Get Mystery Box with random crypto!

Денгиз учинчи қават осмонда қўлига қалам тутган бирини кўрди. | SAHRO | Roman

Денгиз учинчи қават осмонда қўлига қалам тутган бирини кўрди. У бу фалакда худди уммон устидаги бир капалакдек эди. Учинчи осмон икки осмонни бағрига олган. Тўртинчи қават осмонда қуёш собит экан. Қуёш ҳамма кўрганидек оловдан иборат эмас эди! У юм-юмалоқ, вужуди нур билан тўлган яратиқ экан! Унинг нури осмонлар бўйлаб таралиб, биринчи осмоннинг кўксидаги Ернинг юзига етиб борар, ҳар бир гиёҳ ва тирик жонга ҳаёт улашмоқда эди. Ҳар он, ҳар лаҳза!
Бешинчи қават фалакдаги жангчи инсонни сескантирарди. У бошидан-оёқ қуролланган ҳолда ўз салтанатини кезарди. Кўзларидан олов сочадиган саркарда ҳеч кимга раҳм қилмас эди. Олтинчи қаватда эса нуроний бир зот жилмайган кўйи қўлидан тасбиҳни қўймас экан. Унинг борлиғидан файз, улуғлик ёғилади. Еттинчи қават осмон соҳиби қоп-қора экан. Боши катта, кўзлари тунд, ўзи қари қиёфали посбон осмоннинг ичида балки зарра кабидир, аммо ўз ҳокимиятини жуда яхши билиши ойдай равшан.
Денгиз кўраётганлари қаршисида тили лол, ақли ҳайрон экан, қалби етти қават осмон бўйлаб бир хил оҳангни тинглади. Бу оҳанг: “Сен поксан! Сен улуғсан! Сенда нуқсон йўқ! Сенда хато йўқ! Биз хатокормиз! Биз айбдормиз! Сенга сиғинамиз! Ҳукм Сеники! Сўз Сеники! Биз таслиммиз! Сени етарлича улуғлай олмаяпмиз! Сени етарлича мақтай олмаяпмиз! Сен раҳмлсисан! Сен шафқатлисан! Сенга таслим бўлганларга раҳм қил! Лутф қил! Рад этганларинг Ўзингга ҳавола! Сенга сиғинганларга муҳаббат кўрсат! Бизларни ёлғиз ташлама!” – деган маънолардан иборат эди. Бутун коинот фақат мана шу маъно билан тўлиб-тошган эди.
Денгизнинг кўзлари Ердаги ҳар бир сув зарраси, қум донаси, ўсимлик томирларига қадар назар солди. Уларнинг барчаси мана шу нидо билан яшаётганлигини кўрди.
Денгизнинг ҳайратларида поён йўқ эди. У ўзини ҳеч нарсалигини англаб етди. Унга ато этилган англам, ақл, туйғу, борлиқ – барча-барчаси лутф, карам, муҳаббат ифшоси, ишқ инкишофи эканлигини туйди. Ҳа, туйди. У ақл етмас, идроклар қамрай олмас Қудратни билди. Бу Қудрат Вожибул Вужуд эди. Вужуди вожиб бўлган Зот эди У. Унинг зотини кўзлар кўрмас, вужудлар Унга етмас, У ўз махлуқларидан мангу ажралган Холиқ, сифатлари ва исмлари васфига сўзлар ожиз бўлган Илоҳ эди.
Денгиз маст эди. Мастликдан айрилишни хоҳламади. Аммо оғриқлар камайди. Уни даволашга киришдилар. Энди у ўзини Ерда эканлигини кўрди. Қўллари кишанли, ихтиёри кимлардир томонидан чекланганлигини билди. У ўзига қилинаётган зулмлар ҳеч нарса эканлигини англади. Исёнлар, инкорлар, куфр, ширк Илоҳ учун нақадар ҳақсизликлигини, одамларнинг, жинлар ва шайтонларнинг гуноҳлари ўзлари учун беҳад улкан азоблигини, ғафлатлигини, бу билан Илоҳ азаматига зарра қадар зиён етмаслигини, Унга сиғиниш, Унга мақтовлар йўллаш, Унга ибодат энг олий амал эканлигини, бу йўлдан чиққанларнинг даҳшатли фожиа ичида қолганларини тушунди. Тушунмоқ сўзи бу ҳақиқатлар англовини ўзига сиғидира оладиган сўз эмасдек, балки Денгиз бу англамлар ичига ғарқ бўлди, балки Денгизга барча пардалар кўтарилди. Унинг идрокини бир муаллиф сифатида, бир ёзувчи ўлароқ мен тасвирлаб бера олмайман.
Шу нарсани айта оламанки, энди Денгиз ўзини буткул Илоҳ йўлига бағишлади. У ўз Роббисининг Сўзларини ҳаётига буткул татбиқ этиш орзуси билан ёнмоқда эди, холос. Унга Исмоил Худонинг сўзини гунг ва карлар тилида ўргатган. Денгизнинг қулоқлари яхши эшитади, аммо Исмоил сўзлай олмасди. Тиллари кесилган эди-ку! Денгиз Худонинг сўзларини тили, овози бўлиб айта олмас, зотан, у буни умрида тингламаган, фақат қалбидан Илоҳий калом маъноларини қайта-қайта ўтказар, қўллари билан тинимсиз ўша сўзларни “такрорлаш”и мумкин, холос.
Денгизни оғриқлар тарк этгач, у узоқ-узоқ хаёллар сурарди. Хаёллар сураркан, бармоқлари ҳавога Сўзларни ёзади. Илоҳ Сўзларини!
У аччиқ ҳижрондан қийналмоқда эди. Ҳижроннинг таъми ўта аччиқ эди.
“Мени қутқар! Мени қутқар! Мени қутқар!” – Денгиз қутулишни истаётган зиндон бу зиндон эмасди, бу айрилиқ зиндони эди.
Орадан бир ой ўтди. Аммо бу ой қандай ўтди, Денгиз билгани йўқ, у мангу ҳажр йўлидаги бечора эди айни замон.