Get Mystery Box with random crypto!

Қодировнинг янги пластинкаси Қодировнинг фикрлашидан ажабланм | REPORTER

Қодировнинг янги пластинкаси

Қодировнинг фикрлашидан ажабланмаслик керак. “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодировнинг: "Минтақада автосаноатни шакллантириш учун озмунча меҳнат қилинмади. Бизнес талаблари ўз вақтида бу лойиҳани фойда келтирмайди, деб ҳисоблаган. Тўлов қобилияти паст бўлган давлатларда автосаноат яшаб кетолмайди. Буни тушунган тушунади. Ўзбекистонда автосаноатни йўқ қилиб, хориждан автомобиль олиб келишни йўлга қўйишни "халқпарвар" таклиф сифатида илгари сурганлар нафақат сиёсатни, балки иқтисодни ҳам тушунмаса керак", деган фикрларидан ажабланмаслик керак.

Чунки бундай гапни иқтисодчиям, сиёсатчиям гапирмайди. Бундай гапни дорилфунун остонасини ҳатламаган одамгина гапириши мумкин.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримовнинг UzAuto Motors монополиясига қарши курашишнинг ягона йўли — кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтириш деган фикрига муносабат билдирган Парламент спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров бундай фикрдагиларни популизмда (аслида бу қиёс иқтисодиёт тармоқларини мувозий ривожлантиришга масъул бўлган Бош вазир Абдулла Ариповга тегишли), машҳур бўлишга интилишда айблайди.

“Олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмуни”ни антимонополчилар ва уларнинг тарафдорлари бошқачароқ тушунади. Эркин бозор иқтисодиёти монополлаштирилган иқтисодиётга антиподдир. Миллий иқтисодиётимиздаги айни аҳвол ана шунинг касридан. Ижтимоий-сиёсий, молиявий-иқтисодий монополизм давлат тараққиётига тушов бўлди.

Натижада жаҳон ҳамжамиятига интеграциялаша олмадик. Ўз ҳудудимизда биқиниб ётдик.

Табиийки, буларнинг нуқси кўпларнинг фикрлаш тарзига ҳам таъсир кўрсатди. Акс ҳолда “Бизнес талаблари ўз вақтида бу лойиҳани (автозавод қуришни - Reporter) фойда келтирмайди, деб ҳисоблаган.

Тўлов қобилияти паст бўлган давлатларда автосаноат яшаб кетолмайди(?!). Автосаноат давлатларни ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам интеллектуал кучли қиладиган тармоқ», деган асоссиз, тутуриқсиз, бир-бирига зид гаплар баён этилмасди.

Чорак асрки, иқтисодиётнинг битта тармоғини эплай олмадик. Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган машиналарнинг эллик фоиз бутловчи қисмлари ўзимизда ишлаб чиқарилмайди. Чунки монополизм, унга ёнма-ён юрадиган коррупция соҳани ривожлантиришга йўл бермади. Соҳа тўртта одамнинг истак-хоҳиши билан тебратилди, асло халқнинг фикри-зикри билан эмас.

Антимонополчиларнинг хатти-ҳаракати халқ томонидан муносиб баҳоланмоқда. Айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари билан машиналарнинг нархи оширилиши олди олинди. Айнан уларнинг далил-исботлари билан автомобилар импортига ўрнатилган бож тарифлари пасайтирилди. Бу каби ўзгаришларни Қодиров сезмаётган бўлиши мумкин, лекин у кишининг сайловчилари ўз ҳаётларида сезиб турганига ишончим комил.

Шундан мен каби инсонлар парламент фракцияси раҳбарининг, демпартия лидерининг «Одамларга яхшилик қилаётгандек кўринаётган бу ғоялар остида Ўзбекистонда ёмонлик ётибди”, деган фикрларига мутлақо қўшилмайди. Менимча ватандошларимиз уларнинг ўз функционал вазифаларини ҳалол бажараётганини фақат олқишлаши мумкин.

Либерал иқтисодчилар “Ўзбекистонда автосаноатни йўқ қилиб, хориждан автомобиль олиб келишни йўлга қўйиш” таклифини халққа ёқиш учун илгари суришмаяпти, балки бу фикри билан соҳани рақобат асосида ривожлантириш мумкинлигини таъкидлашаяпти. Қуйи палата раиси ўринбосарининг соф иқтисодий фикрга сиёсий тус бериши одамни ҳушёрликка чорлайди.

Ҳарқалай эҳтиёт бўлайлик.
Қодировдан бундай халқпарвар фикрларни ҳали кўп бор эшитамиз ва бора-бора ажабланмай ҳам қоламиз. Эсингиздами, бундан бирмунча олдин ҳурматли депутатнинг Россиядан қайтаётиб, чегарада қолиб кетган ватандош гастербайтерларни Ўзбекистонга киритмаслик ташаббусини кўтариб чиққан эди.

Канални дўстларингизга ҳам улашинг @reporter_uzbekistan