Get Mystery Box with random crypto!

SOS! «Миллий тикланиш”чилар уйғонинг! Журналистларимизнинг зи | REPORTER

SOS! «Миллий тикланиш”чилар уйғонинг!

Журналистларимизнинг зийрок нигоҳи туфайли кейинги кунларда маданий ҳаётимиз, бойлигимизга устма-уст қилинган учта тажовуздан хабар топдик. Маданий мерос объектларига уюштирилган тажовузларга нисбатан жамоатчилик ўз эътирозларини баён этишмоқда. Маданият вазирлиги имкони қадар варварлар билан олишяпти.

Аммо ўзининг асосий мақсади:
– барқарор миллий ривожланишни таъминлаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш, маънавий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналар, бой тарихий меросни сақлаш ва бойитиш, мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш;
– Ўзбекистон Республикаси фуқароларида миллий ўзликни англаш ҳиссини ошириш, миллий ғурур, Ватанга садоқат ва муҳаббат туйғусини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш;
– ўз сафида юртнинг ватанпарварларини бирлаштириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини Ўзбекистон манфаатлари ҳамда унинг халқаро обрў-эътиборини ошириш йўлида сафарбар этиш;
– ёшларни миллий мустақиллигимиз, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш руҳида тарбиялаш, ўзлари қизиққан касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашиш ҳамда ёшлар онги учун зарарли бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишга ҳисса қўшиш, уларнинг Ватан равнақи йўлидаги амалий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, - бўлган “Миллий тикланиш” партияси жим.

Хивада 1832–38 йилларда қурилган, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Тошҳовли саройининг девори ўзбошимчалик билан бузиб ташланди. Милоддан аввалги IV аср охири – милодий II асрларга оид Марказий Осиёдаги антик даврнинг энг қадимий намуналаридан бири саналган Сурхондарё вилоятидаги Кампиртепа (Окс Александрияси) археологик ёдгорлиги қўпорилди.

1947 йили иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба шарафига ўрнатилган ва Тошкент рамзига айланган 30 метрлик Тошкент курантига аллақандай “эстет” қизил боғич боғлади.

Бу ваҳшиёна ҳаракатлар Тошҳовли қад кўтарган ер тагида сув қочиши сабаб қадимий ҳовли девори оғгани ва эрта-индин қулаб тушиши, Кампиртепа деворлари эса ёмғирнинг кўп ёғиши, Курантга илинган қизил боғич эса байрамона безак сифатида оқланди.

Бу ҳақда нафақат халқимиз, балки тили, дини бошқа халқлар вакиллари фаол фуқаролик позияциясини баён этмоқда, аммо халқ руҳияти, маданиятининг нафис торларини қалқон қилиб , депутатликка сайланган партия вакиллари жим!

Халқимиз тарихининг ажралмас бўлакларига айланган, маданий мерос бойлиги сифатида рўйхатга олинган ва алоҳида қўриқланадиган иншоотлар теварагида рўй берган воқеалар ҳали вери “Миллий тикланиш”чиларни ғафлат уйқусидан уйғотолмаяпти.

Мени “Миллий тикланиш”чиларнинг нафақат сўнгги ҳодисалар юзасидан, балки бошқа тарихий обидаларга қилинган ҳужумларга нисбатан ҳеч қандай реакция билдирмаслиги таажжубга солади. Ахир партия ўзининг асл вазифаларидан келиб чиқиб бонг уриши ва жамоатчилик эътиборини муҳим ижтимоий-сиёсий муаммоларга қаратиши, бу муаммоларни партиявий ва қонунчилик воситалари орқали ҳал этиш йўлларини кўриши керак эди.

Лекин улар пинагини ҳам бузишмаяпти. Бу партия учун шармандали ва кечирилмас ҳол! Мана шу жимлиги учун сайловчилари олдида узр сўраши лозим!

Ахир партия лидери, кимсан, парламент спикерининг ўринбосари. Партия маданий мерос объектларига бўлаётган тажовузкорона хатти-ҳаракатларни тийиб қўйиш мақсадида “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ижросини фракция ва қўмиталар, Олий Мажлис мажлис йиғилишлари кун тартибига киритиши, мутасаддилардан ҳисобот талаб қилиши ва тегишли чораларни кўриши мумкин-ку.

Партия лидери иқтисодиёт ҳақида ажабтовур фикрлар билдириши ўрнига одамларнинг, мутасаддиларнинг, жойлардаги раҳбарларнинг маданий мерос объектларига нисбатан ёндашувларини фаол шакллантириш, доимий эътиборини тортиб туриш учун оммавий-маърифий, илмий анжуманлар ташкил этишга бағишласа яхши бўлармиди?!.

Канални дўстларингизга ҳам улашинг @reporter_uzbekistan