида фақат шу бор эди.
“Қўлга тушган заҳоти қатл этилсин дейми? Йўқ, бундай қилсам, қочишнинг жазосидан ўта енгил қутулган бўлади! Бошқалар ҳам қочмаслик ибратини олишлари учун тирик тутишим керак! Терисини шилдириб, ичига сомон тиқтираман, терисиз қолган танасига туз септираман! Вужудини қиймалатиб ташлайман!”
– Жинлар лашкари! – кўзлари қонга тўлиб яна бўкирди Хожа. Шу ондаёқ қаршисида унинг жинлардан иборат истихборот хизмати раҳбари бўлган жинлар амири пайдо бўлди. У бошдан оёқ жун билан қопланган, қулоқлари тиккайган, кўзлари чақчайган, оёқлари дам тирноқли, дам туёқли шаклга кириб турадиган, бошига тож кийиб олган яланғоч бир махлуқ эди.
– Буюринг, Хожам! – деди. Одатда, Хожа жинлар лашкарини, айниқса, истихборот бўлинмасини асло безовта қилмас, улардан қасрнинг энг қоронғу ҳужраларида ҳисоботлар қабул этар ва топшириқлар берарди. Ҳозир у бу анъанани бузди. Ақл ишламаётган эди. Аслида, умуман ишламайдиган ақл бу онда умуман ҳаракатини йўқотди. Жинлар амири фақат Хожага кўринар, бошқалар эса кўрмасди, табиий.
– Маҳбус қочди! – овози титраб амр берди Хожа. – Денгиз тубигача тушинглар! Денгизни қаричма-қарич қидиринглар! Топинглар! Қўл-оёғини ерга текизмай ҳузуримга келтир!
Осмонда қора тутун пайдо бўлди ва денгизга тушиб сувга сингиб кетди. Булар маҳоратли жинлар жамоаси эди. Улар жосуслик, сир ўғирлаш, қиёфаларга кириш, ҳар қандай девор ва тўсиқларни кесиб ўтишга уста мутахассислар эди.
Лекин Денгиз йўқ! У балиққа айланиб сув тубига равона бўлдими ёки қушга айланиб булутлар узра парвоз этдими?
Жинлар лашкари сув ичига кириб ахтара бошладилар. Кемалар сув устида сузди. Қочқин эса топилмади. Қидирув шомга қадар давом этди.
– Агар маҳбусни кит еб кетган бўлса ҳам, наҳанг ошқозонида ҳазм бўлиб кетган бўлса ҳам, топишларинг керак! – Хожа талабни қаттиқроқ қўйди. Имкони бўлса, унинг ўзи Денгизни топиш учун денгизга тушишга ва кечаю кундуз сузишга тайёр эди. Топиб Денгизни майдалаб ёқиш иштиёқида эди у. Аммо қидирувлар бесамар кетди. Ердан ҳам, кўкдан ҳам, сувдан ҳам чўлдан ҳам Денгизни топмадилар. Денгиз эса ҳушини йўқотган эди. Бу қандай содир бўлди?
Денгиз денгиз қаърига тушгани сайин нафас олишни унутди. Кўз ўнгида ранг-баранг дунё очилди: денгиз ўтлари, турфа товланган балиқлар – барчаси бир томонга қараб оқаётгандек, йўқ, ундай эмас, дам бир тарафга эгилса, дам бу тарафга. Денгиз тубида кўринмас шамол борми? Йўқ, булар турфа тарафга қараб оқадиган, бир-бирига сира тўқнашмайдиган оқимлар эди.
Оқимларнинг айримлари заифроқ, айримлари эса кучлироқ. Денгиз денгиз ости гўзаллигига ошиқ бўлиб, ҳушидан кетаркан, ўзини қайси оқимга тушиб қолганлигини фаҳмламади. Бу оқим ер ости дарёсининг оқими эди.