Get Mystery Box with random crypto!

Уни тош зиндондан чиқардилар. Аввал узун йўлаклардан олиб ўтиш | SAHRO | Roman

Уни тош зиндондан чиқардилар. Аввал узун йўлаклардан олиб ўтишди. Сўнг катта дарвоза олдида кутиб турган аравага келдилар. Бу онда унга янги либослар кийдирилган, иззат ва ҳурмат ичида эди. Ходим табассум билан тавозе кўрсатмоқда.
Денгиз бу фитна ва алдов эканига амин бўлди. У барча воқеаларни, хаёлот ва ҳақиқатларни бир нуқтага жамлади, ўзи кимлардир учун муҳим шахсият сифатида туюлаётганини тушунди. Золимлар қўлида ортиқ қолишга рози эмасди, у ўзи қилиши керак бўлган ишни топиши шарт эди.
Уни шоҳона аравада ўрмон ичидан қоялар узра қад кўтарган Хожанинг қасрига элтмоқдалар. Хожа Денгиз билан очиқ суҳбатлашмоқчи эди. Унга Хористон ҳокимиятини таклиф этишни режалади. “Денгизни очиқ осмон остидан олиб ўтсам, ўрмон ва дарахтларни кўрсатсам, шунча зулм ва жабрдан сўнг менга итоат қилади, барибир унда ўзига ишонч кам, ҳали дунёни танимайди”, – деган хаёлларга ғарқ эди у. Бир томондан Хожа ҳақ – Денгиз оламда ҳали нимани кўрди? Хористоннинг чўлини, тошдан ясалган одамларини, хорликка мубтало бўлган қултабиатли инсонларни, Исмоилни, зиндонни ва азобларни...
Хожа Денгиз кўп нарсани билмайди, у ўзининг нима учун жазоланаётганидан ғофил деб ҳам ўйларди, у Денгизга маълум бўлган илмларни тасаввур ҳам эта олмасди, зотан. Шунинг учун маромни олишда адашди. Вазиятни баҳолашда янглишди.
Денгизни олиб кетаётган аскарлар жангари, қувватли ва маҳоратли эди. Денгиз аравада ўтириб, пардани кўтарди, чайқалиб кетаркан, яшилликка бурканган табиатга кўз солди. Хаёлида Хористон саҳроси жонланди. Тошлардан қурилган уйлар. Тоғ остидаги кон. Бир хил кийинадиган одамлар. Кийинтирилган одамлар. Тоғ қаъридан тилла қазиб олиб, эритишга мажбурланганлар... Хористон аҳлининг чеҳрасига тамғаланган ҳадик муҳри, муҳрланган қуллик тамғаси... Бир-бирининг сирини ўғирлаб сотадиган одамлар... Ҳеч қачон ўз ҳаётини ўзи тасарруф этишни истамайдиган, тери ва устухондан иборат, сувратида одам қиёфаси қолган, еб-ичиш ва жисм эҳтиёжларидан ташқари чиқмайдиган, ундан ташқарини ўйламайдиган ғариб бир жамоат...
“Бундай яшаш мумкин эмас! Ортиқ бундай яшаб бўлмайди! – Денгизни шу сўзлар эгаллаб олди. – Бизни қул қилиб ушламоқдалар. Ҳаёт бошқача бўлиши лозим. Бошқача! Мен, албатта, ўша ҳаётни излаб топаман!”
Арава орол бўйлаб юраркан, Хожанинг қасрига бориш учун тош кўприк устидан ўтиш керак. Бу тош кўприк, аслида, сув устига ястанган тоғ. Унинг юзаси текисланган.
Ости эса чуқур – тубига тўлқинлар урилади. Қараганнинг ваҳми келади. Арава айнан шу кўприкдан ўтаркан, Денгиз фурсат келганлигини англади. Англаса-да, ичидан иккиланиш тошди. Арава дарчасидан ўзини отишга шайланаркан: “Сувга бориб тушаманми? Ишим тўғрими? Тутиб олсалар-чи! Балки энди ҳаммаси яхши бўлар! Кутсам-чи!” – деган ўйлар оёғига тушовдай ёпишди. Аммо кўз ўнгида яқиндагина тугаган зулмлар ўта бошлади, чеккан оғриқлари вужудига тумандай ёпирилди.
“Йўқ! Асло! Булардан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди! Ё Аллоҳ! Мени шайтонга таслим этма!” – Денгиз шундай деди ва ҳеч қандай хатарни ўйламай ўзини шоҳона араванинг дарчасидан пастга қараб отди. Шу қадар тез ҳаракат қилдики, унинг дарча ичидан қушдек учиб кетганлигини қора кийиниб, тишидан тирноғига қадар қуролланган соқчилар фаҳмлашга ҳам улгурмадилар. Лекин соқчилар бошлиғи сезди. У саф аввалида эди. Қандайдир ҳаракат шарпасини илғаб ўгирилди ва сувга етиб борган Денгизни кўрди. Қиличини суғуриб ҳавода ўйнатди:
– Маҳбус қочди! Маҳбус қочди! Денгизга тушамиз! Денгизга сакранглар!
Соқчилар уйқудан уйғонгандек сескандилар ва ўнг томонда сувда бир кўриниб-кўринмай кетаётган Денгизни кўрдилар. Шу ондаёқ ўнта соқчи ўзини сувга отди. Соқчибоши қолганларга қояни айланиб соҳилга тушишга буюрди.
Денгиз денгизнинг бағрига тушган эди. Ажабланарли жойи шундаки, у ғорда туғилди. Саҳрода улғайди. Ўгай отаси унга гунг ва карлар тилида Қуръондан дарс берди. Кейин ўзи билмайдиган сабаб билан зиндонга солинди. Умрида бирор марта сувда сузмаган эди Денгиз. Исми Денгиз эдию, денгиз қучоғига кирмаган эди ҳамон.