Get Mystery Box with random crypto!

Нима бизга Тожикистону Қирғизистон Ўзбекистон жиноий фаолиятд | REPORTER

Нима бизга Тожикистону Қирғизистон

Ўзбекистон жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш рейтингида 141 мамлакат ичида 43-ўринни эгаллади.

Мазкур рейтинг (Basel AML Index), маълумки, Базель давлат бошқаруви институти томонидан тузилади.

Ўзбекистон 5,71 балл тўплаб, Тожикистон ва Қирғизистонни ортда қолдирди. Бизни юпатадигани Қозоғистоннинг кўрсаткичи – қозоқ бовурларимиз 71-ўринни эгаллаган ва бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир.

Экспертларнинг фикрига кўра, пул ювишга қарши курашишда Эстония, Aндорра, Финляндия ва Болгарияда яхши ишлар олиб борилмоқда.

Рейтинг бешта мезон асосида тузилади: жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш тизимининг сифати, порахўрлик ва коррупция даражаси, молиявий шаффофлик ва стандартлар, ижтимоий шаффофлик ва ҳисобдорлик, ҳуқуқий ва сиёсий хатарлар.

Ушбу беш йўналишдаги кўрсаткичлар 15 та манба - FATF, Transparency International, Жаҳон банки, Жаҳон иқтисодий кенгаши каби нуфузли ташкилотлар маълумотларига асосланиб тузилади.

Базель давлат бошқаруви институти расмий ва очиқ манбаларга, эксперт хулосаларига асосланиб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш индекслари тўғрисидаги ҳисоботларни нашр этадиган, шунингдек, дунё бўйлаб ноқонуний молиявий оқимларни таҳлил қиладиган халқаро ташкилотдир.

Ҳушёр фуқаролик мавқеига эга ватандошларимиз республикамизда жиноий фаолиятдан олинган даромадлар қандай суръатларда легаллаштирилаётганидан сизни хабардор қилиб бормоқда. Атрофимизда кечаётган жараёнларни кузатиб, фош этилаётган маълумотларга эътиборсизлик мамлакатимизнинг бизнес муҳит даражасини белгилаб берувчи бу рейтингдаги ўрни яқин орада яхшиланишига умид уйғотмайди. Аҳён-аҳён бир марталик ўтказиладиган тадбирлар, мажлислар ва бошқа имитациялар рейтингни яхшиламайди.

Чўнтагидаги 100 доллари билан чет элда фирма очиб, даромадларини солиқдан яшириб, қалбаки шартномалар асосида қилинмаган иш учун пул ундириб бойиган ватандошларимиз инвестиция ниқоби остида йирик давлат аҳамиятига молик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Давлат эса уларни уялмай-нетмай, охирини ўйламай ишбилармон сифатида тақдим этиб, елкасини силамоқда. Ноқонуний топилган пул маблағларини легаллаштириш мамлакатимиздаги бизнес муҳитни бузадиган асосий жиҳатдир, хорижий инвестициялар йўлига тўғаноқдир. Аҳолининг давлат институтларига бўлган ишончсизлиги асосидир. Мамлакатнинг маданийлик даражасини белгиловчи омиллардан биридир.

Канални дўстларингизга ҳам улашинг @reporter_uzbekistan