Get Mystery Box with random crypto!

“Ўзбекгидроэнерго” – биринчи Республикамиздаги ишлаб чиқариш | REPORTER

“Ўзбекгидроэнерго” – биринчи

Республикамиздаги ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ биринчи бўлиб, катта учликка кирувчи “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг кредит рейтингига эга бўлди.

“Ўзбекгидроэнерго”нинг халқаро бозорларга чиқиш ҳаракати ва бу йўналишдаги муваффақияти нафақат компания ишчи-хизматчилари, балки халқимизнинг ишлаб чиқариш салоҳиятига ҳам оптимистик руҳ бағишлади.

“Бу “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 21 июлдаги “Ташқи молиялаштириш манбаларини диверсификациялаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4611-сон қарорлари ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилган ишлар самараси”, деди акциядорлик жамияти Ахборот хизмати раҳбари Равшан Байкулов.

Унинг сўзларига кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ижро аппарати тизимида жорий йилнинг март ойида “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари”(МҲХС) бўлими ташкил этилиб, дунёнинг етакчи “тўртлик” аудиторлик ташкилотига кирувчи “PricewaterhouseCoopers” халқаро аудиторлик ташкилоти билан ҳамкорлик асосида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ молиявий фаолияти халқаро стандартлар талабларига биноан аудиторлик текширувидан ўтказилди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва унинг тизим корхоналарининг 2017-2019 йиллар МҲХС асосида тайёрланган “биринчи татбиқ этилган” консолидацияланган (умумлашган) молиявий ҳисоботига “PricewaterhouseCoopers” халқаро аудиторлик ташкилотининг ижобий хулосаси олинди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ўзининг молиявий барқарорлиги ва инвестицион жозибадорлигини аниқлаш, халқаро кредит рейтингини олиш учун “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги билан ҳамкорлик ўрнатди.

Агентлик экспертлари “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг нафақат молиявий-иқтисодий ҳолатини ўрганди, балки унинг корпоратив бошқарув тизимини, бизнес стратегиясини, ички норматив ҳужжатларининг юритилиши ва бошқа йўналишларни чуқур таҳлил қилди.

“Fitch Ratings” “Ўзбекгидроэнерго” АЖга “B+” (барқарор) даражадаги халқаро кредит рейтингини тақдим этди.

Мазкур рейтинг даражаси “Ўзбекгидроэнерго” АЖни халқаро инвестиция бозорида аниқ ва равшан бизнес стратегиясига, шаффоф молиявий ҳисоботларига ва кучли корпоратив бошқарув тизимига эга биринчи ўзбек ишлаб чиқарувчи корхонаси сифатида танитади.

Тақдим этилган рейтинг баҳоси “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг иқтисодий барқарорлигини янада оширишга шароит яратади ҳамда инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда хорижий кредит ва инвестицияларни давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри жалб қилиш имконини беради.

Компания пресс-релизида таъкидланишича, “Fitch Ratings” томонидан тақдим этилган халқаро рейтинг (“B+” (барқарор)) келгусида “Ўзбекгидроэнерго”нинг ўз евробондларини Лондон фонд биржасида муваффақиятли жойлаштиришида яхши шароит яратади.

Канални дўстларингизга ҳам улашинг @reporter_uzbekistan